islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фиқҳ илмидаги фойдалар силсиласи: Тақлидни инкор қилувчиларнинг нақлий далиллардан далилланишига жавоблар

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан:

اغْدُ عالما أو متعلِّمًا، ولا تَغْد إمَّعة فيما بين ذلك

“Олим ёки ўрганувчи бўл. Иккаласи ўртасида фикрсиз одам бўлма”, деган гап ривоят қилинган. Улар айтишадики, фикрсиз одам мен сен биланман, деб, динини оят ва ҳадисга боғламай, одамлар дин борасида нима деса, шуни кетидан юрадиган инсондир.

Улар бундан хато далилланишган. Чунки, бошқа бир ўринда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан:

قال: لا يكون أحدكم إمَّعة، قالوا: وما الإمَّعة يا أبا عبد الرَّحمن؟ قال: يقول: إنَّما أنا مع النَّاس، إن اهتدوا اهتديت، وإن ضلُّوا ضللت، ألَا ليوطِّن أحدكم نفسه على إن كفر النَّاس، أن لا يكفر

“У киши: “Бирингиз фикрсиз одам бўлмасин”, деди. Одамлар: “Фикрсиз одам нима дегани, эй Абу Абдураҳмон?” деб сўрашди. У: “Мен ҳар доим одамлар билан биргаман, улар иймон келтирсалар, иймон келтираман ва залолатда юрсалар, залолатда юраман, дейдиган киши. Огоҳ бўлинг, ҳар бирингиз ўзини одамлар куфрга кетганида куфрга кетиб қолмасликка ўргатсин”, дея жавоб берди”, деб ривоят қилинган.

Шундай экан, у кишининг юқоридаги гапидан баҳс юриталаётган тақлид мавзуси эмас, балки мусулмон киши бошқасини ёмонликда ўрнак қилиб олмаслиги назарда тутилган. Зеро, бундай ўрнакни ҳеч бир мусулмон маъқулламайди.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган гапга тепадаги каби жавоб берилади:

قال: إياكم والاستنان بالرجال

“Одамларнинг йўлини тутиб олишдан сақланинг”. Чунки, у зот мана шу гапларининг давомида:

فإن الرجل يعمل بعمل أهل الجنة ثم ينقلب – لعلم الله فيه – فيعمل بعمل أهل النار

“Киши жаннат аҳлининг амалини қилади. Сўнгра Аллоҳ тақдирда битиб қўйгани учун ўзгаради ва дўзах аҳлининг амалини қилади”, деган бўлсалар, охирида:

فإن كنتم لا بد فاعلين فبالأموات لا بالأحياء

“Агар (тақлид) қилишингиз лозим бўлса, тирикларга эмас, ўликларга (тақлид) қилинг”, деганлар. Демак, ҳазрати Алининг бу гаплари тақлид қилмасликка эмас, балки тақлиднинг жоизлигига далолат қилади. Чунки, агар тақлид ҳаром бўлганида у зот ўликларга тақлид қилишни ҳам жоиз санамаган бўлардилар.

Улар Умар розияллоҳу анҳунинг мана бу гаплари билан далилландилар:

من قام منكم فليقم بكتاب الله، وإلا فليجلس فإنكم قد حدثتم الناس، حتى قيل قال فلان وقال فلان، وترك كتاب الله

“Сизлардан қайси бирингиз қоим бўлса, Аллоҳнинг китоби билан қоим бўлсин. Бўлмаса, жим ўтирсин. Чунки, сизлар одамларга гапирганингиз сабабли “фалончи ундай деди, фалончи бундай деди”, дейилиб, Аллоҳнинг Китоби тарк қилинди”.

Ҳазрати Умарнинг бу гапларида тақлидни йўқ деювчиларга ҳеч қандай далил йўқ. Чунки, бунда тақлид на инкор қилинган ва на исбот қилинган.

Шунингдек, Али розияллоҳу анҳунинг:

الناس ثلاثة: فعالم ربـّاني، ومتعلـّم على سبيل نجاة، وهمج رعاع: أتباع كلّ ناعق، يميلون مع كلّ ريح

“Одамлар уч турли бўлади: раббоний олим, нажот йўлидаги толиби илм ва жоҳил аҳмоқ. (Охирги тоифадагилар) ҳақ билан ботил ўртасини фарқламайдиганларга эргашувчи ва шамол эсган томонга мойил бўлувчи бўладилар”, деган гапларида ҳам тақлидни ботил эканига далил йўқ. Чунки бунда мужтаҳид имомларга тақлид қилишдан қайтарилмагани кўриниб турибди.

Худди шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

عَن عبد اللَّه بن عمر قَالَ سَمِعتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم يَقُول (إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ لَا يَقْبِضُ الْعِلْمِ انْتِزاعًا يَنْتَزِعُهُ مِن الْعِبَادِ، وَلَكِنْ يَقْبِضُ الْعِلْمَ بِقَبْضِ الْعُلَمَاء حَتَّى إِذا لم يُبْقِ عَالِمًا اتَّخَذَ النَّاسُ رُؤَسَاءَ جُهَّالًا فَيُسْأَلُوا، فأَفْتَوْا بِغَيْرِ عِلْمٍ فَضَلُّوا وَأَضَلُّوا).

“Албатта, Аллоҳ таоло бандалардан илмни суғуриб олиш билан олиб қўймайди. Балки, илмни уламоларни олиш орқали тортиб олади. У бирорта олимни қолдирмаганида одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Улардан сўралганда илмсиз фатво бериб, адашадилар ва адаштирадилар”, деган сўзларида ҳам тақлидни ботил деб айтувчиларга далил йўқ. Чунки бу ҳадисда тақлид ҳақида гап йўқ.

Аслида, бу ҳадисда тақлиднинг жоиз эканига далолат бор. Чунки, унда олимлар борлигида уларга эргашиб, тақлид қилишдан қайтарилмаган. Балки, улар қолмаганидан кейин одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олиб, уларга эргашиб кетиши қораланмоқда. Демак, бундан олимларни бошлиқ қилиб олиш жоизлиги билинади. Бошлиқ қилиб олиш эса, тақлид билан бўлади.

Имом Абу Довуд ва Ибн Можалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

منْ أفتي بفُتيا غيرِ ثبتٍ فإنما إثمهُ على منْ أفتاهُ

“Ким мустаҳкам бўлмаган фатвони айтса, унинг гуноҳи фатво берган кишига бўлади”, деганлар. Улар айтишадики, бу ҳадисда тақлид ила фатво беришни ҳаром эканлигига далил бор. Чунки, муқаллидда ҳужжат бўлмайди. Шунинг учун унинг фатвоси мустаҳкам эмас. Фатво эса ҳужжат асосида берилиши лозимлигига иттифоқ қилинган.

Уларнинг муқаллиднинг фатвосини илмсиз фатво бериш, дейиши хато гап. Чунки, бу фатво муқаллиднинг эмас, балки мужтаҳиднинг фатвоси ҳисобланиб, муқаллид уни нақл қилиб бермоқда, холос. Мужтаҳид имом эса ҳужжатсиз фатво бермайди. Демак, муқаллдининг фатвоси улар ўйлаганидек ҳужжатсиз эмас, аксинча, айни ҳужжатли фатводир.

Қолаверса, ҳадис тақлид жоиз эканига далолат қилади. Зеро, тақлид жоиз бўлмаганида, фатвонинг гуноҳи муфтийга эмас, балки фатво сўрагувчига бўлар эди. Чунки, у фатвога тақлид қилган ва ҳаром ишни қилиб қўйган бўлар эди.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов

341950cookie-checkФиқҳ илмидаги фойдалар силсиласи: Тақлидни инкор қилувчиларнинг нақлий далиллардан далилланишига жавоблар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: