islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ТАЗКИЯ ВА ТАРБИЯ: ВАҚТИНГИЗ ҲАЁТИНГИЗ

Гуноҳни бутунлай тарк қилинг

Баъзида инсон гуноҳ қилиб қўяди. Шунда иймони унга буни қайтиб қилмасликка буюради. Шайтони эса ундан яна бир марта лаззатланиб, кейин бутунлай тарк этишига чақиради. Инсон унинг гапига кириб, ўша гуноҳни яна бир бор қилади. Шайтон-чи?! У тўхтамайди. Яна ва яна келиб, ҳалиги гуноҳга ундайверади, унинг “яна бир гал”и тугамайди. Охир оқибат тавба кейинга сурилиб қолиб кетади.

Ҳа, шайтоннинг мўминларни тузоққа тушириш йўлида ишлатган хатарли ҳийлаларидан бири мана шу, яъни улар гуноҳларни бутунлай тарк этишларига йўл қўймаслигидир. Балки, ўша гуноҳларни зийнатли кўрсатиб, қалбда ҳасрат қолмасин дея яна бир бор қилиб кўришлари, такрор қўл уриб, кейин тавба қилса бўлишини қалбига солади. Шу боис гуноҳ қилган инсон учун муносиб йўл шуки, нафсига қаттиқ босим ўтказиб бўлса-да, ўша гуноҳ ишни дарров тарк қилимоғи лозим.

Шайх Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: “Бу ўта хатарли алдовдир. Чунки мўмин киши иймони ва тақвоси туфайли маъсият яқинига боришга журъат қилмайди. Лекин, агар бирор гуноҳни бир марта қилиб кўрса, ундаги маъсиятларни тўсиб турган иймоний оташ ўчади. Шу билан у бошқа ва бошқа гуноҳларга қўл ура бошлайди. Маъсият ҳеч қачон инсонни тўйдирмайди. Инсон гуноҳни яна қайта қилиш билан ундан тўйгани ёки зерикканидан тарк қилишга бормайди. Балки, маъсиятнинг табиати, у ёнига бошқа кўпгина гуноҳларни чақиради. Уни теридаги қўтирга ўхшатиш мумкин. Инсон уни қашлаб роҳатланади-ю, лекин бу қашлаш қўтирларни кўпайтириб, касалликни кучайтириб юборади”.

Қизиқ воқеа

Отам раҳматли тавба умидида гуноҳ қилиб юрганларни ҳашоратлар чаққанда ўқиладиган руқяни билишига ишониб, ўзини чаёнга чақтирган инсонга ўхшатардилар. Бу тўғрида Девбанд “Дорул улум”ида ишлаб юрган кезларида содир бўлган ажойиб бир воқеани айтиб бергандилар. Кечқурун отам чироқ нурида иш қилиб ўтирганларида онам бир юмушлари туфайли нариги хонага чиқмоқчи бўлганлар. Лекин, ҳашоратлар чақиб олишидан қўрқиб, чироқни сўраганлар. Уйда биргина чироқдан бошқаси бўлмаган. Қилаётган ишларига кимдир халақит бериши отамга маъқул келмасди. Шунда у киши онамга: “Чақса зарари йўқ. Чунки мен унга қарши руқяни биламан”, деганлар. Ўша уйга чироқсиз кирган онамни Аллоҳнинг тақдири билан чаён чақиб олибди. Отам қайта-қайта руқя ўқисалар ҳам, заҳарнинг таъсири кетмабди. Тажрибадан ўтган, одамларга ўқиганларида зарарни кетгазган бошқа йўлларни қилиб кўрсалар ҳам, фойда бермабди.

Отам бу воқеадан учта дарс олганларини айтардилар:

1) Инсон ўзини олий санаб, худди Аллоҳга эҳтиёжи йўқдек катта гапирмаслиги керак;

2) Руқя, дори воситалари, борингки, ҳамма нарса қанчалик тажрибадан ўтган таъсирли бўлишига қарамай, таъсир этишда Аллоҳнинг иродасига муҳтождир;

3) Бу воқеа ҳали тавбага фурсат топишига ишониб, гуноҳ қилаётган инсоннинг мисолидир. Худди руқя ёрдамга келмаганидек, гуноҳ қилиб юрган инсонга тавба фурсати топилмаслиги, балки ундан олдин ўлим келиб қолиши мумкин. Борди-ю, тавба қилишга вақт қолган тақдирда ҳам Аллоҳ унга тавбага тавфиқ беришига ким кафил бўлади. Балки Аллоҳ унинг тавбага қасд қилишидан уни маҳрум қилиб қўйиши мумкин. У эса кейин тавба қилиши ва Аллоҳ уни кечиришига ишониб, кўра-била туриб ҳаром ва қайтарилган амаллардан тўхтамайди.

Нима бўлганда ҳам, вақт ўтаверади, тўхтамайди. Инсон уни ғафлат билан ўтказмаслиги керак. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соғлик лаҳзалари ва бўш вақтни ғанимат билишга чақирганлар. Бирор мусибат, касаллик ёки ўлим сабабли амал қилишга қодир бўла олмайдиган кун келишидан олдин охират захираси учун ҳаракат қилишга чорлаганлар.

Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг

асар ва мақолалари асосида

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”

кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов

341990cookie-checkТАЗКИЯ ВА ТАРБИЯ: ВАҚТИНГИЗ ҲАЁТИНГИЗ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: