islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Кун тартибингизга қандай бардавом бўласиз?

Ҳар бир амални вақтида адо этинг. Қалбингизда хотиржамлик ҳис этиб, кейин бошлайман, деган фикрни йўқотинг. Масалан, бир вақтни Қуръон тиловатига ажратгансиз, шу вақт келганда мусҳафни қўлингизга олиб тиловатни бошланг. Баъзан рағбатингиз бўлмас ёки мудроқ босар ёхуд дангасалигингиз тутар, нима бўлганда ҳам қасдингизда туринг. Ўзингизга, албатта, сен шуни амалга оширишинг керак, деб айтинг. Шу йўсинда давом этиб турсангиз, кунлар ўтиб, бу амал нафсингизга ўрнашиб, доимий одати каби бўлиб, осонлашиб қолади, иншааллоҳ.

Шайх Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Осон иш ҳикмат ҳамда эҳсоннинг мағзи ва хулосасидир. Энди агар бирор тоатни адо этишда сизда дангасалик пайдо бўлса, унга қарши курашиб, ўша тоатни адо этмоғингиз керак. Шунингдек, бирор маъсиятни тарк этмоқчи бўлсангиз, унга қарши туриб, ўша маъсиятдан йироқ бўлмоғингиз лозим”.

Демак, нафс майли ва интилишларига қарши туриш лозим. Баъзан, унинг бош тортишига қарамай уни қилмоқчи бўлган амалингизга мажбурлаш керак. Шу билан кўзланган мақсадингизга эришасиз, иншааллоҳ. Аллоҳ таоло айтади:

أَحَسِبَ ٱلنَّاسُ أَن يُتْرَكُوٓاْ أَن يَقُولُوٓاْ ءَامَنَّا وَهُمْ لَا يُفْتَنُونَ

Одамлар: «иймон келтирдик», дейишлари билангина имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйибқўйилишларини ўйладиларми?!” (Анкабут сураси 2-оят).

Муаммоимиз шуки, кўпчилигимизда тартибли вақт ва режали амал йўқ. Олдиндан режаламай йўлиқиб қолганимиз амални, дуч келганимиз машғулотни бажариб кетаверамиз. Шу тарзни қўллаб, мўътадил йўлдан чиқамиз, оз вақт сарфлашимиз мумкин бўлган ишларга кўп вақт кетказамиз ёки аксинча.

Баъзиларимиз вақтини тартиблаб, ишларини режалаб олгандир, аммо, уларда шунга бардавомлик йўқ. Дангасалик ёки арзимас сабаб, ҳатто бирор сабабсиз ҳам тузган тартибларига амал қилмайдилар. Во ажаб! Қачонгача дангасалик ва хоҳишлар қуллари бўлиб қоламиз? Оҳ, қандай ҳасрат?! Дангасалик ва бефарқлиқ ҳолимизда ўлимга йўлиқсаг-а?! Қачон биз Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ўлимдан олдин тириклигингизни ғанимат билинг”, деган гапларини эътибор ва бўйсуниш ила қабул қиламиз?! Ғафлатдан огоҳланиб, вожибларимизни адо этишимизга ким кафил бўларкан-а?!

Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг

асар ва мақолалари асосида

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”

кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов

349670cookie-checkКун тартибингизга қандай бардавом бўласиз?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: