“Эй, Бағдод аҳли, мен тирик эканман Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга бирор киши ёлғон тўқишини ҳаёлингизга ҳам келтирманг.”,
Мана шундай жасорат соҳиби, Абулҳасан Али ибн Умар ибн Аҳмад ибн Маҳдий ибн Масъуд ибн Нўъмон Бағдодий Дорақутний ҳижрий 306-йил, зулқаъда ойининг бешинчисида Бағдод шаҳрининг машҳур «Дорал-қутн» маҳалласида туғилганлар[1].
У зотнинг оилалари ҳақида бирор бир манбада тўлиқ маълумот берилмаган. Лекин отаси Умар ибн Аҳмад ибн Маҳдий Бағдодий ҳақида «Дорал-қутн»қишлоғининг илмли кишиларидан бири бўлганлиги, шу билан бирга Дорақутнийнинг қироъат шайхларидан бири эканлиги ривоятлар ва манбаларда кўрсатилган. Шунингдек, у ҳадис илмидан биринчи сабоқларини ҳам оталаридан олган. Зеро, Имом Дорақутний ўзинин “Сунан”ида бир неча ҳадисларни оталаридан ривоят қилган[2].
Имом Дорақутний эътиқод борасида салафи солиҳларга эргашган ва бидъатчиларнинг бидъатларидан ўзоқда бўлганлар. Бу нарса у зотнинг китоблари ва у кишидан ҳадис ҳамда унинг илми борасида ривоят қилинган сўзларида билиниб туради. Абулҳасан Дорақутний ақидани ўз масдари, яъни Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан олганлар.
Имом Дорақутний ақида борасида бир неча китоблар ёзганлар. Жумладан “Китоб аҳодису сифот”,“Китоб нузул”, “Китоб руъя” каби китобларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Мазкур китобларда муаллиф ақидавий масалаларни салафларнинг йўлларига мос тарзда баён қилганлар.
Имом Дорақутний ёшлигидан ўзининг зийраклиги ва зеҳнининг ўткирлилиги ва ўта кучли фаҳми билан ном қозонганлар. Ҳатто у зот ҳақида айтилган баъзи ривоятларда ақли ва заковати инсонларни ҳайрон қолдирадиган даражада ўткир эканлиги таъкидланган.
Шу ўринда Имом Дорақутний ўта камтар, тақводор, илмни фақат эзгулик йўлида эгаллаган ва тарқатган олимлардан бири бўлганлигини айтиб ўтишимиз лозим. Шогирдларини орасида улардан ўзини айри ҳолда тутмай, балки уларнинг биридай камтарин ҳолда юрар эдилар. У зотнинг тавозу ва камтарликларига яна бир ёрқин мисол қилиб Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Сурийни ривоятини келтирамиз; “Менга Абдулғани ибн Саийд айтиб берди; “Мен муъталаф ва мухталаф номли китобимни ёзишни бошлаганимда олдимга Абулҳасан Дорақутний келди. У зотдан жуда кўп нарсаларни ўрганиб китобимга қайд қилдим. Китобни ёзиб битирганимдан сўнг мендан уни ўқиб беришни сўрадилар. Мен “Бу китобни аксар қисмини сиздан ўргандим-ку”, деб айтдим. Шунда у зот,“йўқ, ундай эмас, чунки мендан сўраганларинг тарқоқ ҳолатда эди, сен эса уни жамладинг ва яхлид бир китоб ҳолатига келтирдинг, бундан ташқари бу китобда сен ўз шайхларингдан олган кўп илмлар бор”, дедилар. Сўнг мен унга китобни ўқиб бердим”[3].
Абулҳасан Дорақутний юқорида таъкидлаб ўтганимиздек ҳижрий IV асрда яшаб ижод қилганлар. Бу вақтлар эса мусулмонлар ҳаётида жуда кўп машаққатлар пайдо бўлган давр ҳисобаланади.
Дорақутний яшаган аср бир қитъадан иккинчи қитъага, бир шаҳардан бошқа бир шаҳарга илм талаб қилиб уюштирилган сафарларнинг кўплиги билан ҳам ажралиб туради. Шунингдек, бу давр исломий диёрлардан етишиб чиққан олимларнинг кўплиги ва ҳадис ҳофизларининг сон-саноқсизлиги билан ҳам ўзига хос ўрин тутади.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, Абулҳасан Дорақутний яшаган давр гарчи сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан нотинч ва беқарор бўлган бўлсада, бу нарса исломий ва шаръий илмларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсата олмаган. Аксинча, айнан шу нарсанинг ўзи баъзида кишиларни илм олишга ундаган.
Абулҳасан Дорақутний илмни мана шундай даврда олганлар. У зот илм талаб қилишни ёшлигадан бошлади. Айни мана шу вақтда Аллоҳ таолонинг шариъати илмини ўз зиммасига олиш учун масъулият ҳисси ва ўз ўрнида шунга яраша қобилият у зотда зоҳир бўла бошлади. Инсонлар бу зот келажакда буюк инсон бўлиб етишишлари ҳақида кўп гапиришар эди. Бу ҳақида Имом Дорақутнийнинг ўзлари; “Мен ва Каттоний биргаликда шайхлардан ҳадис эшитар эдик. Инсонлар Каттоний муҳаддис Дорақутний муқриъ бўлади деб айтишар эди. Каттоний муқриъ бўлди мен эса муҳаддис бўлдим”[4], деб айтадилар.
Дорақутний ёшлигидан ўткир зеҳн ва фаҳм соҳиби деб ном қозонган. Хатиб Бағдодий у ҳақида: «Ўз асрининг энг юксак илм соҳибидир», деган. Илмларни, хусусан ҳадисларни ёд олишда беназир бўлган ва натижада «ҳадиснинг амири» деган унвон олган.
Имом Дорақутний илм олишни салафларнинг суннатларига ва одатларига мувофиқ аввал ўз шаҳри олимларидан ҳамда шу шаҳарга илм сафари билан ташриф буюрган буюк шайхлардан олганлар. Ёши йигитлик вақтига етгач илм таҳсил қилиш мақсадида турли диёрларга сафар уюштира бошладилар. Лекин аҳамиятлиси шундаки, илм излаб борган диёрларидаги кўп толиблар ва ҳатто баъзи олимлар ҳам у зотдан баъзи нарсаларни ўрганганлар. Сўнгра бошқа шаҳарга сафар қилаётганларида эса бу диёр аҳли бундай уламодан ажралаётганлиги туфайли маҳзунлик ҳиссини туяр эди. Хоссатан бу нарса Куфа ва Мисрга қилган сафарларида намоён бўлади.
Имом Дорақутний илмий сафар уюштирган шаҳарлар қуйидагилар;
- Куфа Восит.
- Басра . Шом.
- Дамашқ. Макка.
- Хузистон[5]. Фаластин ва бошқалар.
Мана шу диёрларга қилган сафарлари мобайнида Имом жуда кўп шайхлар билан учрашганлар ва улардан илм таҳсил қилганлар. Жумладан:
- Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Баҳлул,
- Аҳмад ибн Салмон,
- Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Ваҳб,
- Аҳмад ибн Саийд Ҳамадоний,
- Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Сулаймон,
- Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Шайба,
- Аҳмад ибн Саннон,
- Аҳмад ибн Иброҳим ибн Ҳабиб,
- Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Баҳлул,
- Аҳмад ибн Шуъайб ибн Солиҳ Бухорий,
- Аҳмад ибн Муҳаммад Абдулкарим (Абу Толҳа Фазорий),
- Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Сулаймон (Абу Зар Воситий),
- Иброҳим ибн Аҳмад ибн Ҳусайн Қирмийсий,
- Иброҳим ибн Ҳаммод,
- Иброҳим ибн Дабийс ибн Аҳмад Ҳаддод,
- Иброҳим ибн Муҳаммад Умарий,
- Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Яҳё,
- Иброҳим ибн Язийд,
- Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Батҳо,
- Исҳоқ ибн Идрис ибн Абдураҳим Муборакий,
- Қози Ҳусайн ибн Исмоил Маҳомилий ва ҳаказо[6].
Дорақутний ўзининг “Сунан” китобида зикр қилган шайхларининг сони икки юздан ортиб кетади.
Қуйида Дорақутнийнинг устозлари бўлган бу олимларнинг баъзилари ҳақида қисқача тўхталамиз.
Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соъид. Ҳижрий 228 йилда таваллуд топганлар. Ёшлари ўн бир ёшга етганда ҳадис ёза бошлаганлар. 318 ҳижрий йилда Куфада вафот этганлар ва ўша ерга дафн қилинганлар.
Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соъиднинг устозлари; Муҳаммад ибн Сулаймон Лувайн, Аҳмад ибн Манийъ Бағавий, Саввор ибн Абдуллоҳ Анбарий, Яҳё ибн Сулаймон ибн Назла, Абу Ҳуммом Саккуний, Ҳорун ибн Абдуллоҳ Ҳаммол, Абу Аммор Ҳусайн ибн Ҳурайс ва бошқалар.
Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соъиднинг шогирдлари; Абу Қосим Бағавий, Муҳаммад ибн Умар Жиобий, Муҳаммад ибн Музаффар, Дорақутний, Ибн Ҳубоба, Абу Тоҳир Мухаллас, Абдураҳмон ибн Абу Шурайҳ, Абу Муслим Каттоб[7].
Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соъид ҳақида олимлар турли ижобий фикрларни билдирганлар. Жумладан Ахмад ибн Абдон Шерозий; “У ҳадисни Боғандийдан кўп билар эди. Дироят борасида бирор киши унинг олдига туша олмас эди.”
Абу Али Нийсобурий айтадилар “Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соъид даврида фаҳм борасида ундан ўзадигани йўқ эди. Фаҳм эса бизда ҳифздан кўра яхшироқдир. Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соъид фаҳм ва ҳифз борасида Абу Довуддан устун эди”[8].
Абу Бакр Нийсобурий. Ҳижрий 237 йилнинг бошида Нийсобур шаҳрида дунёга келган. Илм излаб Ироқ, Шом, Миср каби шаҳарларга сафар қилганлар. Сўнг Бағдодни ўзларига маскан қилиб, ўша ерда истиқомат қилганлар ва шу жойда ҳадис фанидан дарс берганлар. Ҳижрий 324-йили вафот этганлар.
Абу Бакр Нийсобурийнинг устолари; Муҳаммад ибн Яҳё Заҳлаъий, Аҳмад ибн Юсуф Суламий, Аҳмад ибн Азҳар, Аҳмад ибн Ҳафс ибн Абдуллоҳ ибн Ҳошим Тусий, Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Ишкоб, Ҳасан ибн Муҳаммад Заъфароний, Аҳмад ибн Мансур Роммадий ва ҳаказо.
Абу Бакр Нийсобурийнинг шогирдлари; Дорақутний, Даълаж ибн Аҳмад, Абу Амр Ҳайюя, Муҳаммад ибн Музаффар, Ибн Шоҳийн, Умар ибн Иброҳим Каттоний, Юсуф Қаввос, Абу Тоҳир Мулаххас ва бошқалар.
Абу Бакр Нийсобурий ҳақларида имом Дорақутнийнинг ўзи қуйидагиларни айтганлар; “шайхларимизнинг орасида унинг мислини кўрмаганмиз. Матн ва санадларни ҳам у каби ёдлаганлар йўқ эди. Матнлардаги зиёдаларни билар эдилар”[9].
Хатиб Бағдодий айтадилар; “Абу Бакр Нийсобурий фиқҳни яхши биладиган пухта ҳофиз эди. Шу билан бир қаторда ривоятида ўта ишончли эди”[10].
Исмоил Маҳомилийнинг устозлари. Юсуф ибн Мусо Қаттон, Абу Ҳишом Рифоъий, Яқуб ибн Иброҳим, Ҳасан ибн Саббоҳ Баззор, Амр ибн Али Фаллос, Муҳаммад ибн Масний Анбарий, Абу Ашъас Ижлий, Исҳоқ ибн Баҳлул Танухий, Ҳасан ибн Шозон Воситий, Исҳоқ ибн Ҳотам Мадоиний, Абдураҳмон ибн Юнус Саррож, Абу Ҳузофа Саҳмий ва бошқалар.
Табийки, Дорақутнийдан ҳам илм олиб, унга шогирд бўлиб талаби илм қилган инсонлар хам сон саноқсиз бўлган. Чунки бу Имом жуда кўп исломий диёрларга сафар уюштирган ва номи бутун ислом оламига машҳур бўлган. Шу сабабли имом Заҳабий Дорақутнийнинг шогирдларини зикр қилиб, “Бағдод, Миср, Дамашқ, ва бошқа ўлкаларнинг жуда кўп аҳолиси у зотнинг шогирдидир”, деганлар[11].
Имом Дорақутнийнинг энг машҳур шогирдаларидан,
- Аҳмад ибн Хасан Тойён,
- Аҳмад ибн Муҳаммад Исбаҳоний,
- Абу Бакр Борқоний,
- АбуАбдураҳмон Суламий,
- Абу Бакр Муҳаммад ибн Молик ибн Бишрон,
- Абу Ҳомид Исфароийний,
- Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Бишрон,
- Абдулғаний ибн Саийд Аздий,
- Абулқосим Ҳамза ибн Юсуф Саҳмий,
- Абулҳасан ибн Симсор Дамашқий,
- Абу Нуъмон Туроб ибн Умар Мисрий,
- Абу Масъуд Дамашқий,
- Абу Ғаноим Абдуссомад ибн Маъмун Шариф Ҳошимий,
- Ҳамза ибн Муҳаммад ибн Тоҳир,
- Ҳамза ибн Юсуф Саҳмий,
- Абу Зар Ҳиравий,
- Абу Тоҳир Ашъарий,
- Абу Тоҳир ибн Абдураҳим Котиб,
- Абу Тийб Тобарий Қозий,
- Абдулғани ибн Саийд Аздий,
- Абу Наср ибн Жундий,
- Абу Нуайм Исбаҳоний,
- Абу Масъуд Дамашқий,
- Абулқосим ибн Бишрон,
- Абу Нуъмон Туроб ибн Умар Мисрий,
- Абулқосим Тануҳий,
- Таммом ибн Муҳаммад Розий[12].
Ҳофиз ибн Нуқта Абулқосим Ҳамза ибн Юсуф Саҳмий ҳақида; “Бир неча шаҳарларни кезиб чиқди. У ерларда шайхлардан ҳадислар эшитиб, “Тарихи Журжон” китобини тасниф қилди. Ўз асрининг ҳофизлари билан учрашди. Дорақутний ва бошқа ҳофизлардан шайхларнинг ҳолатлари ҳақида сўради ва уларнинг жавобларини бир китобда жамлади. У зотнинг жарҳ ва таъдил, матн ва санадларни билиш борасида ҳам яхши фикрлари бор”, деб айтадилар[13].
Имом Дорақутний ҳижрий 385 йил Зулқаъда ойида Бағдод шаҳрида 80 ёшларида вафот этганлар. Бу ҳодиса айнан қайси кунга тўғри келганлиги ҳақида эса турли ихтилофлар мавжуд. Вафотларидан сўнг Имомнинг жанозаларини фақиҳ, шайх Абу Ҳомид Исфароийний ўқидилар ва Имом Дорақутний “Бобуд Дайр” қабристонига имом Карҳийнинг яқинларига дафн қилинди.
Имом Дорақутнийга замондош бўлган олимларнинг у зот ҳақидаги фикрлари.
Ҳоким айтади; “Шайхимиз Абу Абдуллоҳ ибн Абу Зуҳайл ҳаж сафарини қилди ва бу сафар чоғида Имом Дорақутний билан учрашиб қайтганидан сўнг унинг ҳотираси юқори эканлиги ва бу ердаги барча инсонлардан пешқадам эканлиги билан мадҳ этди. Мен у зотнинг бу мақтовларига ўзим ҳаж сафарига бориб Дорақутний билан кўришиб, у билан суҳбат қурганимдан сўнг яна бир бор амин бўлдим. Сафарим чоғида Боғдодга келдим ва у ерда тўрт ойдан ошиқ турдим. У зот билан кеча ва кундузлари бир неча бор кўришдим. Билдимки, у зот устозим мадҳ этганидан ҳам кўра устунроқ экан”[14].
Абу Абдураҳмон Суламий айтади; “Гувоҳлик бериб айтаманки, ер юзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини билишда ва шунингдек саҳобий ва тобеинларнинг асарларини билишда Дорақутнийга ўхшаши йўқ эди”[15].
Абу Муҳаммад Ражо ибн Муҳаммад ибн Ийсо айтади;“Мен Дорақутнийдан “бу инсон ўзи каби олим инсонни кўрганми?” деб сўрадим. Шунда у зот “Аллоҳ таоло “Ўзларингизни покламанглар”[16] деган”, деб айтди. “Мен бундай демоқчи эмасман, балки инсонлар “унинг мислини кўрганмисан” деб сўрасалар “йўқ” деб жавоб беришим учун сўрадим”, дедим. Шунда у “агар бир фан борасида бўлса, ўзимдан ҳам буюк олимни кўрганман. Аммо бир неча фанлар борасида эса, йўқ кўрмаганман”, деб жавоб қилди[17].
Дорақутнийдан кейинги даврда яшаган олимларнинг у зотга айтган мақтовлари.
Ҳофиз Хатиб Бағдодий айтади; “Дорақутний ўз асрининг ёрқин кишиларидан бири, ўз вақтининг имоми, ҳадисларнинг иллатлисини ажрата олишдек илмга эга, ровийларнинг исмлари ва уларнинг ҳолатларини биладиган, фиқҳ илмини эгаллаган, эътиқоди саҳиҳ ва мазҳаби тўғри, ҳадис илмидан бошқа фанларни ҳам чуқур эгаллаган зот эди ”[18].
Ибн Касир “Имом Дорақутний даври ва ўзидан олдинги ва кейинги даврнинг ягонаси, жуда кўп китоблар соҳиби, ривоят ва дироятда ўз ишининг устаси”[19], деб ёзади.
Тошкент ислом институти талабаси
Жўрабоева М
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Алимов У. Суннат ва Ҳадис. – Тошкент. Шарқ, 2012.
- Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. –Тошкент.ТИУ,2007.
- Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Олтин силсила. Ҳилол нашр. 2013.
- Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт.Тошкент-2008.
- Бухорий. Алжомеъ ассаҳиҳ. – Қоҳира. Дорушшаъб, 1987.
- Абу Довуд. Сунан. – Байрут. Дорул китаб аларабий, 1346 ҳ.
- Муслим. Алжомеъ ассаҳиҳ. –Байрут. Дорул жайл, 1989.
- Ибн Можа. Сунан. – Байрут. Дорул фикр. 2001.
- Табарий М. Тарихул умами вал мулук. –Муҳсиния. 1988.
- Зойфуллоҳ Роҳийлий. Имом абул Ҳасан Дорақутний ва осоруҳул илмийя. –PDF. Вариант 2000.
- Байҳақий. Сунани кубро. –Ҳайдаробод. Низомия, 1344 ҳ.
- Муҳаммад ибн Абдулғани. Аълом. –Байрут. Дорул илм.1980.
- Самъоний. Ансоб. –Ҳинд. Доиратул маъориф.1385 ҳ.
- Ибн Касир. Албидоя ван Ниҳоя. –Байрут. Мактабатул маъориф.1966
- Хатиб Бағдодий.Тарихи Бағдод. –Байрут. Дорул кутубул арабий.1980.
- Фоад Сазкийн. Тарихи тиросул арабий. –Нашрул ҳайатул мисрийя.1971.
[1]Хатиб Бағдодий. Тариҳи Бағдод. Байрут.1980 Ж.12.-Б 9.
[2] Хатиб Бағдодий. Тариҳи Бағдод. Байрут.1980 Ж.11.-Б 239.
[3] Муҳаммад ибн Абдулғани “ Алистидрок”. Қўлёзма.
[4] Ибни Жавзий. Алмунтазам. Доиратул маъориф усмония. 1385ҳ. Ж.8.Б.184
[5] Хузистонга сафар қилганликлари ҳақида Ҳофиз ибн Нуқта “Истидрок”да ривоят қилган.
[6]Зойфуллоҳ Роҳийлий. Имом абул Ҳасан Дорақутний ва осоруҳул илмийя. 2000-й. Б. 55-70
[7]Бу ва қуйида келтириладиган устоз ҳамда шогирдларнинг исмлари борасидаги барсча маълумотлар Зойфуллоҳ Роҳийлийнинг “Имом абул Ҳасан Дорақутний ва осоруҳул илмийя” китобидан олинган. Б. 73-91.
[8]Заҳабий “Тазкиротул ҳуффоз” Байрут. Дорул китобул арабий. 2-китоб 772-777- бетлар.
[9] Хатиб Бағдодий. Тарихи Бағдод. Байрут. Дорул китобул арабий. Ж.10.Б.121
[10] Хатиб Бағдодий.Тарихи Бағдод. Байрут. Дорул китобул арабий. Ж. 10.Б.122
[11] Заҳабий. Сияру аъломин нубало. Байрут. Муассасатур рисола. 1401 ҳ. Ж.10. Б.521.
[12] Имом Дорақутнийнинг шогирдлари ҳақида Зойфуллоҳ Роҳийлийнинг “Имом абул Ҳасан Дорақутний ва осоруҳул илмийя” китобида кенгроқ маълумотлар берилган ва бу номлар ҳам шу китобдан иқтибос қилиб олинган. Б.81-83.
[13]Заҳабий “Тазкиротул ҳуффоз” Байрут. Дорул китобул арабий.
[14] Заҳабий. Сияру аъломин нубало. Байрут. Муассасатур рисола. 1401 ҳ. Ж.10. Б.521.
[15] Заҳабий. Сияру аъломин нубало. Байрут. Муассасатур рисола. 1401 ҳ. Ж.10. Б. 523-524.
[16] “Нажм” сураси 32-оят
[17] Хатиб Бағдодий. Тарихи Бағдод. Байрут. Дорул китобул арабий. Б.12-35.
[18] Хатиб Бағдодий. Тарихи Бағдод. Байрут. Дорул китобул арабий. Б.12-35..
[19] Ибни Касир. Албидоя ван ниҳоя. Байрут. Мактабтул маъориф. 1966 й. Ж.11. Б.317.