Муробаҳа – бу махсус савдо-сотиқ тури бўлиб, бунда сотувчи маҳсулотнинг ҳарид нархини, қилинган харажатларни ва унинг устига ўзи қўйган устамани харидорга маълум қилади.
Агар сотувчи маҳсулотнинг таннархини ва устамани маълум қилмаса, унда бу муробаҳа эмас, балки ислом молиясида «мусавама» деб аталувчи оддий савдо битими бўлади.
Сотувчи маҳсулотни харидорга етказиши билан боғлиқ барча харажатлар маҳсулотнинг таннархига қўшилади ва ҳосил бўлган нархга устама белгиланади, аммо сотувчининг маҳсулотни харидорга етказишига бевосита алоқаси бўлмаган жорий харажатлари маҳсулотга нарх белгилашда инобатга олинмайди.
Томонлар маҳсулот нархини бирданига тўланишига ҳам, кейинроқ, яъни маълум бир муддат ичида тўланишига ҳам келишишлари мумкин. Демак, муробаҳани фақатгина тўлов муддати узайтирилган савдо битими, деб аташ тўғри эмас.
Муробаҳа битими маҳсулотнинг нархи аниқ бўлсагина ҳуқуқий кучга эга бўлади. Акс ҳолда маҳсулот муробаҳа шартномаси орқали сотилиши мумкин эмас, у ҳолда бу муробаҳа эмас, балки оддий савдо битими бўлган мусавама битими бўлади.
Тошкент ислом институти талабаси
Омонов Муҳаммад Солиҳ