islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шукр иймоннинг ярмидир

Шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан мукаммал бўлади.
Уламоларимиз шукрнинг истилоҳида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар.
Кафавий: «Шукр урфда неъмат учун берилган ҳар бир мукофотдир.

مَا يَفْعَلُ اللَّهُ بِعَذَابِكُمْ إِنْ شَكَرْتُمْ وَآمَنْتُمْ وَكَانَ اللَّهُ شَاكِرًا عَلِيمًا
147. Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади? Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчи зотдир. (Аллоҳ таоло ношукр ва кофир бандаларни нима учун азоблайди? Уларни азоблашдан бир фойда топадими? Ёки уларни азоблашдан лаззат оладими? Албатта, Аллоҳ ношукр ва иймонсизларни азоблашдан ҳеч фойда топмайди ва уларни азоблашдан лаззат ҳам олмайди. Бу азобнинг асосий сабаби банданинг шукр қилмагани ва иймон келтирмаганидир. Ношукр ва иймонсиз бу дунёда азобланса, қилган хатоси эвазига, тўғри йўлга қайтсин, деб қилинади. Уни охиратда азоблаш эса, ношукрлиги ва кофирлигининг жазосидир. Аслида,»Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчи зотдир». Яъни, шукр қилган бандаларидан рози бўлади ва уларга улуғ ажрларни беради.).
Аллоҳнинг шукр қилувчилик сифати банданинг оз қилган амалига ҳам кўп савоб бериш билан уни мукофотлашидир.
Шукрнинг қоидалари.
Ферузободий айтади: «Шукр соликларнинг энг олий даражасидир. У ризо манзиласидан устундир. Чунки у ризони ўз ичига олади ва яна зиёда ҳам бўлади. Ризо шукрнинг ичида бўлади. Зотан, ризосиз шукр бўлмайди. Шукр иймоннинг ярмидир. У беш қоида асосига бино қилинган:
1. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига хузуъси.
2. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига муҳаббати.
3. Шукр қилувчининг шукр қилинувчининг неъматини эътироф қилиши.
4. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига неъмат учун мақтов айтиши.
5. Шукр қилувчининг ўзига етган неъматни неъмат берувчига ёқмаган нарсага ишлатмаслиги.
Бас, бу қоидалардан бирортаси йўқ бўлса, шукрда ўша миқдорча нуқсон бўлади».
Шукрнинг турлари.
Шукр уч турга тақсимланади:
1. Қалб шукри. Бу неъматни тасаввур қилишдан иборат.
2. Тил шукри. Бу неъмат берувчига мақтов айтишдир.
3. Аъзолар шукри. Бу неъматга яраша мукофот ила бўлади.
Албатта, Аллоҳ ношукр ва иймонсизларни азоблашдан ҳеч қандай фойда топмайди ва уларни азоблашдан лаззат ҳам олмайди.
«Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади?!»
Бу азобнинг асосий сабаби банданинг шукр қилмагани ва иймон келтирмаганидир. Ношукр ва иймонсиз кимса қилган хатоси эвазига тўғри йўлга қайтсин, деб бу дунёда азобланади. Уни охиратда азоблаш эса ношукрлиги ва кофирлигининг жазосидир. Аслида
«Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир».
Яъни шукр қилган бандаларидан рози бўлади ва уларга улуғ ажрларни беради.
Бу оятда Аллоҳ таоло шукрни иймон билан тенглаштирмоқда.
Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади: «Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг» (Бақара сураси, 152-оят).
Юқорида айтиб ўтганимиздек, шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан шукр деса-ю, амали билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади. Мўмин-мусулмон одам доимо Аллоҳ таолони зикр этиб, Унга шукр қилгандагина, иши олға босади.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло шукрни куфрнинг муқобилига қўймоқда.
Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримада шукрни ибодат билан бир қаторда зикр қилади:
«Бас, Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-пок ҳолда енглар. Ва агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсангиз, Аллоҳнинг неъматига шукр қилинглар» (Наҳл сураси, 114-оят).
Мўмин-мусулмон инсон Аллоҳ таоло унга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсаларни ейиш билан бирга, Аллоҳ таолонинг неъматига шукр ҳам этади. Бу эса Аллоҳ таолога ибодат қилиш доирасига киради. Шунинг учун ҳам оятда: «агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсангиз», дейилмоқда.
Демак, шукр қилишлик Аллоҳга ибодат даражасидаги буюк амал экан.

 ТИИ Модуль таълим тизими, Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра”

жоме масжиди имом хатиби Суфиев Жаъфархон

376350cookie-checkШукр иймоннинг ярмидир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: