Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Алижон домла Равшанов 4-курс талабалари учун “Ислом иқтисодиёти ва банк иши” фанидан “Ислом ва суғурта бозори: такофул фондлари” мавзусида очиқ дарс ўтказди.
Дарсни кундузги таълим факультети декани И.Ахроров, “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири в.б. Т.Азимов, “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Ж.Нематов, ўқитувчи А.Мирзамиддинов, “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси Ф.Эрназаров, катта ўқитувчи С.Мансуров, С.Арипов ва бошқа профессор-ўқитувчилар кузатиб таҳлил қилдилар.
Такофул, арабча تكافل «ўзаро кафолат тақдим этиш» маъносини билдириб, биздаги ўзаро суғурта, яъни икки томонлама суғуртадаги элементларга мос келади. Молиявий маҳсулот ёки хизматнинг нафақат номига, балки унинг шакли ва тамойилларига ҳам эътибор қаратиш лозим, чунки бу суғурта тури айрим минтақаларда вақф кўринишида ҳам фаолият юритиб келмоқда.
Қуйидаги диаграммада такофул суғуртасининг ишлаш механизми берилган:
Такофул тўғри амалга оширилиши учун махсус суғурта жамғармаси тузилади. Жамғарма аъзолари олдиндан эълон қилинган тартиб-қоидага кўра суғурта учун бадалларни эҳсон сифатида жамғармага киритишади, жамғарма эса ўз мулкига айланган ушбу маблағлар ҳисобидан аъзоларининг келишилган зарарларини қоплаб туради (товон пуллари). Йил якунида суғуртадан ортган маблағларнинг бир қисми жамият низомидаги тартиб-қоидалар асосида аъзолар ўртасида тақсимланади.
Жамғарма бошқаруви, одатда, тижорат ташкилоти (оператор)га топширилади. Бунда бошқарувчи ташкилот жамғармага эгалик қилмайди, балки жамғарма фаолиятини вакил сифатида юритиб, бу хизматлари эвазига жамғармадан ҳақ олиши мумкин. Бунинг натижасида бошқарувчи ташкилот билан жамғарма аъзолари ўртасида манфаатлар қарама-қаршилиги юзага келмайди, жамғарма ҳисобидан зарарни тўламасликдан бошқарувчи ташкилотда ҳеч қандай манфаат мавжуд бўлмайди.
Бундан ташқари, ўзаро суғуртани узлуксиз амалга ошириш учун жамғарманинг захирасидаги маблағ тўловларни амалга ошириш учун етарли бўлмаган ҳолатларда бошқарувчи ташкилот томонидан жамғармага фоизсиз қарз бериб турилади.
Ўзаро суғуртанинг ривожланиши Ўзбекистонда суғурта муассасаларини такомиллаштиришда, шунингдек, тадбиркорлик ва аҳолини турли хил хавфлардан ҳимоя қилишда, жумладан, табиий офатлар натижасида етган зарарларни қоплашда, оила ўз боқувчисини йўқотганда ўзини энди тиклаб олган оилалар яна эски ҳолатига тушиб қолишдан сақланишда, кутилмаган ёнғин оқибатида бошпанасиз қолганларга ва тирикчилик манбаи бўлган тадбиркорнинг фаолияти тўхтаб қолганда қўл келади ҳамда ўзаро ёрдам руҳини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, мамлакат иқтисодиётига ўзаро суғурта фондларидаги бўш маблағларни жалб қилиш катта аҳамиятга эгадир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги 5464-сонли фармойишига мувофиқ, ўзаро суғурта муассасасини ривожлантиришга қаратилган шарт-шароитларни яратиш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳририда ўзини аксини топиши лозимлиги режалаштирилган.
“Ижтимоий фанлар” кафедраси
кабинет мудири М.Мавлянкулов