Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида намознинг қуйидаги одоблари мавжуд:
- Такбири таҳрима вақтида эркак киши қўлларини енгидан чиқариши.
- Қиёмда саждагоҳга, рукуъда икки оёқ учига, саждада бурун учига, ўтирганда юракка ва салом бераётганда елкаларга қараб туриш.
- Эснаганда оғизни юмиш. Агар бунга қодир бўлмаса, енг билан тўсиш.
- Йўтал келиб қолса, иложи борича қайтариш.
- Иқомада «ҳайя ъалассолат» айтилганда намозга туриш.
Албатта, бу каби нарсалар ҳисобида бир оз фарқлар бўлиши турган гап.
«Намозхон намозни бошлашни ирода қилса, «ҳамза» ва «бо»ни чўзмасдан такбир айтиб, икки бош бармоғини қулоқларининг юмшоқ жойларига теккизади. Аёл киши икки қўлини икки елкаси баробарида кўтаради. Ҳар бир улуғлашга далолат қилувчи нарса ила – агар форсча бўлса ҳам, – дуони қўшмаган ҳолда намозни бошлаш жоиз. Форсча қироат қилиш жоиз эмас. Фақат узр бўлса, мустасно. Шунга фатво берилади.
Сўнг ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб, киндиги остига қўяди. Аёл киши кўксига қўяди. Бу ишни суннат зикри бор ҳар бир қиёмда қилинади. Рукуъдан турганда ва икки ийднинг такбирлари орасида қўлларини қўйиб юборади.
Кейин сано ўқийди. «Важжаҳту важҳи»ни ўқимайди.
Кейин сано учун эмас, қироат учун «аъуузу биллааҳи»ни ўқийди. Буни намозга кеч қолган одам ҳам айтади. Уни имом икки ийднинг такбирларидан кейин айтади.
Кейин «Бисмиллаҳ»ни ўқийди. Фотиҳа билан зам суранинг орасида эмас. Буларнинг ҳаммасини ичида ўқийди.
Сўнгра Фотиҳани ўқийди ва иқтидо қилувчи каби, ичида «Омин»ни айтади.
Кейин такбир айтиб, рукуъга боради ва икки қўли билан, бармоқларини ёзган ҳолида тиззаларини ушлайди. Белини текис тутади ва бошини кўтариб ҳам, тушириб ҳам юбормайди. Уч марта тасбеҳ айтади. Бу энг ози. Кейин бошини кўтаради ва «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ»ни айтади. Имом шу билан кифояланади. Иқтидо қилувчи «Роббанаа ва лакал ҳамд»ни айтади. Якка намозхон иккисини жамлайди.
Сўнгра тўғриланиб, тик туради. Кейин такбир айтиб, саждага йиқилади. Олдин икки тиззасини, кейин бармоқларини жуфтлаган ҳолда икки қўлини қўяди. Кейин чиғаноқларини керган ва қорнини икки сонидан ажратган ва оёқ бармоқларини қиблага қаратган ҳолда икки қўлининг орасига бошини қўяди. Уч марта тасбеҳ айтади. Бу энг ози.
Ҳажми бор ва устига пешонаси ўрнашадиган ҳар бир нарса устига сажда қилиш жоиз. Шунингдек, издиҳомда намоз ўқиётган шахснинг орқасига ҳам. Аёл киши пасайиб, қорнини икки сонига теккизади.
Кейин намозхон такбир айтган ҳолида бошини саждадан кўтаради ва хотиржам ўтиради. Сўнг такбир айтиб, хотиржам сажда қилади. Кейин такбир айтиб, бошини, кейин икки қўлини, кейин икки тиззасини ерга суянмаган ва ўтирмаган ҳолда кўтаради.
Иккинчи ракъат биринчига ўхшайди. Лекин унда сано, «аъуузу»ни айтиш ва қўл кўтариш йўқ. Уни тамом қилгач, чап оёғини тагига қилиб, унинг устига ўтиради. Ўнг оёғини, бармоқларини қиблага қаратган ҳолда тик тутади. Икки қўлини ёзиб, бармоқларини қиблага қаратган ҳолда икки сонига қўяди.
Аёл киши икки оёғини ўнг тарафдан чиқариб, чап думбаси билан ўтиради. Кейин Ибн Масъудга ўхшаб ташаҳҳуд ўқийди. Унга ҳеч нарсани зиёда қилмайди.
Аввалги икки ракъатдан кейинги ракъатларда Фотиҳани овозини чиқармай қироат қилади. Агар тасбеҳ айтиб, сукут сақласа ҳам жоиз.
Сўнгра худди аввалгига ўхшаб ўтиради ва ташаҳҳуддан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтади. Кейин одамлардан сўрамайдиган нарсалар ила дуо қилади ва ўша ердаги одам ҳамда малакларни ният қилиб, ўнг ва чап тарафларига салом беради.
Иқтидо қилувчи ён тарафда бўлса, (саломининг) бирида, тўғрисида бўлса, иккисида ҳам имомни ният қилади.
Якка намозхон фақат малакни ният қилади», дея муаллиф иборалар келтириб ўтганлар.
Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи жуда усталик билан, оз иборалар ишлатиб, намозни қай тарзда ўқишни баён қилганлар. Аммо бу баёндаги ҳар бир сўзнинг ортида кўпгина шаръий далил ва ҳужжатлар турибди. Биз шарҳ давомида уларни қўлдан келганича ўрганишга ҳаракат қиламиз.
Шу билан бирга, шариат аҳкомларини омма мусулмонларга осонлаштириб ва тартибга солиб беришда фақиҳларнинг беқиёс хизматларини ҳам ёдга олишимиз керак.
Намозхон намозни бошлашни ирода қилса, «ҳамза» ва «бо»ни чўзмасдан такбир айтиб, икки бош бармоғини қулоқларининг юмшоқ жойларига теккизади.
Намоз ўқишни ният қилган одам «Аллоҳу акбар!»нинг «Аллоҳ» ва «акбар» сўзларидаги «А»ни ва «акбар»даги «б»ни чўзмасдан такбир айтади. Агар чўзиб қўйса, намози бузилади. Такбирни тик туриб, қиблага қараган ҳолда айтиш шарт. Ўтирган ҳолида айтиб, кейин тик турса бўлмайди.
Намозга келиб қўшилганда имом рукуъда турган бўлса, у ҳам энгашиб олиб такбир айтса бўлмайди. Аммо такбир айтаётганида қомати тик турганга яқин бўлса бўлади. Тик ҳолатда такбири таҳримани айтиб, сўнг яна бир такбир айтиб, рукуъга кетади.
Имом такбирни овоз чиқариб айтади.
Иқтидо қилувчининг такбири имомникидан олдин тугамаслиги лозим.
Такбир айтиш билан баробар икки қўлнинг бош бармоқлари учи қулоқларнинг юмшоқ жойларига теккизилади.
Бу амалларнинг ҳужжатлари қуйидагилар:
Имом Муслим Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари билан бир сафга келтирганларини кўрганлари айтилган.
«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме
масжиди имом хатиби модул таълими
тизими талабаси Суфиев Жаъфархон