islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Балоғат илми орқали Қуръони каримни англаш

Балоғат илмини таҳсил қилиш орқали Қуръони карим ва хадиси шарифлар маъноларини тўғри тушуниш ва нозикликларини теран англаш осон кечади, ҳамда Куръони каримнинг фасоҳат ва балоғат эътиборидан мўжизакорлиги кашф бўлади. Шу боисдан, Қуръони карим тафсири, ҳадиси шарифлар шарҳи ва бошқа диний манбаларни ўрганмоқчи бўлган киши луғат, сарф, наҳв илмлари билан бир қаторда балоғат илмини ҳам пухта эгаллаши лозим.

Барчамизга маълумки, динимизнинг биринчи манбаси бу Қуръони карим ҳисобланади. Қуръони карим оятлари очиқ-равшан бўлишига қарамасдан, унинг лафзлари ва ибораларини тушунишда ҳамма инсонлар баробар бўла олмайдилар. Шу боис, Қуръони карим тафсирига эҳтиёж сезилади.

Тафсир илми шариат илмлари ичида қадр жиҳатидан энг улуғи, мавзу ва мақсад жиҳатидан энг шарафлиси саналади. Чунки, унинг мавзуси барча ҳикматлар чашмаси, ҳамма фазилатлар маъдани бўлмиш Қуръони каримдир. Унинг мақсади мустаҳкам арқон (ислом)ни маҳкам тутиш ва ҳақиқий саодатга эришишдир. Бу илмга эҳтиёжнинг кучлилигига сабаб шуки, ҳар бир диний ва дунёвий камолотнинг шариатга мувофик бўлмоқлиги шартдир.

Унинг мувофиқлиги Аллоҳнинг Китобини билишга бориб тақалади. Тафсир илмини ўрганишда араб тилига оид илмлар, хусусан балоғат илми муҳим аҳамият касб этади. Буни атрофлича тушунишимиз учун “тафсир”нинг уламолар истилоҳидаги маъноси билан танишишимиз керак.

Абу Ҳайён тафсирни қуйидагича таърифлаган:

هو علم يبحث عن كيفية النطق بالفاظ القران و مدلولاتها و احكامها الأفرادية و التركيبية

و معانيها التى تحمل عليها حالة التركيب و تتمات لذلك

 “У Қуръон лафзларини нутқ қилиш кайфияти, уларнинг (Қуръон лафзларининг) маънолари, ёлғиз ва таркибий ҳолатдаги ҳукмлари, таркибнинг ҳолати унга йўйиладиган маънолар ва буларни тўлдирувчи жиҳатлар ҳақида баҳс қиладиган илмдир”.

Сўнг бу таърифни шарҳлаб айтади:

“علم” деган сўзимиз жинс бўлиб, барча илмларни ўз ичига олади. (Кейинги қайдлар ҳадис, фиқҳ, ақоид каби бошқа илмларни таърифдан чиқариб юборади).

“يبحث عن كيفية النطق بالفاظ القران” – …Қуръон лафзларини нутқ қилиш кайфияти ҳақида баҳс қиладиган…, деган сўзимиздан қироат илми ирода килинди.

“و مدلولاتها”- …уларнинг (Қуръон лафзларининг) маънолари (ҳақида баҳс қиладиган)…, деган сўзимиз билан бу илмда (тафсир илмида) муҳтож бўлинадиган луғат илми кўзда тутилди.

“  و احكامها الأفرادية و التركيبية ” -…(ўша лафзларнинг) ёлғиз ва таркибий ҳолатдаги ҳукмлари (ҳақида баҳс қиладиган)…, деган сўзимиз сарф, эъроб (наҳв) ҳамда балоғат таркибига кирувчи баён ва бадиъ илмларини ўз ичига олади.

“و معانيها التى تحمل عليها حالة التركيب”- …таркибнинг ҳолати унга йўйиладиган маънолар(ҳақида баҳс қиладиган)…, деган сўзимиз мажозни ўз ичига олади.

“ و تتمات لذلك ” ….ва буларни тўлдирувчи жиҳатлар(ҳақида баҳс қиладиган)…, деган сўзимиз носих-мансух, сабаби нузул ва бошқаларни билишни назарда тутади.

Тафсир илмининг таърифидан маълум бўлдики, у Қуръони каримнинг қироат важҳлари (турлари), лафзларининг луғавий маънолари хамда сарф, наҳв, балоғат жихатлари ва бошқа тўлдирувчи томонларини ўрганар экан, демак, у балоғат илми билан бевосита боғлиқдир. Шунинг учун уламолар муфассирда топилиши лозим бўлган бир нечта шартларни баён қилганлар ва ана шу шартлар ичида араб тилига оид илмлар (луғат, сарф, наҳв ва балоғат илмлари)ни билишни алоҳида зикр қилганлар.

Улуғ тобеъинлардан Мужоҳид айтади: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бирор киши учун, агар у араб тилига оид илмларни билмаса, Аллоҳнинг китоби хақида сўзламоқлиги ҳалол бўлмайди”.

Буюк ватандошимиз муфассирлар устози Жоруллоҳ Махмуд Замахшарий “Кашшоф” номли тафсирининг мукаддимасида шундай дсйди: “Кимки тафсирга киришса, унинг хақиқатларидан хеч бир нарсага ета олмайди, фақат Қурьонга хос бўлган икки илм – илми маъоний ва илми баёнда билимдон, иккисини ўрганишда бироз шошилмаган, тафтиш қилишда бир муддат машаққат чеккан кишигина уиинг ҳақиқатларига ета олади”.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, балоғат илми муфассирнннг энг катта таянчларидан бири экан.

ТИИ 402 -гуруҳ талабаси Қодиров Ҳошимжон

392140cookie-checkБалоғат илми орқали Қуръони каримни англаш

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: