islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳаж ва Умрага кетаётганларга “Пайғамбаримизга саломимни етказинг”, дейишнинг ҳукми нима?

Ким сизга «Пайғамбаримизга салом айтинг» деса ва сиз хўп, деган бўлсангиз, у кишини эслаб қолинг ёки исмини ёзиб қўйинг. Зеро бу омонат бўлиб, уни эгасига етказиш вожиб экан.

Муҳаддис, фақиҳ, мужаддид, усулий олим имом Зурқоний Моликий (ҳиж. 1055-1122 / мил. 1645-1710) «Шарҳул Мавоҳибил-ладунийя»да (12/201) шундай деган:

فإن أوصاه أحد بإبلاغ السلام إلى النبي صلى الله عليه وسلم بأن قال الموصي: «قل السلام عليك من فلان أو سلم لي عليه صلى الله عليه وسلم»، وتحمل ذلك ورضي به وجب عليه إبلاغه، لأنه أمانة يجب أداؤها، فليقل: السلام عليك يا رسول الله من فلان

«Бир кишига «Ё Расулаллоҳ, фалончи номидан ассалому алайкум, деб айтинг» ёки «Менинг номимдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салом айтинг» деб, у зотга салом етказишни биров илтимос қилган бўлса, ва бу киши рози бўлиб, зиммасига олган бўлса, бу саломни етказиш унга вожиб бўлади. Чунки бу нарса омонат бўлиб, уни адо қилиш вожибдир. Бундай ҳолатда Пайғамбаримизнинг қабрлари олдига бориб, «Ё Расулаллоҳ, фалончи номидан ассалому алайкум», деб айтсин».

Муфтий имом Мустафо Суютий Раҳийбоний Ҳанбалий (ҳиж. 1160-1243 / мил. 1747-1827) «Матолибу улин-нуҳо фи шарҳи Ғоятил-мунтаҳо» китобида (2/442) шундай деган:

‎وإذا أوصاه أحد بالسلام، فليقل: السلام عليك يا رسول الله من فلان بن فلان، ويبلغه وجوبًا إن تحمله ليخرج من عهدته

«Кимдир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салом айтишни илтимос қилган бўлса, қабрлари яқинига келиб, «Ё Расулаллоҳ, фалончи номидан ассалому алайкум», деб айтсин. Агар буни зиммасига олган бўлса, ваъдасининг устидан чиқиши учун вожиб бўлган омонатни етказсин».

Муҳаддис, фақиҳ, қози, мударрис имом Абул Фазл Мувсилий Ҳанафий (ҳиж. 599-683 / мил. 1203-1284) «Ал-ихтиёр ли-таълилил-мухтор» китобида (1/176) шундай деган:

ويبلّغه سلامَ مَن أوصاه فيقول: «السلام عليك يا رسول الله مِن فلان بن فلان، يَستشفع بك إلى ربك، فاشفعْ له ولجميع المسلمين»، ثم يقف عند وجهه مستدبر القبلة ويصلي عليه ما شاء

«Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрлари олдига келиб, у зотга салом айтишни илтимос қилганларнинг саломларини етказади. Масалан, шундай дейди: «Ё Расулаллоҳ, фалончи номидан ассалому алайкум. У сиздан Роббингиз ҳузурида шафоатчи бўлишингизни сўраяпти, уни ҳам, барча мусулмонларни ҳам шафоат қилинг». Сўнг Пайғамбаримизнинг қабрларига юзланиб, қиблага орқасини қилиб, у зотга хоҳлаганича салавоту саломлар айтади».

Муҳаддис, фақиҳ имом Нававий Шофеъий (ҳиж. 631-676 / мил. 1233-1277) «Ал-мажмуъ» китобида (8/274) шундай деган:

وإن كان قد أوصي بالسلام عليه صلى الله عليه وسلم، قال: «السلام عليك يا رسول الله من فلان بن فلان، وفلان بن فلان يسلم عليك يا رسول الله»، أو نحو هذه العبارة

«Кимдир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салом айтишни илтимос қилган бўлса, у зотнинг муборак қабрлари олдига келиб, шундай дейди: «Ё Расулаллоҳ, фалончи номидан ассалому алайкум. Ё Расулаллоҳ, фалончи сизга салом айтиб юборди». Шунга ўхшаш бошқа ибора билан айтса ҳам бўлади».

Манбалар асосида “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Абдул Азим Зиёуддин домла тайёрлади.

392920cookie-checkҲаж ва Умрага кетаётганларга “Пайғамбаримизга саломимни етказинг”, дейишнинг ҳукми нима?
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: