islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ислом молиясида ижара ва лизинг шартномалари

“Ижара” фиқҳий атама ҳисобланиб, луғавий маъноси “бир нарсани ижарага бериб туриш” дегани. Ислом ҳуқуқшунослигида ижара атамаси икки хил амалиёт учун қўлланилади. Биринчиси, бир кишини хизмат ҳақи тўлаш асосида ишга ёллаш амалиётидир. Иш берувчи мустажир, ёлланма ишчи эса ажир дейилади.

Агар А исмли шахс ишхонасига Б исмли шахсни бошқарувчи ёки оддий ходим қилиб ойлик маош тўлаш шарти билан ишга олса, А мустажир, Б эса ажир дейилади. Шунингдек, агар А чамадонларини аэропортгача кўтариб бориш учун юк ташувчини ёлласа, А мустажир, юк ташувчи ажир бўлади. Бу иккала ҳолатда ҳам томонлар ўртасидаги муносабат ижара муомаласи ҳисобланади. Бу турдаги ижарага инсонларнинг хизматлари ёлланиши мумкин бўлган барча ижара келишувлари киради. Бу хизматларга врач, ҳуқуқшунос, ўқитувчи, ишчи ёки бошқа ҳар қандай касб вакилларининг хизматлари кириши мумкин. Ёлланган хизматчилар ‘ажир’ ва уларни ёллаган киши ‘мустажир’ дейилади, уларга тўланган ҳақ эса ‘ужра’ деб номланади.

Ижаранинг иккинчи тури инсон хизматидан эмас, балки актив ва мулклардан фойдаланиш ҳолатига тааллуқли. Бундаги ижара ‘муайян мулкни ижара ҳақи эвазига бошқа шахснинг фойдаланишига топшириш’ амалиётини билдириб, инглиз тилида қўлланиладиган ‘лизинг’ атамаси билан бир хил маънода ишлатилади. Бунда лизинг берувчи мужир, лизинг олувчи мустажир ва лизинг берувчига тўланадиган ижара ҳақи ‘ужра’ деб номланади.

Ижаранинг икки кўриниши ҳам фиқҳ адабиётларида атрофлича ўрганилган, иккаласи ҳам ўзига яраша қонун-қоидаларга эга. Мавзуга тааллуқли бўлгани сабабидан мазкур мақолада фақат иккинчи турдаги ижара масалалари баён қилинади. Чунки бу турдаги ижара кўпинча инвестиция киритиш ҳамда молиялаштириш мақсадларида ишлатилади.

Ижара қонун-қоидалари лизинг сифатида кўп жиҳатдан савдо қонун-қоидаларига ўхшаб кетади. Чунки икки ҳолатда ҳам муайян нарса арзийдиган ҳақ эвазига бошқа кишига кўчади. Ижара ва савдонинг асосий фарқи шундаки, савдода мулкнинг эгалиги харидорга кўчади, ижарада эса мулк эгалиги ижарага берувчида қолади, фақат мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи ижарага олувчига кўчади.

Ижара, аслини олганда, молиялаштириш воситаси эмас, савдога ўхшаган бир тижорат тури. Аммо, айрим сабабларга кўра, жумладан, берилган солиқ имтиёзлари туфайли бу амалиётни Ғарб давлатларида молиялаштириш воситаси сифатида ҳам қўллашади. Фоизли кредит бериш ўрнига айрим молиявий ташкилотлар мижозларига ускуналарни лизингга олиб беришни бошладилар. Лизинг тўловларининг миқдори ускунани харид қилиш билан боғлиқ барча харажатлар устига лизинг муддати давомида ундирилиши мумкин бўлган фоиз тўловларини қўшиб, ҳисоблаб чиқарилади. Ускуна таннархи ва ундирилиши мумкин бўлган фоизлар йиғиндиси умумий лизинг қийматини беради. Бу қиймат лизинг муддатидаги ойлар сонига бўлиб юборилса, бир ойлик лизинг тўлови келиб чиқади.

Лизингни шариатга мувофиқ келувчи молиялаштириш воситаси сифатида ишлатса бўладими деган масала лизинг шартномасида кўрсатилган шартларга боғлиқ.

Зикр этилганидек, лизинг тижорат фаолиятидир, молиялаштириш воситаси эмас. Шунинг учун ҳам, лизинг фаолияти шариатда ижара учун белгиланган қонун-қоидалар билан тартибга солинади. Ушбу мақолада лизинг муносабатларига тегишли бўлган асосий фиқҳий масалалар ўрганилади. Агар бу масалаларни яхши англасак, ижарани молиялаштириш воситаси сифатида ишлатиш учун зарур бўлган қонун-қоидаларни тушунишимиз осон бўлади.

Ижара тамойилларининг кўплигидан уларнинг барчасини батафсил ўрганиш учун алоҳида бир китоб тузиш керак бўлади. Аммо, биз бу тамойилларнинг фақат энг асосийларини, замонавий иқтисодий амалиётда қўлланиладиган ва ижаранинг асл моҳиятини тушунишимизга етарли бўлганларини кўриб чиқамиз. Ўқувчиларга қулай бўлиши учун бу тамойилларни қисқа тезис кўринишида келтирамиз.

Лизингнинг асосий қоидалари

  1. Лизинг шундай шартномаки, унда бир мулкнинг эгаси бошқа шахсга келишилган ҳақ эвазига фойдаланиш учун ушбу мулкни бериб туриши кўзда тутилади.
  2. Лизинг объекти фойдаланса бўладиган мулк бўлиши шарт. Фойдаланишнинг имкони бўлмаган нарсаларни лизингга бериб бўлмайди.
  3. Лизингга бериладиган мулкнинг эгалик ҳуқуқи лизинг берувчининг ўзида қолади, мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи эса лизинг олувчига ўтади. Лизинг шартномасининг ҳақиқийлигини таъминловчи шарт шудир. Шунинг учун ҳам, истеъмол қилиб тугатмасдан фойдаланишнинг иложи бўлмаган нарсаларни лизингга бериб бўлмайди. Пул, таом, ёқилғи, дори-дармон каби нарсаларни лизингга бериб бўлмайди, чунки улардан фойдаланиш учун уларни истеъмол қилиш керак. Агар шундай нарсалар лизингга берилса, уларни қарзга бериб турган бўлади ва бу шартнома қарз шартномасига доир қонун-қоидалар билан тартибга солинади. Ҳақиқий бўлмаган лизинг орқали ундирилган ижара ҳақи қарздан ундирилган фоиз билан бир хил бўлиб қолади.
  4. Лизингга бериладиган мулкнинг эгалик ҳуқуқи лизинг берувчининг ўзида қолгани сабабли эгаликка оид барча мажбуриятлар унинг зиммасида бўлади, аммо фойдаланиш билан боғлиқ мажбуриятлар лизинг олувчининг зиммасида бўлади.

Мисол: А ўз ҳовлисини Бга лизингга берди. Мулк солиғини тўлаш Анинг мажбурияти бўлса, сув, электр қуввати ва бошқа коммунал хизмат тўловларини адо этиш лизинг олувчи Бнинг мажбурияти ҳисобланади.

  1. Лизинг муддати аниқ қилиб кўрсатилиши керак.
  2. Лизинг олувчининг лизингга олинган нарсани лизинг шартномасида кўрсатилган мақсаддан бошқа мақсадда ишлатиши жоиз эмас. Агар шартномада бундай мақсад кўрсатилмаган бўлса, лизинг олувчи одатда ишлатиладиган мақсадлардан истаганида фойдаланиши мумкин. Аммо у одатдан ташқари мақсадларда ишлатмоқчи бўлса, лизинг берувчи очиқ-ойдин рухсат бермагунча бу ишни қилишга рухсат бўлмайди.
  3. Лизинг олувчи ўзининг эҳтиётсизлиги ёки бепарволиги натижасида лизингга олинган нарсага зарар етказса, лизинг берувчига кўрилган зиённи қоплаб беради.
  4. Лизингга берилган нарса лизинг муддати давомида лизинг берувчининг рискида бўлади, яъни лизинг олувчига боғлиқ бўлмаган ташқи омиллар туфайли етказилган зарар учун лизинг берувчининг ўзи масъулдир.
  5. Икки ёки ундан ортиқ кишилар эгалик қиладиган мулкни лизингга берса бўлади. Тушган ижара ҳақи эса мулк эгалари ўртасида мулкдаги улушларига мувофиқ тарзда тақсимланади.
  6. Шерикчилик мулк эгаларидан бири ўзининг улушини бошқага эмас, фақат ўзининг шеригига ижарага бериб туриши мумкин.[1]
  7. Лизинг дуруст бўлиши учун лизингга бериладиган актив томонлар томонидан аниқлаштирилган бўлиши шарт.

Мисол: А исмли киши Бга: “Мен икки дўконимдан бирини сенга лизингга бераман”, деди. Б рози бўлди. Айнан қайси дўкон берилиши аниқ айтилмагунча, лизинг шартномаси дуруст ҳисобланмайди.

Ижара ҳақини аниқлаштириш

  1. Шартнома имзоланаётган вақтда ижара ҳақи бутун лизинг муддати учун аниқлаштирилган бўлиши шарт.

Шартнома имзоланаётган вақтда келишиб олиш шарти билан лизинг муддатининг турли даврлари учун турли хил ижара ҳақларининг ўрнатилиши жоиздир. Агар лизинг муддатининг кейинги даври учун ижара ҳақи белгиланмаган бўлса ёки белгилаш ҳуқуқи лизинг берувчи ихтиёрида бўлса, лизинг шартномаси бекор ҳисобланади.

Мисол (1): А ҳовлисини Бга беш йил муддатга лизингга берди. Ижара ҳақи биринчи йил учун ойига 2000 рупия қилиб белгиланди, кейинги йилларда эса ҳар йили ўтган йилга нисбатан 10%га кўпайиб бориш шартига келишиб олишди. Бундай лизинг битими дурустдир.

Мисол (2): Юқоридаги мисолимизда А келишувга шарт киритмоқда: ижара ҳақи фақат биринчи йил учун ойига 2000 рупия миқдорида ўрнатилади, қолган йилларда эса ижара ҳақини белгилаш лизинг берувчи ихтиёрида бўлади. Бу лизинг шартномаси дуруст бўлмайди, чунки ижара ҳақи маълум эмас.

Агар томонлар рози бўлса ва келишувда лизингнинг барча шариат талаб қилган шартлари топилган бўлса, ижара ҳақини лизинг берувчининг мулкни харид қилиш учун кетказган жами харажатларига асосланган ҳолда ўрнатиш шариатга зид бўлмайди ва, одатда, бундай амалиёт молиявий лизингларда қўлланилади.

  1. Лизинг берувчи ижара ҳақини бир томонлама ошира олмайди, ва бунга рухсат берувчи ҳар қандай шартнома бекор саналади.
  2. Ижара ҳақи ёки унинг маълум қисми мулк лизинг олувчига етказиб берилишидан олдин тўланиши мумкин, аммо бу маблағлар лизинг берувчининг ҳисоб рақамида ўзгармасдан туриши, тўлов муддати етиши билан ижара тўловларидан деб ҳисобланиши лозим.
  3. Лизинг муддати лизинг олувчи фойдаланишни бошлаши ёки бошламаслигидан қатъий назар лизингга берилаётган мулк лизинг олувчига етказиб берилган муддатдан бошлаб ҳисобланади.
  4. Агар лизингга берилган мулк тўлиқ ишдан чиқса ва таъмирлашнинг иложи бўлмаса, ижара шартномаси мулк ишдан чиққан санадан бошлаб тўхтатилади. Бироқ, талафот лизинг олувчининг нотўғри фойдаланишидан ёки эътиборсизлигидан келиб чиққан бўлса, у мулкнинг талафот етишидан олдинги қийматини лизинг берувчига тўлаб бериши лозим бўлади.

Ижара – молиялаштириш воситаси

Муробаҳа сингари ижара ҳам аслида молиялаштириш воситаси эмас. Ижара мулкнинг фойдаланиш ҳуқуқини бир шахсдан иккинчи шахсга келишилган муддатга ва келишилган ҳақ эвазига ўтказиш муомаласини билдиради. Аммо, айрим молиявий ташкилотлар узоқ муддатли фоизли кредитлар бериш ўрнига ижарадан молиялаштириш мақсадида фойдаланмоқдалар. Бу турдаги ижара шартномаси амалиётда “оператив лизинг”дан фарқ қиладиган “молиявий лизинг” сифатида танилган ва ушбу лизингнинг асосий хусусиятлари мазкур мақолада ёритиб берилган.

Ҳозирги кунда лизинг барча мамлакатларда кенг қўлланиладиган молиялаштириш воситаларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда у шариат рухсат берган муомала турларидан саналиб, фоизсиз молиялаштириш воситаси сифатида ишлатилиши мумкин. Шунинг учун ҳам лизинг ислом молияси ташкилотлари томонидан кенг қабул қилинган. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам лизинг ва фоизли кредит ўртасидаги фарқларга етарлича эътибор беришмади. Натижада анъанавий молиявий ташкилотлар ишлатиб келган лизинг шартномаларини ҳеч бир ўзгартиришсиз ўз амалиётларига киритишди, ваҳоланки, бу шартномаларнинг кўп қисмлари шариатга тўғри келмайди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, ижара аслида молиялаштириш воситаси эмас. Аммо, баъзи талабларни бажариш шарти билан ижара шартномасини молиялаштириш мақсадида ишлатиш мумкин. “Фоиз” сўзини “ижара ҳақи” сўзи билан ёки “ипотекага берилган уй” сўзини “лизингга берилган мулк” сўзи билан алмаштириб қўйиш муаммони ҳал қилмайди. Лизинг билан фоизли кредит ўртасида жуда катта принципиал фарқ бор. Бунга фақат ижарага оид шариат кўрсатмаларига амал қилган ҳолда эришиш мумкин. Бу кўрсатмаларнинг айримлари билан ушбу мақолада танишамиз.

Фикримизни янада ойдинлаштириш мақсадида замонавий молиявий лизинг билан шариат рухсат берган лизинг ўртасидаги фарқларни қуйида келтириб ўтамиз.

Лизингнинг бошланиши

  1. Савдо битимидан фарқли равишда ижара шартномасини келажак сана[2] учун имзоласа бўлади. Келгусида амалга ошадиган савдога шариат рухсат бермаган, аммо келажакда амалга ошадиган ижарага рухсат берган. Бунда асосий шарт ижара ҳақи шартнома объекти бўлган ускуна мустажирга етказиб берилгандан сўнг тўланиши керак.

Аксарият “молиявий лизинг” келишувларида лизинг берувчи, яъни молиявий ташкилот ускунани лизинг олувчи орқали сотиб олади. Лизинг олувчи ускунани лизинг берувчи номидан сотиб олади. Лизинг берувчи ускунанинг нархини етказиб берувчига тўғридан-тўғри ёки лизинг олувчи орқали тўлайди. Айрим лизинг шартномаларида лизинг берувчи нархни тўлаган кундан бошлаб лизинг муомаласи кучга киради. Бунда лизинг олувчи ускунани етказиб берувчига тўловни қилгани ё қилмагани, ускуна етказиб берилгани ё берилмагани эътиборга олинмайди. Бошқача айтганда, лизинг олувчининг ижара ҳақини тўлаш мажбурияти ускуна етказиб берилишидан олдин кучга киради. Бу нарса шариатда жоиз эмас, чунки олинган ҳақ мижозга берилган пулдан ижара ҳақи ундириш билан бир хилдир, бу эса очиқ-ойдин рибодир.

Шариатда белгилаб берилган тўғри йўл шуки, ижара ҳақи ускунанинг нархи тўлангандан бошлаб эмас, балки ускуна мижозга етказиб берилгандан кейин тўланиши керак. Агар етказиб берувчи нархни тўлиқ қабул қилгандан кейин етказиб беришни кечиктирса, лизинг олувчи кечиктирилган муддат учун ҳақ тўлашга мажбур эмас.

Томонларнинг турли муносабатлари

  1. Шу нарсани аниқ билиб олишимиз зарур: лизинг олувчига ускуна сотиб олиш вазифаси юклатилганда, молиявий ташкилот ва ва мижоз ўртасида иккита бир-биридан фарқли, олдинма-кетин амалга ошадиган муносабат юзага келади. Биринчи муносабатда мижоз ташкилотнинг номидан ускунани сотиб олиш учун бириктирилган вакил вазифасини бажаради. Бунда томонлар ўртасида принципал (хўжайин) ва унинг вакили муомаласидан бошқа муносабат бўлмайди. Лизинг берувчи ва лизинг олувчи ўртасидаги муносабат ҳали бошлангани йўқ.

Иккинчи босқичдаги муносабат ускуна етказиб берувчи томонидан мижозга етказиб берилган кундан бошлаб юзага келади. Бунда лизинг берувчи ва лизинг олувчи ўртасидаги муомала кучга киради.

Томонлар ўртасидаги бу икки хил муносабатни аралаштирмаслик ёки янглиш тушунмаслик керак. Биринчи босқичда мижоз лизинг олувчининг мажбуриятлари учун жавобгар эмас. Бу муддат оралиғида у фақат вакилга топширилган вазифалар учун масъулдир. Ускуна унга етказиб берилгандан бошлаб у лизинг олувчи сифатида мажбуриятларни тўлиқ бажариши шарт.

Шу ерда муробаҳа ва лизинг шартномалари ўртасидаги фарқни айтиб ўтсак. Муробаҳада ҳақиқий савдо ускуна мижозга етказиб берилгандан сўнг амалга оширилиши лозим, ва ундан олдинги муробаҳа ҳақидаги келишув олди-сотди шартномасини қонуний кучга киритиш учун етарли эмас. Шунинг учун, вакил сифатида ускунани қабул қилгандан сўнг у молиявий ташкилотга бу ҳақида хабар бериши ва уни сотиб олиш учун таклиф киритиши керак. Олди-сотди шартномаси ташкилот таклифни қабул қилгандан кейингина кучга киради.

Лизингнинг тартиби бошқача ва бироз қисқароқ. Лизинг шартномаси ускуна етказиб берилишидан олдин ҳам кучга кириши мумкин. Мижозни вакил қилиб тайинлаётган вақтда ташкилот ускунани етказиб берилгандан вақтдан бошлаб унга лизингга беришга розилик билдирса, лизинг шартномаси ўша пайтдан дарҳол кучга киради. Бошқа ҳужжатларга зарурат бўлмайди.

Муробаҳа билан лизинг ўртасидаги фарқ икки сабаб билан изоҳланади:

а) Олди-сотди шартномасининг зарурий шартларидан бири – унинг дарҳол қонуний кучга киритилиши. Шунинг учун ҳам, келажак санага боғланган олди-сотди шариат наздида кучга эга бўлмайди. Лизинг эса келажак санага боғланиши мумкин. Юқоридаги шартнома муробаҳа учун етарли эмас, аммо лизинг учун етарли саналади.

б) Шариатнинг  асосий тамойили шундаки, бирон мулкдан даромад олмоқчи бўлган киши ушбу мулк билан боғлиқ рискни ҳам, албатта, зиммасига олиши шарт.

Ушбу тамойилни муробаҳа учун қўллайдиган бўлсак, сотувчи бироз муддатга бўлса ҳам мулк билан боғлиқ рискни зиммасига олмасдан, бу мулкдан даромад олишга ҳақли бўлмайди. Агар юқоридаги шартнома мижоз ва ташкилот ўртасидаги олди-сотди учун етарли деб тасаввур қиладиган бўлсак, мижоз ускунани ўз тасарруфига олиши билан дарҳол унинг номига ўтказилган бўларди ва ускуна ҳеч қачон сотувчининг рискига озгина фурсатга бўлса ҳам ўтмаган бўларди. Шунинг учун ҳам, муробаҳа битимида мулкни мижозга дарҳол ўтиши жоиз эмас; ускуна етказиб берилгандан сўнг яна қайтадан таклиф-қабул бўлиши керак.

Лизингда эса ускуна бутун лизинг муддати давомида лизинг берувчи ташкилотнинг рискида ва мулкида қолади, чунки мулкнинг эгалик ҳуқуқи мижозга ўтказилмаган бўлади. Шундай қилиб, лизинг муддати мижоз ускунани қабул қилиб олиши билан дарҳол бошланади ва бу юқоридаги тамойилга зид эмас.

Эгалик ҳуқуқидан кейинги харажатлар

  1. Лизинг берувчи мулкнинг эгаси ва уни ўз вакили орқали етказиб берувчидан сотиб олгани сабабли ускунани сотиб олиш ва импорт қилиш билан боғлиқ барча харажатларни қоплашга масъулдир. Транспорт, божхона ва бошқа харажатларни кўтариши шарт. Албатта, у бу харажатларни ижара ҳақини белгилаётганда инобатга олиши мумкин, аммо, мулк эгаси сифатида бу харажатларни белгиланган тартибда қоплашга мажбур. Бунга мувофиқ бўлмаган ҳар қандай келишув (анъанавий лизинг шартномаларида учрайдиган ҳолат) шариат кўрсатмасига зид ҳисобланади.

Ускунага зиён етишида томонларнинг мажбуриятлари

  1. Лизингнинг асосий тамойилларида айтилганидек, лизинг олувчи ускунага нотўғри ишлатиш ёки эътиборсизлик туфайли зиён етказса, етказилган зарарни тўлаб беради. Шунингдек, у ускунанинг ишлатилиши жараёнида одатда алмаштирилиши лозим бўлган эҳтиёт қисмлар учун ҳам масъул бўлиши мумкин. Аммо, унинг имкониятидан ташқарида бўлган омиллар туфайли зиён етса, кўрилган зарар учун масъул бўлмайди. Анъанавий лизинг шартномаларида бу икки ҳолат ўртаси одатда ажратилмайди. Ислом тамойиллари бўйича тузилган лизингда икки ҳолат алоҳида-алоҳида ўрганилади.

Узоқ муддатли лизингларда ўзгарувчан ижара ҳақлари

  1. Узоқ муддатли лизинг шартномаларида бутун лизинг муддати учун бир хил ўзгармас ижара ҳақи белгилаш лизинг берувчи манфаатига унча тўғри келмайди, чунки бозор шароити доимо ўзгариб туради.

Бундай пайтда лизинг берувчининг икки йўли бор:

 а) У лизинг шартномага ижара ҳақи маълум муддатдан сўнг (масалан, бир йил) маълум фоизга (масалан, 5%га) ошади, деган шартни киритиши мумкин.

б) У шартномани қисқароқ муддатга имзолаши мумкин, муддат тугаши билан томонлар ижара ҳақини қайта кўриб чиқишлари мумкин. Бундай кўриб чиқиш ўзаро розилик ва янги шартларни рад қила олиш ҳуқуқи асосида бўлиши лозим. Мабодо, томонлар келиша олишмаса, лизинг олувчи ускунани бўшатиб эгасига қайтариб бериши керак.

Мумтоз ислом фиқҳи қоидаларига кўра, лизинг берувчида мана шу иккита ихтиёр бор. Айрим замонавий уламолар узоқ муддатли лизингларда ижара ҳақини ҳаммага яхши маълум бўлган, ҳеч қандай низога сабаб бўлмайдиган биронта ўзгарувчан benchmark[3] кўрсаткичга боғлаб қўйишга рухсат беришган. Масалан, уларнинг наздида, агар ҳукумат лизинг берувчидан олинадиган солиқни маълум миқдорга ошириб қўйса, лизинг берувчининг ижара ҳақини ўша миқдорда кўтариб қўйиши жоиз бўлади. Яна шунингдек, улар ижара ҳақини инфляция кўрсаткичига боғлаб қўйиб йиллик равишда ошириб боришга ҳам рухсат беришган. Агар инфляция 5%га ошадиган бўлса, ижара ҳақи ҳам 5%га оширилади.

Мана шу фатвога асосланиб, айрим ислом банклари ижара ҳақларини белгилашда фоиз ставкаларидан benchmark сифатида фойдаланишмоқда. Анъанавий банклар фоизли кредитлардан қанча даромад олишса,  бу банклар ҳам лизинг орқали шунча даромад олишга интилишмоқда. Улар ижара ҳақларини фоиз ставкасига боғлаб қўйишган. Ижара ҳақини қатъий бир миқдорда белгилаш ўрнига улар лизинг мулкини сотиб олиш нархи устига фоиз ставкасини қўшиб ижара ҳақи миқдорини белгилашмоқда. Лизинг шартномаларида ижара ҳақи муайян фоиз ставкасига ёки муайян фоиз ставкаси плюс яна қандайдир кўрсаткичга тенг миқдор қилиб кўрсатилади. Фоиз ставкаси ўзгарувчан бўлгани учун уни бутун лизинг муддатига ўрнатиб бўлмайди. Шунинг учун, бундай контрактлар ижара ҳақини мунтазам равишда ошириб туриш учун маълум бир давлатнинг (LIBOR[4]) фоиз ставкасини benchmark қилиб олади.

Бу фатво икки жиҳатдан танқидга учраган:

Биринчи эътироз шундан иборатки, ижара ҳақларини фоиз ставкага боғлашлик билан лизинг муомаласи фоизли кредит муомаласига ўхшаб қолади. Бу эътирозга жавоб шуки, фоиз ставкаси фақат benchmark сифатида ишлатилади. Лизинг учун шарт бўлган шариатнинг бошқа кўрсатмалари тўлиқ бажарилар экан, ижара ҳақини белгилашда лизинг шартномаларида benchmark кўрсаткичлар бемалол ишлатилиши мумкин. Фоизли кредит билан лизинг ўртасидаги асосий фарқ молиявий ташкилотга ёки лизинг берувчига тўланадиган пул миқдорида эмас. Асосий фарқ шундаки, лизингда лизинг берувчи лизингга берилган мулкнинг рискини тўлиқ ўз зиммасига олади. Агар лизинг муддати давомида мулк нобуд бўлса, лизинг берувчи зарар кўради. Агар мулк лизинг олувчининг айбисиз ишдан чиқса, лизинг берувчи ижара ҳақини ундиришга ҳақли бўлмайди; фоизли кредитда эса қарздор олинган қарздан умуман фойда кўрмаган бўлса ҳам, молиявий ташкилот фоизни ундиришга ҳақли бўлади. Модомики, мана шу асосий фарқ сақланиб қолар экан (яъни лизинг берувчи лизингга берилган мулк рискини зиммасига олар экан), мижоздан олинадиган ижара ҳақи фоиз ставкаси билан бир хил бўлган тақдирда ҳам, бундай олди-бердини фоизли олди-бердилар қаторига киритиб бўлмайди.

Фоиз ставкасидан фақатгина benchmark мақсадида фойдаланиш лизинг шартномасини фоизли молиялаштириш каби ножоиз олди-бердига айлантириб қўймайди. Лекин шунга қарамасдан, фоиз ставкасидан иложи борича, ҳатто benchmark мақсадида бўлса ҳам фойдаланмаслик тавсия этилади. Шундагина, ислом молиявий муомаласи анъанавий молиядан мутлақ фарқланиб туради.

Иккинчи эътироз шундаки, фоиз ставкаларидаги доимий ва номаълум ўзгаришлар туфайли ижара ҳақларида шариатда ман қилинган жаҳала[5] ва ғарар[6] элементлари юзага келади. Шариатнинг асосий талабларидан бири шартноманинг баҳоси томонларнинг шартномага кириш вақтида уларга яхши маълум бўлиши керак. Лизингда шартнома баҳоси мижоздан олинадиган ижара ҳақи ҳисобланади, шунинг учун ҳам, шартномага кириш вақтида ижара ҳақи томонларга яхши маълум бўлиши лозим. Аммо, биз ижара ҳақларини келажакда ўзгариб турадиган фоиз ставкаларига боғлайдиган бўлсак, тўланадиган ижара ҳақи номаълум бўлиб қолади. Мана шу жаҳала ва ғарар туфайли бундай лизинг шартномаси ножоиз ҳисобланади.

Бу эътирозга жавобан айтамизки, жаҳала икки жиҳатдан ман қилинган:

а) Жаҳала томонларнинг низосига сабаб бўлиши мумкин. Аммо, бу даъво бизнинг мисолга тааллуқли эмас, чунки икки томон ҳам ўзаро розилик билан ҳаммага яхши маълум бўлган benchmark кўрсаткични ижара ҳақи миқдорини белгилаш учун ишлатишга келишишган. Бу кўрсаткич икки томонга ҳам маъқул бўлгани учун ҳеч қандай низога сабаб бўлмайди.

б) Жаҳала томонларнинг кутилмаган зарар кўришига сабаб бўлиши мумкин. Фоиз ставкаси келажакда ҳаддан зиёд даражада кўтарилиб кетиши мумкин, натижада, мижоз жиддий молиявий зарар кўриши мумкин. Бундай рискни олдини олиш мақсадида баъзи замонавий уламолар ижара ҳақи ва фоиз ставкаси ўртасидаги боғлиқликни маълум бир поғонагача чеклашни тавсия этишади. Масалан, лизинг шартномасига “ижара ҳақи фоиз ставкасининг ўзгаришига қараб ўзгариб туради, аммо бу ўзгариш ўтган ой ижара ҳақининг 15%дан ортиқ ёки 5%дан кам бўлмаслиги керак” деган шарт киритилиши мумкин. Бу агар фоиз ставкаси 15%дан ортиқ ўсадиган бўлса, ижара ҳақи фақат 15%га ошишлигини билдиради. Ва аксинча, агар фоиз ставкаси 5%дан ортиқ пасаядиган бўлса, ижара ҳақи кўпи билан 5%га камаяди.

Бизнинг фикримизча, бу таклиф масаланинг барча жиҳатларини инобатга олувчи ҳаммага маъқул бўлган ёндашувдир.

Ижара ҳақини кечиктиргани учун жарима

Айрим молиявий лизинг битимларида ижара ҳақини муддатидан кечиктириб тўлагани учун мижоздан жарима ундирилади. Бундай жарима, агар лизинг берувчининг даромадига қўшиладиган бўлса, шариатда жоиз ҳисобланмайди. Чунки ижара ҳақи муддати ўтгандан сўнг мижознинг қарзига айланади, ва унга нисбатан қарздорнинг ҳукми амалга киради. Қарзини кечиктирган қарздордан ундириладиган ҳар қандай тўлов Қуръони Каримда таъқиқланган рибо ҳукмида бўлади. Шу сабабдан, лизинг берувчи мижоздан ижара ҳақини кечиктиргани учун жарима ундира олмайди.

Ушбу имтиёзни айрим мижозлар ўз манфаатлари йўлида суистеъмол қилмасликлари учун муқобил ечимни йўлга қўйиш мумкин. Мисол учун, агар мижоз ижара ҳақини кечиктирадиган бўлса, ундан маълум бир миқдор пулни хайрия жамғармасига ўтказишни талаб қилиш мумкин. Молиявий ташкилот шу мақсад учун хайрия жамғармасини ташкиллаштириб, унга тушадиган жарималарни хайрия мақсадларга йўналтириши мумкин, жумладан муҳтожларга фоизсиз қарзлар бериши мумкин. Хайрия мақсадлар учун мижозлар томонидан тўланадиган пуллар кечиктириш муддатига қараб турлича бўлиши ҳамда уларнинг миқдори йиллик фоиз шаклида ҳисобланиши мумкин. Буни таъминлаш учун лизинг шартномасига қуйидаги банд киритилиши мумкин:

“Ижара олувчи ижара ҳақини тўлашда дефолтга йўл қўйса (белгиланган муддатда тўламаса), лизинг берувчи томонидан бошқариладиган Хайрия Жамғармасига йилига …..% миқдорида ҳисобланадиган жаримани тўлаб беради. Бу тўловлар шариат рухсат берган мақсадларда фақат хайр-эҳсон ишларига йўналтирилади ва ҳеч қачон лизинг берувчининг даромадига қўшилмайди.”

Бу банд лизинг берувчининг дефолт муддати давомида қўлдан чиқарадиган муқобил имкониятлар қийматини (Opportunity cost) қоплаб бермаса ҳам, ҳар қалай мижознинг ижара тўловларини вақтида тўлаб боришини таъминлашга ёрдам беради.

Лизинг шартномасининг тугатилиши

  1. Агар мижоз шартноманинг биронта бандини бузадиган бўлса, лизинг берувчи лизинг шартномасини бир томонлама тугатишга ҳақли бўлади. Аммо, мижоз томондан қоидабузарлик кузатилмаган бўлса, шартномани ўзаро розиликсиз тугатиш мумкин эмас. Айрим молиявий лизинг шартномаларида лизинг берувчига шартномани тугатиш бўйича чексиз ваколатлар берилган, ҳоҳлаган вақтида шартномани бир томонлама тугатиши мумкин. Бу нарса шариат кўрсатмаларига зид.
  2. Айрим молиявий лизинг битимларида ҳатто шундай шарт учрайдики, унда лизинг берувчи шартномани бир томонлама тугатишга қарор қилса ҳам, мижоз лизинг муддатининг қолган қисми учун ижара тўловларни адо этишга мажбур. Бундай шарт шариат кўрсатмаларига ҳам, виждонийлик ва адолат тамойилларига ҳам зид. Лизинг шартномасига бундай банд киритилишининг асосий сабаби шартнома лизинг бериш ғояси остида фоизли қарз беришга қаратилганидандир. Табиийки, бундай шарт шариатда жоиз эмас. Мантиқан олганда, лизинг тугатилгандан сўнг, лизинг берувчи ускунани қайтариб олиб кетиши керак, мижоз эса лизинг тугатилган кунгача бўлган давр учун ижара ҳақи тўлаши керак. Агар лизинг мижознинг ускунани нотўғри ишлатгани ёки эътиборсизлик туфайли унга зиён етказгани учун тугатилаётган бўлса, лизинг берувчи ундан етказилган зарарни қоплаб беришни талаб қилади, аммо лизингнинг қолган муддати учун ижара ҳақи тўлашни талаб қилмайди.

Мулкни суғурталаш

  1. Агар ижарага берилган мулк исломий суғурта такофул орқали суғурталанган бўлса, бу харажатлар лизинг берувчи ҳисобидан қопланади, мижоз ҳисобидан эмас. Анъанавий молиявий лизингларда бундай харажатлар мижознинг зиммасида бўлади.

Хуллас, лизинг шартномаларида учрайдиган муаммоларнинг рўйхати юқорида зикр қилинганлар билан тугамайди, бу ерда фақат асосийлари ёритилди. Шу билан бирга, ислом молияси тамойилларига мос келадиган лизингнинг асосий хусусиятлари ҳам баён қилинди. Ислом молиясида қўлланиладиган лизинг шартномалари юқорида айтилган барча талабларга жавоб бериши керак.

Тошкент ислом институти,“Ижтимоий фанлар”

кафедраси катта ўқитувчиси Алижон Равшанов

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

[1] Ибн Обидин, Рад ул-Мухтор, олтинчи жилд, 47-48 бетлар.

[2] Ибн Обидин, Радд ул-Мухтор, тўртинчи жилд, 64 бет.

[3] Benchmark сўзининг мезон, кўрсаткич деган маънолари бор. Банк амалиётида “молия бозорида устувор бўлган фоиз ставкаси”, “капиталини инвестиция қиладиган молиявий ташкилотлар интиладиган даромадлик кўрсаткичи” маъноларида ишлатилади.

[4] LIBOR (Inter-bank offered rate in London) – Лондоннинг илғор банклари орасида қарз олишда ишлатиладиган фоиз ставкалари асосида ҳисоблаб чиқарилган, бошқалар учун бозор кўрсаткичи бўлган ўртача фоиз ставка.

[5] Жаҳала деб олди-сотдининг объекти бўлмиш савдо моли ёки унинг нархи ҳақида билимга эга бўлмаслик ҳолатига айтилади. Бошқача айтганда, олди-сотди шартномасининг томонлари шартнома объекти, мазмуни, шартноманинг амалга ошиш хусусиятлари ҳақида етарли илмга эга бўлишмайди.

[6] Ғарар сўзи ноаниқлик, алдов, хатар каби маъноларни билдиради. Ислом молиясида ғарар аралашган олди-бердилар ножоиз ҳисобланади, чунки шартномадаги ноаниқлик келгусида низога, томонлардан бирининг ҳуқуқи поймол бўлишига олиб келиши мумкин.

389430cookie-checkИслом молиясида ижара ва лизинг шартномалари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: