Бугунги глобаллашув шароитида дунё янгиликларини ўрганиш ва уларни синтез қилиш, оқини қорасидан ажратиб бориш, албатта, муҳим фаолиятдир. Зеро, дунёда бўлаётган жараёнларга эътиборсиз қолиб, кўз юмиб бўлмайди.
Аллоҳ таолонинг иродаси ила дунёда Одам фарзандлари турли миллат ва элат вакилларига ажратилган. Уларни бир-бирларидан ажратувчи энг асосий восита бу тилдир. Тиллар бошқаларидан шунчалик даражада фарқланиб кетганки, уларни узоқ ва чуқур ўрганишларсиз тушуниб, англаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ўз тилидан бошқа тилларни билувчилар жамиятда унчалик кўп учрайвермайди, балки баъзилар бир нечта тилларни билса, бошқалари ундан бошқаларини ўзлаштирган бўлади, ва бошқа тоифа эса фақатгина маҳаллий тилинигина билади холос.
Лекин, уларнинг дунё янгиликларидан бир хил хабардор бўлишга ҳақлари бор ва бу борада улар тенгдирлар. Шундай экан фақат бир гина йўл, яъни турли хил тилларда келаётган маълумотларни маҳаллий тилга таржима қилиш ва жамиятнинг барча қатлам вакиллари учун тақдим қилиш зарур бўлади. Бундан маълум бўладики, таржимонларнинг, яъни касб юзасидан эмас, балки таржима қилишга салоҳиятли бўлган шахсларнинг жамият ҳаётидаги ўрни аҳамиятлидир.
Аслида таржимадан кўзланган мақсад – хорижий тил лисоний воситалари ёрдамида яратилган матн ёки нутқни она тили материали асосида қайта яратишдан иборатдир. Бунинг учун таржимон, биринчи навбатда, асл нусхани тўла-тўкис идрок этиши, сўнгра уни ўз тилида беками-кўст қайта ифодалаши даркор. Муаллиф бермоқчи бўлган маълумот ёки яратган воқеъликни тўлалигича идрок этиш учун таржимон кенг мушоҳада қувватига эга бўлгани ҳолда, асар таркибидаги лисоний воситаларнинг мазмуний ва услубий-эстетик жиҳатларини тўғри англаши, шу билан бирга муаллиф назарда тутган бош ғояни, унинг ният ва мақсадларини. очиқ-ойдин кўзга ташланиб турган воқеа-ҳодисалар тасвиридан ташқари яна матн ортида турган воқеъликни, бир сўз билан айтганда нафақат лисоний, балки ғайрилисоний омилларни ҳам тўла-тўкис тасаввур этиши зарур. Токи натижа шундай бўлсинки, аслият ўз ўқувчи ёки тингловчисига қандай тушунча ёки завқ бахш этса, унинг таржимаси ҳам асарни аслиятда мутолаа қила олмайдиган ўқувчи ёки эшитувчига худди шундай таассурот инъом этсин.
Таржимада нуқсонларни кўрган шахс аслни саёзликда айблайди, ёки умуман ундаги ғояга қарши фикр пайдо қилади. Натижада асл асардан кўзланган мақсад амалга ошмайди, балки тескари таъсир кўрсата бошлайди. Шунинг учун ҳам таржиманинг маълумотлар алмашинуви жараёнларида аҳамияти жуда каттадир.
Мазкур фикрларни хулосаси ўлароқ айтиш мумкинки, барча илмлар қатори таржимонлик илми ёки тил ўрганиш ҳар доимгидан кўра бугунги глобаллашув шароитида энг муҳим вазифалардандир.
Тошкент ислом институти битирувчиси
Иброҳим Аҳмаджонов