Тошкент ислом институтида “Июнь – Миллий-маданий меъросимизни ўрганиш” фан ойлиги деб эълон қилинган.
Шу муносабат билан “Ижтимоий фанлар” кафедраси томонидан “Миллий-маданий меъросимизни ўрганамиз” номли давра суҳбати ўтказилди.
Модуль таълим тизими талабалари иштирок этган тадбирга маърузачи сифатида “Ижтимоий фанлар” кафедраси доценти, психология фанлари номзоди Хўжакелди Алимов таклиф этилди.
Мустақилликка эришганимиздан сўнг шўро даврида “миллатчи” деб бадном этилиб қатағон қилинган халқимизнинг миллатпарвар фарзандлари тарихий хотираси қайта тикланди.
Эл-юртимиз тақдирига дахлдор бўлган тарихий адолатни тиклаш, халқимиз ва миллатимизнинг яқин ўтмишидаги ёпиқ саҳифаларини тўла очиб бериш, шу тарихдан сабоқ чиқариб, бугунги ва келажак ҳаётимизга онгли қарашни шакллантириш, бегуноҳ қурбон бўлган инсонлар хотирасини абадийлаштириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Мустақиллик фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбандий таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари асосида тарбия қилиш имкониятларига эга бўлдик. Бугун гувоҳ бўлиб турган юксак эътироф аввало ана шундай аждодларимизнинг табаррук номлари ва қолдирган меросига қўшган беқиёс ҳиссасига берилган муносиб баҳо демакдир. Мустақиллик даврида исломий қадриятлар тикланди, иймон-эътиқодимиз ўзимизга қайтди.
Энг муҳими, мамлакатимизнинг барча ҳудуд ва минтақаларида исломий қадриятларни тиклашдек эзгу мақсад йўлида ҳамма учун ибратли ва ҳайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Дунёвий ва диний ғоялар бир-бирини бойитиб борган шароитда тараққиёт юксак босқичга кўтарилди Бунга башарият тарихда ўчмас из қолдирган Имом Бухорий ва Мусо Хоразмий, Имом Мотуридий ва Абу Райҳон Беруний, Имом Ғаззолий ва Ибн Сино, Имом Термизий ва Абу Наср Форобий сингари буюк заковат соҳиблари яшаб фаолият кўрсатган даврлар ёрқин мисол бўла олади.
Бухородаги Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуиддин Нақшбанд, Минораи Калон ва Масжиди Калон мажмулари, Сурхондарёдаги Ҳаким Термизий ва Имом Термизий, Хивадаги Ичан қалъа, Шахрисабздаги Доръут тиловат, Қарши шаҳридаги Одина ва Кўкгумбаз обидалари, Кармана шаҳридаги Қосимшайх мақбарасини айтиш мумкин. Бу амалга оширилган ишлар халқимизнинг тарихий хотираси, миллий ўзлиги ва маънавиятининг юксалишида катта аҳамиятга эгадир.
Қадимий ёзувлар, битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналари, улуғ шоир ва мутафаккирларимиз яратган дунёвий билим ва бадиий асарлар, Қуръони Карим, ҳадис, ва бошқалар бизнинг бой маънавий меросимиз ҳисобланади.
Улар инсон ички дунёсининг, руҳиятининг, ички маънавиятининг сайқал топишига қаратилган. Умуман олганда мустақилликдан кейинги даврларда амалга оширилиган ислоҳотларнинг аксарият қисми маънавият соҳасига қаратилган бўлиб, буюк маънавий меросни ўрганишдан иборатдир.
ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси
кабинет мудири Мавлянкулов Мурод