islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Интернет энг қулай восита

Афсуслар бўлсинки ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабар ва маълумотларнинг ҳаммаси хам тўғри ва ишончли деб бўлмайди. Шунинг учун интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали олинаётган хабарларга мутлоқ ҳақиқат деб қарамаслик улардан фойдаланишнинг муҳим шартларидан биридир.

Бу ҳақида Қурьони каримнинг «Хужурот» сурасида шундай дейилади: «Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (хақиқий ахволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (6-оят). Бундан кўринадики, мазкур тармоқлардан олинаётган хабарларга текшириб кўрмай ишониш ва уларни бошқаларга тарқатиш ислом дини кўрсатмаларига ҳам хилоф саналади.

Бу борада Қуръони каримнинг яна бир оятида инсонлар учун муҳим кўрсатма келган бўлиб, унда турли ижтимоий тармоқлар орқали олинаётган хабар ва маълумотларга кўр-кўрона эргашишдан қайтарилади: (Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур) (Исро, 36). Демак, инсон интернет ва ижтимоий тармоқларда кўрган, эшитган ҳар бир маълумотига ишониши, унга эргашиши оқибатида Аллоҳ олдида ҳам сўралади.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда ўртага ташланадиган фикр-мулоҳазаларни билдиришдан олдин чуқур ўйлаб, «етти ўлчаб бир кесмоқ керак булади. Чунки ижтимоий тармоқнинг иккинчи томонида туриб мулоқот қилаётган шахс ҳам инсон, компьютер эмас, унинг ҳам қалби бор. Ижтимоий тармоқ орқали билдирилаётган фикримиз ўзгаларга озор етказиб қўйиши ёки иззат-нафсига тегиши мумкинлигини эътибордан қочирмаслик зарур. Интернет оламидаги комментариячилар ҳамма қўйилган малумотларга ўз фикрларини билдираман деб кимларнидир ҳақорат, кимларнидир ғийбат, кимларнидир тухмат қиляптилар, ваҳоланки баъзилари ибодатда… Азизлар ўйлаб кўрсинлар Қиёмат кунида банда намози, рўзаси ва закоти билан келади. Савоби оғир келиб, энди жаннатга кираман деб турганда, ундан ҳақдорлар ҳаққини олсин дейилади. Энди ўша сиз танимасдан ҳақорат қилган, ғийбат қилган, тухмат қилган кимсалар ўз ҳаққини олганда шунча савоблари тугаб уларнинг гуноҳлари юкланганда, юзлари қаро бўлиб дўзахга улоқтирилишдан қўрқмайдиларми…

Бундан ташқари, одамлар ўртасида бехуда ва лағв гапларни тарқатиш, ўзгаларни обрўсизлантириш учун ҳаракат қилиш динимизда қаттиқ қораланган амаллардан саналади. Бу ҳақида Пайғамбар (алайҳиссалом)дан ҳам кўплаб ҳадислар етиб келган. Жумладан, Расулуллох (алайҳиссалом): «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга хиёнат килмайди, ёлғон сўзламайди ва уни хўрламайди. Ҳар бир мусулмон бошқа мусулмоннинг обрўси, моли ва жонига (тажовуз қилмоғи) ҳаромдир. Тақво бу ерда (яъни, қалбда)дир. Киши мусулмон биродарини паст санамоғи унинг ёмонлигига кифоя қилади», дедилар. (Имом Термизий ривояти).

Интернет ва бошқа ижтимоий тармоқларда инсон хеч ким уни назорат қилмаса ҳам доимо Аллох уни кузатиб турганини хис қилмоғи лозим. Бу ҳақида Қуръони каримда «Албатта, Раббингиз (барча нарсани) кузатиб турувчидир» (Фажр,14) деб марҳамат қилинади.

Бундай вазиятда ёши улуғ, кўпни кўрган муйсафидлар, устоз ва мураббийлар ҳамда ота-оналардан улкан матонат ва фарзандлар тарбияси учун жонкуярлик талаб этилади. Чунки ёшларни хеч качон интернет, ижтимоий тармоқлар ва бошқа замонавий телекоммуникация воситаларидан бутунлай чеклаб бўлмайди. Ўз навбатида бундай қилиш салбий оқибатларга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бунинг ўрнига ёшларни замонавий телекоммуникация воситаларидан тўғри фойдаланишга ўргатиш, одоб-ахлоқ ва хавфсизлик қоидаларига амал қилишга ундаш лозим. Чунки қадимдан ўзбек халқи илм-фан ва одоб-ахлокда бутун оламга ўрнак ва намуна бўлиб келган.

Шу билан бирга, аждодларимиз одоб-ахлоқ, илм-фан билан боғлиқ ютукларни юксак қадрлаб, уларнинг авлоддан авлодга етиб боришига ҳам алохида эътибор қаратганлар. Шундай экан, интернет ва ижтимоий тармоқдан фойдаланишда аждодлар ўгитлари ва динимиз кўрсатмаларига амал қилсак, албатта, замонавий илм-фан ютуқларини тараққиёт, юрт ободлиги ва фаровонлиги учун йўналтира олган бўламиз.

Қашқадарё вилояти Косон тумани “Абдураҳмон Ҳалифа”

жоме масжиди имом-хатиби А.Норқулов

399720cookie-checkИнтернет энг қулай восита

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: