Тошкент ислом институтининг Ахборот-ресурс марказига ХХ аср ўзбек адабиётининг улкан намоёндаларидан бири Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” (Bygone days by Abdullah Qodiriy) романи ингилиз тилидаги янги нашри ҳадя қилинди.
“Ўткан кунлар” романи ўзбек адабиётининг роман жанридаги илк асардир. Шу билан ёзувчи ўзбек романчилигига асос солган. 1922 йил “Инқилоб” журналида романдан боблар эълон қилинади. 1924-1926 йилларда ҳар бир бўлими алоҳида китоб ҳолида нашр этилади. Роман орқали Абдулла Қодирий халқнинг миллий онгини уйғотмоқчи, “тарихимизнинг энг кир, қора кунлари” “хон замонлари”нинг мудҳиш тарихий жараёнлари ҳақида сўз очиб, бундан халққа сабоқ бермоқчи бўлади. Адиб тараққийпарвар зиёлилар қаторида туриб миллат тақдири устида астойдил қайғуради, нажот йўлини эса адабиётда кўргани боис миллий руҳдаги асарлар яратишга киришади.
Мазкур адабиёт профессор-ўқитувчи ва талабалар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. Хусусан, “Тиллар” кафедраси Ингилиз тили фани ўқитувчиси Ф.Эрназаров Модуль таълим тизими 508-гуруҳ талабаларига китоб ҳақида маълумот берди.
Машҳур асарни америкалик олим, АҚШ Ҳарбий-денгиз академияси минтақавий тадқиқотлар марказининг собиқ директори Марк Риз таржима қилган. У Тинчлик корпусининг Ўзбекистондаги биринчи кўнгиллиларидан бири ҳисобланади.
Риз романнинг таржимаси устида 15 йилдан кўпроқ иш олиб борган. Ўзбекистон элчихонаси, АҚШдаги ўзбеклар ҳамда ўзбекистонлик мутахассислар кўмагида китобнинг чоп этилиши жараёни анча жадаллашиб, китоб сотувга чиқарилди ва “5 юлдузли” рейтингга эга.
660 саҳифадан иборат китобда Абдулла Қодирий томонидан асарни ёзишда қўлланган атамаларга ва ўзбек халқи маданияти, анъаналари ва урф-одатларининг ўзига хос жиҳатларини тушунтирувчи 400 дан кўпроқ изоҳ берилган.
Ахборот-ресур маркази мудири
Абдулазиз Кадиров