islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ЎЗАРО МЕҲР-МУҲАББАТ КАЛИТИ — САЛОМЛАШИШДИР

Саломлашиш динимиз шиорларидандир. Шу билан бирга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган суннат амаллардан ҳисобланади.

Инсонлар бир-бирлари билан саломлашишларининг тарихи жуда қадим замонларга етиб боради, хусусан унинг “Салом” сўзи билан бўлган ифодаси кўҳнадир.

Ҳақ таоло Салом бериш ва саломга қайтариладиган алик чиройли суратда бўлиши ҳақида марҳамат қилиб айтади:

وَإِذَا حُيِّيتُمْ بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّوا بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا

سورة النساء/86

яъни: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз…”.

Саломлашиш инсонлар ўртасида ўзаро тотувлик, дўстлик, бирдамлик ва муҳаббат ришталарини мустаҳкамлашини ҳар бир оқил инсон яхши билади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло жанннат аҳли ўрталаридаги ва малоикалар билан бўладиган сўрашишлари салом билан бошланишини ихтиёр қилган. Қуръони каримда воридким:

تَحِيَّتُهُمْ يَوْمَ يَلْقَوْنَهُ سَلَامٌ وَأَعَدَّ لَهُمْ أَجْرًا كَرِيمًا

 سورة الأحزاب/44

яъни: “Унга (Аллоҳга) рўбарў бўладиган кундаги уларга (Аллоҳнинг) истиқбол сўзи “салом”дир. Улар учун (У) ёқимли мукофот (жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир”.

Бошқа бир ояти каримда эса:

وَالْمَلَائِكَةُ يَدْخُلُونَ عَلَيْهِمْ مِنْ كُلِّ بَابٍ  سَلَامٌ عَلَيْكُمْ بِمَا صَبَرْتُمْ فَنِعْمَ عُقْبَى الدَّارِ

سورة الرّعد/23-24

яъни: “(У) абадийлик боғлари бўлиб, (улар) у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат солиҳ (банда)лар билан бирга кирурлар. Сўнгра уларнинг ҳузурларига ҳар (бир) эшикдан фаришталар кириб (дерлар): (Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши!”.

Макаримул ахлоқ соҳиби бўлган Пайғамбаримиз (а.с.) ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида умматларини ўзаро бир-бирларига салом беришга ва саломни очиқ-равшан айтишга тарғиб ва ташвиқ этганлар. Ул зот марҳамат қилиб айтдилар:

 لاَ تَدْخُلُوا الْجَنَّةَ حَتىَّ تُؤْمِنُوا ، وَ لاَ تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا ، أَوَلاَ اَدُلُّكُمْ عَلىَ شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهُ تَحَابَبْتُمْ ، اَفْشُوا السَّلاَمَ بَيْنَكُمْ

 رواه ﻣﺴﻠﻢ

яъни: “Имонга келмагунингизга қадар жаннатга кира олмайсизлар ва бир-бирларингизни дўст тутмагунингизга қадар имонли бўла олмайсизлар. Сизларни, агар билсаларингиз, ўзаро дўст бўлишингизга боис бўладиган нарсага далолат қилайми? Ўрталарингизда саломни равшан эшиттиринглар ва ўрталарингизда ошкора айтинглар!”

Салом беришдаги энг чиройли ва мукаммал лафз бу – Ассалому алайкум, деб айтишлик ва унга жавобан Ваалайкумуссалому ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу деб зиёда салом бериш суннатдир. Шунингдек, от-уловдаги киши пиёдага, озчилик кўпчиликка, юриб бораётган киши ўтирган ёки ўрнида тик турганларга, кичик каттага салом беришга тавсия қилинади.Ҳақиқатан, ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало, саломлашишни ўргатади. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халқ йўқ. Бежизга доно халқимиз «Гапнинг боши – калом, одоб боши – салом», демаган.

Бирор нотаниш киши билан кўришиб-танишмоқчи бўлсангиз, салом беришингиз билан гап-гапга қовушади, ўртадаги бегонасираш, ноқулайлик барҳам топади. Ҳатто мухолифингизнинг ҳузурига «Ассалому алайкум», (Сизга тинчлик-омонлик бўлсин) деб кирсангиз, у жаҳлидан тушади, кеки йўқолади, кўнгли сизга мойиллашади. Саломлашишнинг савоби, бунга бериладиган ажр-мукофотлар-ку, ҳаммасини босиб кетади.

Абдуллоҳ ибн Аббос: «Ҳар бир нарсанинг ниҳояси бор, саломнинг ниҳояси баракотдир», деганлар. Хабарларда келишича, энг яхши амал очларни тўйдириш ва таниган-танимаган кишига салом беришдир.

Ҳусайн Воиз Кошифий бундай ёзади: «Агар «Саломга жавоб бериш одоби қайси?» деб сўрасалар, «Бунинг еттита шарти бор», деб айт. Биринчидан, саломга хурсанд бўлиб алик олиш. Иккинчидан, салом берганга «Раҳмат», дейиш. Учинчидан, Ислом миллатига мансуб бўлмаган одам салом берса ҳам алик олиш. Тўртинчидан, саломга алик олувчининг ҳам таҳоратли, пок бўлиши. Бешинчидан, кўп киши турган бўлса, ораларидан бир одам саломга жавоб қайтарса кифоялиги. Олтинчидан, саломга ишорат ёки имо билан эмас, овоз чиқариб алик олиш. Еттинчидан, саломга алик олганда салом берган кишининг эшитиши зарурлиги».

  • Салом бериш ва алик олиш хусусида ахлоқ-одобимизнинг қуйидаги бир қанча кўрсатмалари бор:
  • «Аввал салом, кейин калом» (яъни бошқа гап-сўзлар).
  • «Салом бермагунича, бировни таомга чақирманглар».
  • «Оила аъзоларингиз ҳузурига, яъни уйингизга салом билан киринг, шунда сизга ҳам, оилангиз аъзоларига ҳам барака ёғилади».
  • «Одамларнинг Яратганга энг яқини бошқаларга энг аввал салом берганидир».
  • «Бир-бирларингиз билан саломлашиб юринглар, шунда ўрталарингизда меҳр-муҳаббат уйғонади».
  • Аллоҳ таоло барчамизга юқоридаги кўрсатмаларга амал қилиб ҳаёт кечирмоқликни насиб қилсин!

 

Тошкент ислом институти талабаси

Муҳаммадамин Жўрабек ўғли

411430cookie-checkЎЗАРО МЕҲР-МУҲАББАТ КАЛИТИ — САЛОМЛАШИШДИР

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: