islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Инсон фитрати

Дин-диёнатда сустроқ, гуноҳга берилган бир инсон ўзи ҳақида сўзлаяпти: “Кеча кечқурун ичимда жуда қаттиқ оғриқ пайдо бўлди. Қорним буралиб қолди. Ичакларим узилиб кетгандай ҳис этардим ўзимни. Шу он бирдан хаёлимга Аллоҳ келди. Гуноҳларим кўз ўнгимдан ўтди. Қилиб юрган ишларимга, намоз ўқимай, фисқу фужурга ботганимга афсуслар чекдим. Зудлик билан тавба қилдим”.

Аслида, инсон шундай бўлади. Бошига синов келган пайт Роббисини эслаб қолади. Ҳатто талабалар ҳам имтиҳон олдидан “Аллоҳ!” деб қолишади. Дардига шифо тополмаган беморлар-да Ўзига ёлворишни бошлаб, ибодатга шўнғийдилар. Буларнинг барчаси табиий равишда, ич-ичидан келади. Чин дилдан киришадилар. Шундай пайтларда инсон ўзидан сўраб кўрсин: нега бу онда Аллоҳга қайтиб қоляпман?

Ўтмиш саҳифаларини варақлайдиган бўлсак, тарихда урушлари билан ном қозонган қўмондонлар бўлсин, жанглари билан барчани титратган аскарлар бўлсин, жанг олдидан Роббиларини эслаб қолганлар. Бир-бирларини ибодатга чорлаганлар.

АҚШда чоп этиладиган журналларнинг бирида худосиз хонадонда ўсиб-улғайган аскарнинг ҳикояси мақола сифатида берилибди:

“Уруш пайтлари, парашют ўйлаб топилганига ҳали кўп бўлмаган даврлар эди. Диндан хабардор эмасдим. Мактабимда ҳам дин нималиги тушунтирилмаган. Қўпол қилиб айтсам, еб-ичишдан бошқасини билмайдиган бўлиб ўсганман. Лекин илк парашютдан сакраганимда у ҳали очилмасдан туриб ич-ичимдан “Эй Аллоҳ!” деб нидо қилганман. Очилмай қолса-чи, ерга қулаб тушсам-чи, деб роса қўрқиб кетганман. Бу сўз тилимга қандай келганидан ҳайрон эдим”.

Ҳа, ҳар инсон фитратда туғилган-у, бироқ фитратидаги кўп нарсаларни унутгандир. Шундай пайтларда табиатида беркитилган нарсалар ўзини ошкор қила бошлайди.

Аслида, бу ажабланарли вазият эмас. Чунки инсоннинг қалб тубида бундай туйғу мавжуд ва йўқ бўлиб кетмас. Ўша нарсанинг номи фитратдир. Унутманг, инсон дини бор жонзотдир.

Баъзида дунё юмушлари, ҳою-ҳавасга берилиш, моддиятга муккасидан кетиш чангли йўл тўзони каби ҳамма ёғимизни ўраб, кўмиб ташлайди. Хавф-хатар туғилса, мусибатлар бошимизга келса, ночор қолишимиз биздан моддият чангларини қоқиб туширади. Бу пайтда аста асл ўзлигимиз, фитратимиз намоён бўла бошлайди, Аллоҳни таниганимизни ҳис қиламиз. Хоҳламасак-да, беихтиёр қалбдаги иймон юзага чиқади.

Франциялик ёзувчи Анатол Франс даҳрий бўлган кезларида қуйидагиларни айтган:

“Шифохонага даволаниш мақсадида келган бемордан таҳлил учун қон ва бавл олинган чоғда натижа унинг қанд касалига дучор бўлганини кўрсатса, у беихтиёр “Эй Аллоҳ!” деб юборади”.

Ҳали у пайтлар қанд касалининг давоси – инсулин кашф қилинмаган эди. Худди шундай, Анатолнинг сўзларини замонамиздаги давоси ҳали топилмаган ҳар қандай касаллик миқёсида кўриб чиқишимиз мумкин. У хоҳ саратон бўлсин, хоҳ ОИТС… Одам ўзида буларнинг борлигини англагач, “Эй Аллоҳ!” деб юбориши табиий, бундан бошқаси эмас!

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат

бўлими ходими Исломбек Дадабаев

411460cookie-checkИнсон фитрати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: