Машҳур аллома Абу Наср Форобийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида қандай маълумотларни биласиз?
Абу Наср Форобий жаҳон маданиятига ўзининг катта ҳиссасини қўшган Марказий Осиёлик машҳур файласуф, қомусий олим бўлган. Форобийнинг тўлиқ исми Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Узлуғ Тархон.
Ўрта асрнинг бир қанча илмий ютуқлари, умуман Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида тараққийпарвар ижтимоий-фалсафий тафаккур ривожи унинг номи билан боғлиқ.Улуғ аллома Абу Наср Форобий ўз замонаси илмларининг барча соҳасини мукаммал билган ва бу илмлар ривожига катта ҳисса қўшганлиги, юнон фалсафасини шарҳлаб, дунёга кенг танитгани туфайли Шарқ мамлакатларида унинг номи улуғланиб, “Ал-муаллим ас-соний” – “Иккинчи муаллим” (Аристотелдан кейин), “Шарқ Арастуси” деб юритилган.
Машҳур аллома Форобий 873 йилда туркий қабилалардан бўлган ҳарбий хизматчи оиласида, Сирдарё қирғоғидаги Фороб – Ўтрор деган жойда туғилган. У туғилган ҳудуд Сомонийлар томонидан бошқарилиб, араб халифалигининг шимолий чегараси ҳисобланган.
Абу Наср Форобий бошланғич маълумотни она юртида олди. Сўнг Тошкент (Шош), Бухоро, Самарқандда ўқиди. Кейинроқ ўз маълумотини ошириш учун араб халифалигининг маданий маркази бўлган Бағдодга келди. Бағдодда бу даврда мусулмон дунёсининг турли ўлкаларидан, хусусан, Марказий Осиёдан келган кўп илм аҳиллари тўпланишган эди. У ерга бора туриб улуғ аллома Форобий Эрон шаҳарлари Исфаҳон, Ҳамадон, Рай ва бошқа жойларда бўлди.
Улуғ аллома Форобий Бағдодда ўрта аср фани ва тилининг турли соҳалари, юнон фалсафий мактаблари билан чуқур танишиб, ўзга диний эътиқод, фалсафий фикрдаги кишилар билан илмий мулоқотда бўлди. Абу Башар Матта ибн Юнусдан (870–940) юнон тили ва фалсафасини, Юҳанна ибн Хийлон (860– 920)дан табобат ва мантиқ илмини ўрганди. Айрим маълумотларга қараганда, у 70 дан ортиқ тилни билган.
Тахминан 941 йилдан бошлаб улуғ аллома Форобий Дамашқда яшаган. Шаҳар чеккасидаги боғда қоровул бўлиб, камтарона кун кечириб, илм билан шуғулланган. Ҳаётининг сўнгги йиллари у Ҳалаб (Алеппо) ҳокими Сайфуддавла Ҳамдамид (943–967) илтифотига сазовор бўлди. Тадқиқотчилар унинг Ҳалабдаги ҳаётини энг самарали давр ҳисоблайдилар. Чунки бу ҳоким ҳурфикрлилиги, илм-фанга эътибор берганлиги билан ажралиб турган. У Форобийни саройга таклиф этади, лекин Форобий бунга кўнмайди, оддий ҳаёт кечиришни афзал кўради. Форобий 949–950 йилларда Мисрда, сўнг Дамашқда яшаб, шу ерда вафот этган ва “Боб ас-сағир” қабристонига дафн қилинган.
Айтишларича, ўлимидан сўнг мозори ёнида подшонинг ўзи тўрт қамиш устида намоз ўқиган.
Машҳур аллома Абу Наср Форобий ўрта аср даври табиий-илмий ва ижтимоий билимларининг қарийб барча соҳаларида 160 дан ортиқ асар яратган. У турли билимларнинг назарий томонлари, фалсафий мазмуни билан кўпроқ қизиққанлиги учун унинг асарларини 2 гуруҳга ажратиш мумкин:
- юнон файласуфлари, табиатшуносларининг илмий меросини изоҳлаш, тарғиб қилиш ва ўрганишга бағишланган асарлар;
- фаннинг турли соҳаларига оид мавзулардаги асарлар.
Машҳур аллома Форобий қадимги юнон мутафаккирлари – Платон, Аристотел, Эвклид, Птолемей, Порфирийларнинг асарларига шарҳлар ёзган. Айниқса, Аристотел асарлари (“Метафизика”, “Этика”, “Риторика”, “Софистика” ва б.)ни батафсил изоҳлаб, қийин жойларини тушунтириб бера олган, камчиликларини кўрсатган, айни вақтда бу асарларнинг умумий мазмунини очиб берувчи махсус асарлар яратган.
Машҳур аллома Форобий шарҳлари Ўрта ва Яқин Шарқ илғор мутафаккирларининг дунёқарашини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Абу Али ибн Сино Форобий шарҳлари (“Метафизика” – “Мобаъдий табиат”)ни ўқиб, Аристотел асарларини тушунганини алоҳида таъкидлайди. Форобийнинг шарҳ ёзиш фаолияти фақат Шарқнигина эмас, ўрта аср Европасини ҳам юнон илми билан таништиришда катта рол ўйнади. Мутафаккир ўз асарларини ўша даврда Шарқ мамлакатларида илмий-адабий тил ҳисобланган араб тилида ёзади.
Машҳур аллома Форобий шунингдек, араб ва форс тилларида фалсафий мазмундаги шеърлар ҳам ёзган. Форобий асарлари ХII–ХIII асрлардаёқ лотин, қадимий яҳудий, форс тилларига, кейинчалик бошқа тилларга таржима қилиниб, дунёга кенг тарқалган. Сўнгги асрларда кўчирилган нусхалари кўп мамлакатларнинг кутубхона ва муассасаларида сақланади.
Машҳур аллома Форобийнинг табиий-илмий фанлар ҳақидаги қарашлари “Илмларнинг келиб чиқиши ва таснифи” асарида батафсил ёритилган. Китобда ўрта асрда маълум бўлган 30 дан ортиқ фаннинг таърифи, аҳамияти кўрсатиб берилади. Шу нарса диққатга сазоворки, Форобий табиий ва ижтимоий фанларни вазифасидан келиб чиқиб тўғри фарқлаган. Унинг талқинича, математика, табиатшунослик, метафизика фанлари инсон ақлини билимлар билан бойитиш учун хизмат қилса, грамматика, мантиқ, шеърият каби илмлар фанлардан тўғри фойдаланишни, билимларни бошқаларга тўғри тушунтириш, яъни ақлий тарбия учун хизмат қилган. Сиёсат, ахлоқ, таълим-тарбияга оид билимлар эса кишиларнинг жамоаларга бирлашувини, ижтимоий ҳаётга тегишли қоидаларни ўргатади.Машҳур аллома Форобий инсоннинг амалий фаолияти учун табиий фанларнинг аҳамиятини яхши тушунади. Бундай фанларни у реал нарсалар ҳақидаги илмлар деб атайди.
У юнон табиатшунослари Эвклид, Птолемей, Гален китобларига ёзган шарҳларида, ўзининг геометрияга доир китобида антик дунё, ўрта аср математик ғояларининг йирик билимдони сифатида майдонга чиқди, математиканинг бир қанча мураккаб категориялари ва мавҳум тушунчаларини илмий нуқтаи назардан ҳал этиш йўлларини қидирди, хусусан, сон ҳақидаги эҳтимоллик назарияси тўғрисидаги ғояларни бойитди.
Машҳур аллома Форобийнинг тиббий қарашлари “Инсон аъзолари ҳақида” рисоласида баён қилинган. У инсон аъзоларини, турли хил касалликлар сабабини, уларнинг пайдо бўлиш шароитларини алоҳида-алоҳида ўрганишни, организмнинг саломатлигини тиклаш учун керакли озиқ-овқатларга эътибор беришни қайд этади. Инсоннинг руҳий ва жисмоний ҳолати ташқи омиллар, муҳит таъсирига боғлиқлигига эътибор беради. Унинг тиббиёт вазифаси, мақсади ҳақидаги қарашлари Ибн Синонинг бу ҳақдаги қарашларига катта таъсир кўрсатди. Форобий дунёқарашининг шаклланишига, асосан, Шарқнинг қадимги илғор маданияти анъаналари, араб халифалигига қарши халқ ҳаракатлари, ўрта аср табиий-илмий тафаккур ютуқлари, Юнонистоннинг фалсафий мероси таъсир кўрсатди.
Машҳур аллома Форобий ўрта асрлар шароитида биринчи бўлиб жамиятнинг келиб чиқиши, мақсад ва вазифалари ҳақида изчил таълимот яратди. Бу таълимотда ижтимоий ҳаётнинг кўп масалалари – давлатни бошқариш, таълимтарбия, ахлоқ, маърифат, диний эътиқод, уруш ва яраш, меҳнат ва бошқалар қамраб олинган. Форобий “Фозил шаҳар аҳолисининг маслаги” рисоласида жамият (“инсон жамоаси”)нинг келиб чиқиши ҳақида бундай ёзади: “Ҳар бир инсон табиатан шундай тузилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоқ учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади, у бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди, уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади… Бундай жамоа аъзоларининг фаолияти бир бутун ҳолда, уларнинг ҳар бирига яшаш ва етукликка эришув учун зарур бўлган нарсаларни етказиб беради. Шунинг учун инсон шахслари кўпайдилар ва ернинг аҳоли яшайдиган қисмига ўрнашдилар, натижада инсон жамоаси вужудга келди”.
Улуғ аллома Абу Наср Форобий шаҳарни ижтимоий уюшишнинг етук шакли, инсоният камолотга эришишининг зарурий воситаси, деб ҳисоблайди. Бутун инсонларни ўзаро ҳамкорликка, халқларни тинчликка чақиради, дунёда ягона инсон жамоасини тузиш ҳақида орзу қилади.
Улуғ аллома Абу Наср Форобий ўз давридаёқ буюк олим сифатида машҳур бўлган. Шарқ халқларида у ҳақда турли ҳикоя, ривоятлар вужудга келган. Ўрта аср олимларидан Ибн Халликон, Ибн Қифтий, Ибн Аби Усабиъа, Байҳақийлар ўз асарларида Форобий ижодини ўрганиб, унинг ғояларини ривожлантирганлар.
Хусусан, Ибн Рушд Форобий асарларини ўрганибгина қолмай, уларга шарҳлар ҳам ёзди. Аверроизм номи билан машҳур бўлган унинг фалсафий таълимотининг шаклланиши дастлаб Форобий ва Ибн Сино фаолияти билан боғлиқ. Аверроизм илмий тенденцияларни ифодаловчи илғор йўналиш сифатида кенг ёйилган ва Уйғониш даврининг кўп илғор мутафаккирлари дунёқарашига таъсир кўрсатган.
Ҳаётининг кўп йилларини у араб халифатининг сиёсат ва маданият маркази ҳисобланмиш Боғдодда ўтказган. Бу ерда у “Байт ул ҳикмат” арбоблари ишларини, юнон муаллифларининг таржималарини ўрганиб, ўз билимларини пухта бойитади, таниқли олимлар билан танишиб, вақти келганда, ўзининг юқори ахлоқи ва тафаккури билан улар орасида етакчи ўринни эгаллайди. Айнан шу ерда унга “Муаллим Ассана”, яъни Иккинчи устоз (Арастудан кейин иккинчи, дея назарда тутилган) мақоми берилган.
Ҳақиқатдан ҳам, уларни кўп нарса бирлаштиради: илмий қизиқишлари кенглиги ва кўп қирралиги, борлиқ ва унда инсоннинг ўрнини фалсафий тушунишга интилиш, “барча маъқуллаган фикр”га, халқнинг кундалик донолигига яқинлашиш кабилар. Фаробий аввалроқ юнон ўтмишдоши ишлаб чиққан мантиқ фанига мустақил равишда ҳисса қўшган. Ўзига хос ва дадил фалсафий дунёқарашлари жамият фикрига қатъиян қарши, юнон фалсафаси ва илмини бутунлай қабул қилишга ноқобил бўлган. Даврнинг баъзи хурофотларига тўғридан-тўғри таъналари эса кўп одамларнинг унга нисбатан бидъатликда ва диндан четлашганликда айблашларига сабаб бўлган. Аслида, унинг фикрлашида бутунлай мустақиллик намоён этилган бўлиб, кейин ҳам ўз эътиқодида қатъий турган.
Ал Форобий Боғдодга келишидан аввал турк ва бошқа тилларда сўзлашган, лекин араб тилида эмас, бироқ, умрининг охирига келиб 70 га яқин тилни билган. Боғдодда яшаб, ал Форобий турли илмлар, энг аввало мантиқ билан шуғуллана бошлаган. Бу вақтда Боғдоддаги энг таниқли мутафаккир Абу Бишр Матт бўлган. Ўқувчилари сафидан ал Фаробий ҳам ўрин эгаллаб, Абу Бишр Маттнинг сўзларига кўра, у Арастунинг мантиққа доир асарларига изоҳлар ёзган. Ал Форобий Арасту меросини ўрганишга чуқурлашиб кетди ва ғояларни қабул қилиш, буюк юнон олими қолдирган масала ва муаммолар ечимида енгилликка эришди.
Ал Форобийнинг кўп қиррали илмий тадқиқотлар натижаси ўрнида “Фанлар таснифи ҳақида” рисоласини айтиш мумкин. Унда ўз даврининг барча илмлари қатъий тартибда саналиб, ҳар бир фан таърифи ўрганиб чиқилган.
Боғдодда ал Форобий ўз билимларини чуқур бойитади, таниқли олимлар билан муносабат ўрнатиб, тез орада улар орасида нуфузга эга бўлади. Лекин ақидапараст йўналишдаги уламолар орасида ал Фаробийда сафдошларининг фикрларига нисбатан зиддият уйғониб, билимга эга бўлишда ақл-идрокка асосланган ва инсонларни дунёвий ҳаётида бахтга эришиш йўлига қаратилган фикри олға туради. Натижада, ал Форобий Боғдоддан кетишга мажбур бўлади.
У Дамашқ орқали Мисрга йўл олади. Ўзининг “Фуқаро сиёсати” китобида у бу ишни Боғдодда бошлаб, Қохирада (Миср) якунлаганини эсга олади. Саёҳатдан сўнг ал Форобий Дамашққа қайтади умрининг охиригача шу ерда ёлғизликда ҳаёт кечиради. Ўз асарларини у алоҳида қоғозларда қолдиради (шу сабабли унинг асарлари алоҳида боб ва қайдларда сақланиб қолган, айримлари парчалардагина сақланиб, улардан кўплари якунланмаган ҳам).
Улуғ аллома Форобийнинг фалсафий фаолияти кўп қиррали, у энциклопедиячи-олим бўлган. Файласуфнинг умумий ишлари сони 80 ва 130 ўртасида.
Улуғ аллома Форобий доимий равишда дунёнинг тузилишини ўрганишга ҳаракат қилган. Изланишларига кўра, барчасининг боши ҳар доимгидай Аллоҳ. Ўртаси — борлиқ иерархияси. Одамзод — дунёни англаб, унда ҳаракатланувчи ногирон. Охири — чинакам бахтга эришиш.
Ал Форобий инсониятнинг билимга эга бўлиш моҳиятига ойдинлик киритган. Моҳиятни англаш учун ҳис қилишнинг ўзи етарли эмас. Бунга фақат ақл ёрдамида эришиш мумкин.
“Ҳимматли шаҳар аҳолисининг нуқтаи назари ҳақида рисола” — ал Форобийнинг энг етук асарларидан бири 948 йил Мисрда ёзилган.
“Ҳимматли шаҳар” таълимоти келтирилган бўлиб, унинг энг бошида файласуф туради. Ал Форобий инсоннинг мақсади бахт бўлиб, унга фақат ақл-идрок орқали эришиш мумкин, дея таҳмин қилган. Мутафаккир жамиятни давлат билан тенглаштирган. Жамият — инсон организми. “Ҳимматли шаҳар — тирик жонзот ҳаётини сақлаб қолиш мақсадидаги барча аъзолари бир-бирига ёрдам берувчи соғлом тана сингари”.
Улуғ аллома Форобий, ҳақиқатдан ҳам жаҳон миқёсидаги инсон бўлган, у ўзининг ижодий ютуқларида араб, форс, юнон, ҳинд ва ўзининг шахсий турк маданиятини ўрганиб, умумлаштирган. Турк маданияти садоси унинг машҳур “Китаб ал мусиқ ал кабир” (“Катта мусиқа китоби”) асарида яққол намоён бўлган.
Улуғ аллома Абу Наср Форобий қўлёзмалари дунёнинг кўплаб кутубхоналаридан жой олган. Шунингдек, Форобий ижодини ўрганувчи олимлар сафи ҳам шунчалик кенг. Форобий асарларини нашрдан чиқарувчи, унинг чинакам энциклопедик меросинининг турли жиҳатлардан ўрганувчи олимлар фаробийшуносликка ўз хиссасини қўшиб келишмоқда.
Абу Наср Форобийнинг адолатли жамият, оламнинг абадийлиги ҳақидаги ғоялари Европанинг уйғониш даврига таъсир қилган. Улуғ алломанинг ғоялари, умуман Марказий Осиёдаги уйғониш даврининг илк назарий асосларидан бўлиб, бу минтақада уйғониш даври Европага нисбатан бир неча аср аввалроқ бошланишига туртки берган.Ўрта Осиёлик қомусий олим Абу Наср Форобий хурфикрлилик ривожига катта хисса қўшган.
“Тиллар”кафедраси катта ўқитувчиси
Ерназаров Фахриддин
томонидан тайёрланди.
Фойдаланилган адабиётлар
arboblar.uz
ziyouz.uz
arxiv.uz