Сиз Шоҳи зинда мажмуаси ҳақида қандай маълумотларни биласиз?
“Шоҳи зинда” масжиди Самарқанд шаҳрининг энг тарихий обидаларидан бўлган “Шоҳи зинда” меъморий мажмуаси таркибидаги жомедир. Шарқ меъморчилик санъатининг дурдонаси, тарихий обидалар гултожиси бўлган “Шоҳи зинда” мажмуасида 40 дан ортиқ мақбаралар мавжуд. Юқори қисм мақбаралари Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари томонидан XIV аср ва XV асрнинг бошларида барпо қилинган. Пастки қисм мақбаралари асосан Соҳибқирон набиралари Улуғбек Муҳаммад Мирзо томонидан XV асрда қурилган. Масжид-мажмуа – “Шоҳи зинда” (Қусам ибн Аббос) номи билан номланган. Бу зот Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакизодалари, хулқлари ва шакл-шамойил жиҳатдан у зотга жуда ўхшаган қариндошларидир. Ҳазрати Қусам ибн Аббосни “Шоҳи зинда” (“Тирик шоҳ”) деб аташади.
Шоҳи зинда(тирик шоҳ) номи билан машхур бўлган меъморий ёдгорликлар мажмуаси Муҳаммад Қусам ибн Аббос мозори (мақбараси) атрофида вужудга келган 25 та мақбаралар тизимини ўз ичига олади. Муҳаммад Қусам ҳақидаги афсоналарни ҳар бир Самарқандлик сизга фахр билан батафсил баён қилиб бериши мумкин.
Муҳаммад Қусам ибн Аббос –тарихий реал шахс бўлиб, у ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд. Яъни у киши пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.)нинг амакиваччаси ва машҳур саҳоба ҳисобланади. Ҳалифа Али ибн Абу Толиб хукмронлиги даври (665-661 йиллари да) Макка шаҳрининг ҳокими вазифасини бажарган. Араблар Ўрта Осиёни фатх қилиш жараёнида у фаол иштирок этган.
ШОҲИ ЗИНДА— Самарқанддаги меъморий ёдгорлик(XI-XX асрлар);Афросиёб тепалиги жанубда жойлашган қабристондаги мақбаралардан ҳамда масжид, минора ва мадрасадан иборат ансамбль. Уларнинг энг қадимийси Қусам ибн Аббос мақбараси бўлиб, халқ орасида Шоҳизинда (тирик шоҳ) номи билан машҳур. Ансамбль бир-бири билан йўлак орқали боғланган 3 гуруҳ бинолардан иборат. Қуйи гуруҳдаги иншоотлар Улуғбек ўғли номидан қурдирган Абдулазиз чортоғи (1434-1435), унга шимолдан Давлатқушбеги мадрасаси (1812-1813) туташ, унинг қаршисидаги айвонли масжид нақшлар билан нафис безатилган. 40 босқичли тик зинапоя ўрталиғининг чап томонида зиёратхона ва гўрхонадан иборат қўшгумбазли мақбара (XV аср) жойлашган.
Ўрта гуруҳдаги бинолар: Амирзода мақбараси, Туғлу Текин мақбараси, Ширинбека оғо мақбараси, унинг қаршисида Темурнинг бошқа синглиси Туркан оғо мақбараси, 8 қиррали мақбара, Али Насафий мақбараси кабилар.
Юқори гуруҳдаги бинолар: Зиёратхона, уч қисмдан иборат масжид,Хожа Аҳмад мақбараси, 1360—61 йилларда қурилган мақбара,Туман оғо мажмуаси(1405—06), 2 та номсиз мақбара (XIV аср охири)нинг киравериш деворигина сақланган. Шунингдек, Тамғоч Буғрохон мадрасаси (XI аср),Амир Бурундуқ мақбараси(XIV аср охири) кабилардир. Ансамбль таркибидаги 20 дан ортиқ иншоотлар давлат муҳофазасига олинган. XIX-XX асрларда ансамблнинг яна бир неча бинолари барпо этилган. XVIII асрда вайрон бўлган зина ўрнида 40 поғонали ғиштли янги зина қурилган.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 16 июль қарорига асосан Шоҳизинда ёдгорлик мажмуасида катта кўламдаги таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Сайёҳларга осон бўлиши учун, Шоҳизинда ансамблининг дарвозасидан бошлаб, тартиб билан қурилган иншоотлар ва мақбаралар ҳақида сўз юритишга қарор қилинди. Сиёб деҳқон бозорининг шарқ томонга йўл олган сайёҳларнинг кўзи Афросиёб қияликлари ўзра буй чўзиб турган мовий гумбазларга тушади. Шоҳизиндани зиёрат қилмоқчи бўлган сайёҳлар зинапояларга оёқ қўйиб дарвоза орқали ичкарига кирадилар. Бу дарвозанинг пештоғида: “Бу улуғвор иншоот Абдулазиз Баҳодир ибн Улуғбек Кўрагон, ибн Шоҳруҳ, ибн Амир Темур Кўрагон томонидан (1434-1435) йилида бунёд қилинган деган ёзув сақлангандир. Тарихчиларнинг фикрларича, бу дарвоза ва пештоқни Мирзо Улуғбекнинг ўзи бунёд қилдирган, аммо, уни ўз номига эмас, кичик ўғли Абдулазиз номига ёздиргандир. Дарвозадан кирган сайёҳлар чап томонга бурилса масжидга, ўнг томонга бурилса 1813 йили Давлат қушбеги томонидан қурилган кичик мадрасага киради. Мадрасанинг қарама-қарши томонида эса 1910 йили уста Содиқ томонидан қурилган ёзги масжид жойлашган. Бу иншоотлардан ўтган сайёҳлар ғиштлардан терилган зинопоялар орқали юқори томонга йўл оладилар. Сайёҳлар зинапояларнинг қарийиб ўртасига етганларида уларнинг кўзлари чап томондаги ҳашаматли мақбарага тушади. Яқин-яқинларгача кўпчилик олимлар, бу мақбарага, Мирзо Улуғбек даврида Самарқандда яшаган туркиялик астроном Қозизода Румий дафн этилган деб ҳисоблар эди. Аммо бу ердаги қабрлар очиб кўрилганида уларда аёллар дафн этилганлиги маълум бўлди. Бу ҳолат ҳали Шоҳизинда ансамбли билан боғлиқ сиру-асрорлар тўлиқ ўрганил-маганлигини кўрсатиб турибди. Зинапоядан юқорига кўтарилган сайёҳлар йўлакнинг ўнг томонида Тўғлуқ Текиннинг ўғли Амир Ҳусайннинг мақбарасига дуч келадилар. Бу мақбаранинг қарама-қарши томонида Амирзоданинг қабри бўлиб, унинг ҳам шахсияти ҳозирча маълум эмасдир. Бу мақбараларнинг ёнидан ўтган сайёҳлар, соҳибқироннинг синглиси Ширинбека оға мақбарасига кириб борадилар.
Ажойиб ва нафис безаклар билан қопланган бу хилхона ўз салобати билан диққатингизни тортади. Ширинбека оға мақбарасининг қарама-қарши томонида эса барвақт вафот этган Шодимулк оға ва унинг онаси қабрларини ўз ичига олган мақбара жойлашгандир. Бу мақбарани самарқандлик меъморлар уста Баҳриддин ва уста Шамсиддинлар ҳамда бухоролик уста Зайниддинлар барпо қилганликлари ёзиб қўйилгандир. Тарихий манбалардан ёзилишилича, Шодимулк оға 1371 йили, унинг онаси Туркон оға 1383 йили қазо қилганлар. Бу мақбаралардан ўтган сайёҳлар йўлакнинг чап томонда ёнма-ён жойлашган икки номаълум мақбарага дуч келадилар. Фақат уларнинг биттасида уни қурган устанинг, яъни, Али Насафийнинг номи сақлангандир. Шоҳи зинда ансамблининг ўртасидаги йўлакдан секин-аста қадам ташлаб бораётган сайёҳлар энди энг баланд нуқтага яқинлашадилар. Бу ерда ансамблнинг энг қадимий қисми жойлашгандир. Амир Темурнинг энг жасур лашкарбошиси амир Бурундуқ бу ерда абадий уйқуда ётибди. Унинг мақбараси тахминан 1380 йилларда барпо қилингандир. Амир Бурундуқ қабрини зиёрат қилиб ўтган сайёҳлар, энди йўлакнинг ўнг томонига бурилиб Қусам ибн Аббос мақбарасига кириб борадилар. Қусам ибн Аббоснинг қабртоши жуда ҳашаматли бўлиб устма-уст қўйилган учала тош ҳам нафис маёлика билан қопланган ва уларга Қуръондан келтирилган оятлар ёзилгандир. Шунингдек, бу ерда зиёратхона, чиллахона ва масжид ҳам яхши сақланган. Шоҳи зинда ансанблидаги йўлакнинг энг тўрида бир неча мақбаралар, масжид ва чортоқ барпо қилинган. Тарихчиларнинг фикрларича, бу ердаги масжид, чортоқ ва мақбарани Амир Темурнинг хотини Туман оға барпо қилдирган ва бу покдомон маликанинг ўзи ҳам шу ерда абадий уйқуда ётибди. Туман оға мақбарасининг рўпарасида, шахсияти номаълум, аммо ёшлигида вафот этган маликанинг қабри сақлангандир. Йўлакнинг энг тўрида эса уламо Хожа Аҳмаднинг мақбараси жойлашган бўлиб, бу энг охирги иншоотдир. Шу нарса маълумки, бу мажмуа қорахонийлар даврида қурилиши бошланган, Амир Темур ва темурийлар даврида ривожланган, манғитлар даврида қурилиши якунланган.
Марказий Осиё меъморчилиги тарихида алоҳида эътиборга сазовор бўлган Шоҳи зинда ҳақида юз марта эшитгандан кўра бир марта кўрган маъқулроқ. Қадрли сайёҳ, Шоҳизинда зинапояларига оҳиста қадам қўйиб бу ердаги сукунатга қулоқ тутинг. Бу муқаддас тупроқда Буюк Туроннинг не-не улуғлари абадий ўйқуда ётибдилар.
Мирзо Улуғбек замонасидан буён бу майдон Самарқанд аҳли учун Бош майдон ҳисобланади. Самарқанд ҳукмдорларининг фармонлари шу ердан эълон қилинар эди. Ёвга қарши жангига отланган жасур лашкарлар, айнан, шу майдонда қасамёд қилишиб кексалардан дуо-фотиҳа олганлар… Регистон майдонида олиб борилган археологик қазишмаларнинг кўрсатишича, ибтидоий жамоа даврида бу ерда улкан чангалзор бўлиб, энг қадимги овчилар чангалзорда ҳар хил ёввойи ҳайвонларни овлаганлар. Қазишмалар пайтида Регистон майдонининг энг пастки қатламларидан ибтидоий одамларнинг ов қуроллари топилгандир. Антик даврда эса ҳозирги Регистон майдонидан Афросиёб шаҳарчаси томонга катта ариқ ўтказилган экан. VIII-X асрларда Регистон майдони ўрнида жуда кўплаб иморатлар пайдо бўла бошлайди, чунки Самарқандни фатх қилган араблар Афросиёбдан бир неча минглаб маҳалий аҳолини мажбурлаб кўчирган эдилар. Айнан шу даврларда бу ерда хунармандларнинг устахоналари, савдо расталари бунёд этилади. XI-XII асрларда ҳозирги Регистон майдони ўрни ва атрофидаги маҳаллалар ташқи мудофаа девори билан ўралиб “ташқи шаҳар” номи билан атала бошлайди. 1220 йили Афросиёб Чингизхон томонидан вайрон қилингач, бу ерда яшашни иложи қолмайди, тирик қолган халқ ҳозирги эски шаҳар томонга, яъни, Регистон майдони атрофига кўчиб ўтади. Бу ердан оқиб ўтувчи канал анча кенгайиб саёзлаша бошлайди.
Шундан сўнг, канал учун янги ўзан қазилиб жиловланади. Каналнинг эски ўзанида жуда кўп қум тўпланганлиги учун бу жой Регистон, яъни, “қумлоқ жой” деб атала бошланди. Соҳибқирон Амир Темур даврида Регистон майдони ўрнида марказий бозор жойлашган эди, шунингдек, бу ерда жаҳонгирнинг хотини Туман оға томонидан барпо қилинган усти ёпиқ савдо тими-расталар қурилган эди. Регистон майдонининг меъморий томондан шаклланиши Мирзо Улуғбек ҳукумронлиги давридан бошланган. Самарқандга 40 йил (1409-1449 й.) ҳуқмронлик қилган улуғ мунажжим Мирзо Улуғбек бу шаҳарнинг ободончилиги борасида ҳеч нарсани аямади. Мирзо Улуғбекнинг фармони билан Туман оға тимининг ғарбий томонида ҳашаматли мадраса қуриш бошланади.
Кўпгина тарихчилар, археологлар Шоҳи зинда мақбарасининг илк тарихий илдизларини исломгача бўлган диний қадриятлар билан боғлаб тушунтиришга интиладилар. Ислом кириб келганидан сўнг, Шохи зинда меъморий ансамбли тарихий даврни бошидан кечиради. VIII аср бошларидан то мўғул истибдоди бошлаган (1220 йил) давргача бошланган вақтини ўз ичига олувчи биринчи даврни алоҳида қайд қилиб ўтиш лозим. Бу даврда тикланган мақбаралар мўғуллар томонидан бутунлай вайрон қилинган. Бу даврга оид археологлар томонидан фақат Шохи зинда мажмуасига кирувчи илк мақбараларга тегишли асослар топилган бўлиб сақлангани мутлақо қолмаган.
Шоҳи зинда мажмуасининг ҳозирги кўриниши асосан Амир Темур ва темурийлар даври билан боғлиқдир. Бу ерда Амир Темурнинг яқин қариндошлари, сафдошлари ёки обрўли диний раҳнамолар учун мақбаралар қурилган. Ҳар бир мақбара ислом маданиятига хос ноёб асар дурдонаси ҳисобланади. Лекин қурилган ҳар бир мақбара Муҳаммад Қусам ибн Аббос (Шохи зинда ) мақбарасидан баланд бўлмаслиги шарт қилиб белгиланган. Ҳар бир мақбаранинг эгаллаган майдони ҳам қатъий чекланган. Бу эса ўз навбатида меъмор ва қурувчилар зиммасига янада оғир маъсулиятни юклаган. Яъни такомиллашув жараёни мақбаранинг ҳажмига эмас,балки шакли ва мақбарага афсонавий тус берувчи нафис безаклар ва нақшларга жило бериш йўлидан кетишга ундаган.
Умуман мажмуадан ўрин олган мақбараларнинг аксарият қисми квадрат шаклида бўлиб, гумбаз, равоқ ва устунлар уларнинг ҳар бирига хосдир. Шунингдек мақбаранинг сирти ҳам, ичкари томони ҳам ранг-баранг сирланган плиталар билан ишлов берилган.
Албатта бу мақбаралар тизимида Муҳаммад Қусам ибн Аббос (Шохизинда ) мақбараси ўзининг кўркамлиги, салобати билан ажралиб туради. Бу ҳақда машҳур араб сайёҳи ибн Батута XIV асрнинг 30 йилларида Самарқандда бўлиб, мазкур мақбара тўғрисида анчагина кенгроқ маълумотлар бериб ўтган.У ҳали соҳибқирон Амир Темур таваллуд топмаган пайтларда ҳам Муҳаммад Қусам мозори ( қабри ) устида “… гумбазли тўрт бурчакли иморат бунёд қилиган бўлиб, унинг ҳар бир бурчагида иккитадан устунлар тикланган. Бу устунлар яшил, қора, оқ ва қизил рангли мармар тошлардан таркиб топган ғиштлардан териб қад кўтарган. Иморатнинг деворлари ҳам турли рангдаги олтин суви берилган нақшлар билан безатилган “.
Темур ва темурийлар даврида ҳам ўзларининг чин мусулмонлигини исботлашга қаратилган ишлар давом эттирилибгина қолмасдан, балки у янада кучайтирилади. У пайтларда Шоҳи зинда кенгайтирилиб қайтадан янги қиёфада қад кўтара бошлади. Муҳаммад Қусам ибн Аббос Афросиёбнинг қадимий деворининг жанубий сарҳадларигача бўлган йўлакнинг юқори қисми Соҳибқирон сафдошлари, аёнлар ва уларнинг оила аъзоларига мўлжалланган мақбаралар мажмуаси вужудга келди.
Юртимиз тарихи ва маданиятига қизиқиш кундан кунга ошиб бормоқда. Шохи зинда мажмуасига доимо кўплаб ташриф этувчилар яъни узоқ юртлардан чет эллик сайёҳлар ва Республикамиздан маҳаллий зиёратчилар келишмоқда. Шохи зинда мажмуаси жаннатмакон юртимизнинг қадимий тарихини кўрсатиб берувчи жойлардан бири ҳисобланади.
Интернет сайтлари
1.qomus.info
2.old.muslim.uz
3.turism.kasaba.uz
4.meros.uz
“Тиллар”кафедраси катта ўқитувчиси
Ерназаров Фахриддин