islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Етимни молини ейиш ҳаром

Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида: «Ва етимларга ўз молларини беринг. Нопокни покка алмаштирманг. Уларнинг молларини ўзингизнинг молларингизга қўшиб еманг. Зеро, бу катта гуноҳ бўлур»[1], деган(2-оят). Ушбу оятдаги хитоб умуман мусулмонлар оммасига, хусусан, етимларнинг кафилларига қаратилгандир. Балоғатга етмаган ёш болалар отаси ўлиб қолса, етим бўладилар. Уларни ота томонидан ёки улар бўлмаса, бошқа томондан бўлган қариндошлар ёхуд умуман бошқа бирорта мусулмон ўз кафолатига олади. Етим бола ёш бўлиб, молу мулкни тўғри тасарруф қилишга салоҳияти етмагани учун, кафил унинг мол-мулкини муҳофаза этишга масъул бўлади. Бола балоғатга етиши билан етимлиги тугайди. Энди у ўз ҳолича тасарруф қилишга ўтади. Вояга етган инсон сифатида ўз мол-мулкини тасарруф қилиш имконига эга бўлади.  Шунинг учун ҳам оятдаги: «Ва етимларга ўз молларини беринг», деган жумлани «вояга етганларида» деган қўшимча ила англатиш керак бўлади. «Нопокни покка алмаштирманг» жумласида бировнинг молини ўз молига алмаштирмаслик хусусан, етимларнинг молини ўз молига аралаштириб-алмаштирмаслик тушунилиши лозим. Бу ҳол турлича кўринишларда бўлиши мумкин. Биз мол деганда фақат пулни тушуниб қолганмиз.

Юқоридаги жумлани уларнинг яхши молларини ўзингизнинг сифатсиз молингизга алмаштириб қўйманг, деб тушунса бўлади. Мисол учун, етимнинг яхши уйи, ери, чорваси, улуши ва бошқа мулклари бўлиши мумкин. Кафил етимнинг ўша яхши, сифатли молларини ўзиники қилиб, ўрнига ўзининг сифатсиз молини берса, нопокни покка алмаштирган ҳисобланади. Яъни, кафил ўзига нопок бўлган молни олиб, ўрнига ўзининг ҳалол-пок молини берган алмаштирган бўлади. «Уларнинг молини ўзингизнинг молингизга қўшиб еманг». Бу иборада ҳам етимларнинг ҳимояси яққол кўриниб турибди. Кафиллар: «Мен шу етимга кафилман, унга қараяпман, тарбия қиляпман», деган маънодаги даъволар билан ўзларига топширилган етимнинг молларини ҳам ўз молларига қўшиб еб юбориш одатлари бор эди. Бу эса, етимга нисбатан катта зулмдир. Ояти карима етимнинг молини ейишни ман этяпти. Бу ишни  катта гуноҳ деб эълон қиляпти: «Зеро, бу катта гуноҳ бўлур». Аллоҳ таоло яна “Нисо” сурасида:

«Етимларни то никоҳ (ёши)га етгунларича синаб туринглар. Агар уларнинг эс-ҳуши жойида эканини билсангиз уларга ўз молларини топширинг. У молларни исроф ила ва эгаларининг катта бўлиб қолишидан қўрқиб шошилиб еманг. Бой бўлганлар иффатли бўлсинлар. Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин. Уларга ўз молларини топшираётганингизда гувоҳлар келтиринг. Ҳисобчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур»[2], деган (6-оят). Бу ояти карима етим балоғатга етиб, эс-ҳушини таниганда, дарҳол унга молини топшириш зарурлигини, уларнинг молини исроф қилмаслиқ оталиққа олганлар томонидан, бу балоғатга етса, молини қайтариб беришим керак бўлади, деб шошилиб еб қўймаслик, агар оталиққа олган одам бой бўлса, етимнинг моли масаласида иффатли бўлиши зарурлиги, камбағал бўлса, маълум чегарада ейишига рухсат борлиги ва етимга молини топшираётганда гувоҳлар олдида топшириш каби фиқҳий амалларни баён қилади.

Энди ким  бу ожиз етимларга қаҳр қилиб ва уларнинг молларини зулм ила ейдиган бўлса, Аллоҳ таоло “Нисо”сурасида: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар»[3], деган (“Нисо”сураси,10-оят). Юқорида ўтган ояти каримада кўриниб турибдики. Аввало, ким етимларнинг молларини зулм ила еса, қиёматда қоринларидаги у нарса оловга айланади. Шунинг учун ҳам барчамиз етимга зулм қилишдан ва Аллоҳ таолога осий бўлишдан сақланиб у зотдан мағфират сўраб истиғфор айтишимиз лозим ва лобиддир.

Тошкент ислом институти талабаси

Анвар Аъзам

417670cookie-checkЕтимни молини ейиш ҳаром

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: