islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Зилзиладан қочишнинг ҳукми

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Ҳофиз Ибн Ражаб Ҳанбалий “Фатҳул Борий” асарида (“Зилзилалар ҳақида айтилган гаплар тўғрисидаги боб”, 9\252) шундай дейди: “Зилзилага тааллуқли масалалардан бири, зилзила юз берганида уйдан саҳро томонга қочишнинг ҳукмидир. Авзоий айтади: “Бунинг зиёни йўқ. Барча мусулмонлар: қочганлар ҳам, ўтирганлар ҳам яхши биладики, тақдирдан қочиб қутулишнинг имкони йўқ. Бироқ менга (уйдан чиқмай) ўтириш суюклироқдир”. Буни Ҳарб Валид ибн Муслим орқали Авзоийдан ривоят қилган. Ҳарб яна шундай дейди: “Мен Исҳоқ ибн Роҳавайҳдан “зилзила пайтида уйида ўтирган киши ўрнидан туриб уйдан чиқиши керакми?”, деб сўрадим. “Агар шундай қилса яхши”, деб жавоб қилди у”.

Бу борада ҳофиз Ибн Асокир бир китоб ёзган. У бу китобда собиқ уламолардан бирон сўз ривоят қилмаган. Бироқ ўз замонасидаги айрим уламоларнинг зилзила пайтида уйдан қочиб чиқиш мустаҳаблигини зикр қилади ва бунга “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир томонга эгилган девор ёнидан ўтаётиб қадамларини тезлатгани ва “Қўққис ўлимдан қўрқаман”, деганларини далил қилади. Мазкур ривоят “мурсал” (заиф) ривоят бўлиб, уни Абу Довуд “Маросийл” китобида келтирган. Шунингдек, бу ривоят “муснад” ҳолатда ҳам ривоят қилинган, бироқ саҳиҳ эмас. Абулқосим мазкур гапни (яъни зилзиладан қочиш мустаҳаблигини) айтган кишига раддия билдиради ва зилзиладан қочишнинг ҳукми вабодан қочиш билан баробар эканини айтади. Бироқ Абулқосимнинг таққослаши нотўғри, негаки, вабодан қочиб қутулиш қийин. Балки, кўпинча ундан қочган киши вабо сабабидан ҳалок бўлади. Зилзила туфайли қулаш эҳтимоли бўлган уйдан қочишга келсак, аксар ҳолатда инсон нажот топиши мумкин. Зилзиладан қочиш сел, ёнғин ва шу каби офатлардан қочишга ўхшайди. Қолаверса, юқоридаги мурсал (заиф) ҳадис ҳам шунга далолат қилади, валлоҳу аълам”.

Зилзила рўй берганда юрмаслик ёки қочмаслик тўғрисида бирон бир ҳадис келмаган. Эҳтимол бу нарса Дажжол тўғрисида келган бошқа бир ҳадисни нотўғри тушунишдан келиб чиққан бўлса керак. Охирзамон аломатларидан бири Дажжолнинг чиқишидир. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисларда Дажжол Ер юзининг барча жойларига кириб бориши, бундан фақат Макка ва Мадина мустасно бўлиб, уларни фаришталар қўриқлаб туриши ва Мадинада уч бор силкиниш содир бўлиб, ундан қўрққан барча мунофиқ эркак ва аёллар Мадинадан қочиб Дажжолнинг олдига чиқиши ривоят қилинган. Шу боис, силкинишдан мусулмон киши қочмайди, деган гаплар чиққан бўлса ажаб эмас, валлоҳу аълам.

Шуни яхши билмоқ керакки, зилзила, сув тошқини ва шу каби ишлар Аллоҳнинг буюк қудратига далолат қилувчи оятлардир. Аллоҳ таоло бу каби оятларини инсонларга ибрат ҳамда гуноҳ ва исёнлардан тийилишлари учун юборади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Биз оятларни фақат (бандаларимизни азоб-уқубатимиздан) қўрқитиш учунгина юборурмиз” [Исро: 59]. Қолаверса, оламда бундай ҳодисаларнинг кўпайиши қиёмат аломатларидан ҳисобланиб, бу мусулмон кишини ғафлатдан огоҳ бўлиши, Аллоҳга тавба-тазарру қилишга шошилишга ундамоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида Мадинада қуёш тутилади. Қуёш тутилиши ҳам улкан оятлардан биридир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шундай оятлар содир бўлган пайтда қилишимиз лозим бўлган ишга далолат қилиб шундай деган эдилар: “Агар шу каби оятларни кўрсангиз, Аллоҳнинг зикрига, Унга дуо қилиш ва Ундан истиғфор сўрашга шошилингиз”.

Шунингдек, бу каби ҳодисалар биз бандаларнинг нақадар ожизлигимизни кўрсатиб қўяди. Шу боис, бундай ҳолатларда Кучли ва Қаҳрли зот бўлмиш Раббимизга илтижо қилиш вожибдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Уларга Бизнинг балойимиз келганида тавба-тазарру қилмайдиларми?!” [Анъом: 43].

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, зилзила ва шу каби ҳодисалар рўй берганида кишининг ўз жонини асраб қолиш мақсадида қочиши жоиз, балки мустаҳабдир. Негаки, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани сабабларга боғлаб қўйган ва бандаларни бу сабабларни қўллашга буюрган. Бироқ бу дегани Аллоҳнинг тақдиридан қочиш дегани бўлмай, балки Унинг сабабларни қўллаш тўғрисидаги амрига итоатдир, валлоҳу аълам.

Тошкент ислом институти талабаси

Рахимов Абдулбосит

418770cookie-checkЗилзиладан қочишнинг ҳукми

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: