Маълумки инсоннинг ҳаёти бир хил кечмайди. Баъзан тўкин-сочин кунлар бўлади, баъзан эса етишмовчилик бўлган кунлар ҳам бўлади. Зарурат юзасидан инсон бошқа бировдан қарз сўраши мумкин. Қарз олган инсон албатта, қарзни узаман, деб ният қилиб қарзни узишга ҳаракат қилади.
Ҳаётда баъзан айрим инсонлар қарз беришга ҳаракат қилсалар-да, қарзни ўз вақтида узишда турли хил қийинчиликларга дуч келадилар. Қарз берган киши қарзни тўлашда қийналаётган кишиларнинг қарз бериш муҳлатини узайтирса ёки уни кечиб юборса қиёмат куни Аллоҳ таоло уни қиёмат куни Ўз арши соясида соялантиради. Бу ҳақда пайғамбаримиз (с.а.в.):
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال
قال رسول الله صلي الله عليه وسلم
من أنظر معسرًا أو وَضع له، أظلَّه اللهُ يومَ القيامةِ تحتَ ظلِّ عرشهِ، يومَ لا ظلَّ إلا ظلُّه
رواه الترمذي
“Ким камбағалга муҳлат берса ёки унинг қарзидан кечса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда Ўз Арши сояси остида уни соялантиради”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Ислом динида қарз бериш муҳлатини узайтириш ёки уни кечиб юбориш савоб ишлардан ҳисобланади. Қарз муддатини узайтирадиган ёки уни кечаётган киши қарзини тўлашда қийналаётган кишидан бирор моддий манфаат, фойда кутмайди, балки бир мўмин-мусулмоннинг қарз тўлашда қийналаётганини кўриб унга яна бир ёрдам қилади. У бу ёрдамида Аллоҳ таолонинг розилигини умид қилади ва Унинг қиёмат кунида берадиган мукофотига рози бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизга дунё ва охиратда яхшиликлар ато қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
Руҳиддин Акбаров