Ҳозирги кунда ғийбат муҳим мавзулардан бири ҳисобланади агар биз уни зарарлари ҳақида теранроқ англасак дунёйимиз ва охиратимиз учун ҳам кўплаб фойдаларга еришамиз. Ғийбат исломда ҳаром бўлган гуноҳи кабирадир.
Уни зарарларидан: дуони қабул бўлмаслиги.
Ғийбат қилиб гуноҳ қиладиган инсондан фаришталар узоқ бўлади чунки у ғийбат қилганда унинг атрофига бадбўй ҳид таралади фаришталар еса буни биладилар ва уни атрофидан узоқда бўладилар, у ғийбати сабаб қалби ғафлатда Аллоҳ раҳматидан бебаҳра бўлади.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимахуллоҳ «Танбеҳул ғофилин»да шундай ёзади: «Уч кишининг дуоси қабул бўлмайди. Биринчиси – ҳаром мол ейдиган киши, иккинчиси – кўп ғийбат қиладиган киши, учинчиси – мусулмонларга нисбатан қалбида нафрат ва ҳасади бўлган киши».
Зарарларини катталаридан яна: амаллар китобидаги яхшиликларини камайтириши, гуноҳларни кўпайтириши.
Ҳикоя. Хасан Басрий раҳимаҳуллоҳга: «Фалончи сизни ғийбат қилди», дейишган эди, у киши ўша фалончига бир товоқ хурмо жўнатди ва: «Ўз яхшиликларингнинг бир қисмини менга ҳадя қилганингни эшитгач, сени мукофотлашни хоҳладим», деб айтиб юборди.
Бу улуғ зотлар ғийбат қандай катта гуноҳ еканлигини ва уни зарарлари қандай бўлишини яхши билишган.
Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда:“Расулуллоҳ (с.а.в) “Ғийбат нима еканлигини биласизларми?” деб сўради. Саҳобалар “Аллоҳ ва унинг расули билгувчироқдир”, деб жавоб бердилар Расулуллоҳ (с.а.в) “Ғийбат бир биродарингнинг орқасидан ўзи эшитса, ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир”, дедилар. Шунда улардан бири “Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?” деб сўради. Расулуллоҳ “Унда бор айбни айтган бўлсанг, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб жавоб бердилар.
Тошкент ислом институти талабаси
Ғозиев Камолиддин