Абу Муслим Абдуллоҳ ибн Савб Хавлоний раҳматуллоҳи алайҳ тобиъийнларнинг саййидларидан бири. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида исломни қабул қилган, бироқ турли сабаблар туфайли У зот билан шахсан учраша олмаган ва фақат халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврида Ямандан Мадинага кўчиб ўтган.
Ўша даврда Яманда сохта пайғамбар пайдо бўлиб, унинг исми Асвад Ансий эди.
Бир куни ўша сохта пайғамбар Абу Муслимдан, мени Аллоҳнинг Расули эканлигимга гувоҳлик берасанми, деб сўради. Абу Муслим йўқ, деб жавоб берди. Унда, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик берасанми, деган эди, Абу Муслим, ҳа, деди.
Кейин Асвад катта олов ёқишни буюрди ва Абу Муслимга, агар итоат этмасанг, сени оловда куйдираман, деб таҳдид қилди. Лекин Абу Муслим унга итоат этмади ва уни оловга ташладилар. Олов унга ҳеч қандай зарар етказмади ва бу Асвадни қаттиқ ажаблантирди. Шундан сўнг Абу Муслимни Ямандан чиқариб юбордилар ва у Мадинага йўл олди.
Мадинада Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уни учратиб, қаердан келганини сўради. Абу Муслим Ямандан келганини айтди.
– Ёқиб юборишмоқчи бўлган йигитга нима бўлди, деб сўради Умар розияллоҳу анҳу.
– У ёнмади, деб жавоб берди Абу Муслим.
Жавобни эшитган Умар розияллоҳу анҳу унга диққат билан разм солиб, ўша оловда ёнмаган шу йигит эканлигини сезди:
– Аллоҳ номи билан айтаман, сен Абу Муслимсан!
– Ҳа, деб жавоб берди у.
Умар розияллоҳу анҳу Абу Муслимнинг қўлидан ушлаб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига етаклади. Умар розияллоҳу анҳу унга бўлган воқеани айтиб берди, бу хабар халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳуни жуда хурсанд қилди:
– Иброҳим алайҳиссалом билан бўлганидек, оловга ташланганидан кейин ҳам ёнмайдиганларни бу умматда чиқарган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Абу Муслим Хавлоний раҳматуллоҳи алайҳ билан бўлган бу воқеани Ибн Асокир ўзининг тарих китобида ҳам келтирган.
Аллоҳнинг обид ва зоҳид бандаси Абу Муслим Хавлоний раҳматуллоҳи алайҳ 62 ҳижрий санада Рум юртлари сари қилинган юришларда вафот этди.
Манба: Имом Заҳабийнинг “Сияр аълам ван нубала” асари
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев