islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Умар Термизийнинг ҳаёти ва унинг “Тафсиру сураи Ихлос” асари ҳақида

Буюк уламоларга бешик бўлган бу диёр бутун жаҳонга қанчадан-қанча зиё аҳлини тақдим этган. Ҳадис илми султонлари, тиб фани асосчилари ҳамда бошқа бир неча фанларда ёрқин юлдуз каби порлаган илм аҳллари айнан мана шу юрт фарзандларидир. Мана шундай уламолардан бири Умар Термизийдир.

Муфассир, воиз, сўфий Умар Термизий ҳижрий IX аср, милодий XV асрларда яшаб ўтган. У зотнинг таваллуд топган йили, тўлиқ манзили ҳамда оиласи ҳақида тўлиқ маълумотлар келтирилмаган. Бироқ унинг китобидан билиш мумкинки, Умар Термизий Термиздан кўчиб кетгач, Мисрда яшаган. Бу маълумотни у кишининг китобларини муқаддимасидаги сўзларидан билиш мумкин. Лекин Умар Термизийнинг бизгача “Тафсиру сураи Ихлос” номли китоблари етиб келган. Мазкур асар ҳижрий 857 йил, милодий 1453 йилда вафот этган Миср, Шом ва Ҳижоздаги Шарокиса давлати подшоҳларидан бири Зоҳир Муҳаммад Абу Саъид учун таълиф этилган.

Миср тахтига 1438 йилда келган Зоҳир Муҳаммад жуда одиллик билан мамлакатни бошқаради. Шу билан бир қаторда уламоларга эътиборли бўлган подшоҳ ҳақида жуда кўп ижобий фикрлар тарқатилади. Умар Термизий ҳам Зоҳир Муҳаммад эътибор кўрсатган олимлардан бири ҳисобланади. Умар Термизий асарнинг муқаддимасида китоб подшоҳнинг эзгу ишларига хайрихоҳ тарзда ёзилганини айтиб ўтади. Зоҳир Муҳаммадга китоб орқали ўз насиҳатларини етказади. Яна бу тафсирни султоннинг кутубхонасига тақдим қилмоқчи эканлигини ҳам айтиб ўтади.

Ҳозирда асар Мисрдаги “Дорул кутуб вал васоиқул қовмия” кутубхонасида сақланмоқда унинг фото нусхаси эса Ўзбекистон халқаро исмлом академиясининг Манбалар хазинасида 56/ IV инвентарь рақами остида сақланмоқда. Унинг ҳажми 52 варақ, яъни 102 саҳифадан иборат. Асар настаълиқ хатида ёзилган. Ҳар бир саҳифадаги қаторлар сони ўн битта.

Шу ўринда айтиш мумкинки, муаллифнинг бу асарида турли китоблардан жамланганлигини тушуниш мумкин. Тадқиқот мобайнида шуни билдикки, китоб Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумиддин ” китобнинг икки боби яъни “ихлос” ва “ният” бобларидан олинган. Шунингдек, тафсирда Имом Абул Баракот Насафийнинг “Тафсиру Насафий” китобидан ҳам фойдаланилган. Асарнинг иккинчи саҳифаси бошқалардан фарқли ўлароқ ўн қатордан иборат. Бунинг сабаби саҳифанинг аввалида келтирилган “Бисмилллаҳир роҳманир роҳийм” жумласи каттароқ ҳажмда ёзилганлигидир. Шунингдек айтиб ўтиш лозим бўлган нарсалардан бири ҳар бир саҳифанинг пастки қисмида кейинги бетнинг бошида келадиган сўз ёзиб қўйилган. Эътибор бериб қарасангиз фото нусханинг бизга нисбатан чап бурчагида القلوب калимаси келтирилган. Худди шу сўз кейинги саҳифанинг биричи калимаси ҳисобланади. Қаторларнинг ҳар бирида ҳарфларининг кўп ёки камлигига қараб, бештадан ўнтагача сўз келтирилган. Иккинчи бет китобнинг кириш қисми бўлиб, унда мусанниф аввало Аллоҳ таолога ҳамд билан сўз бошлайди. Сўнг барча Пайғамбарлар, хусусан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда у зотнинг асҳоблари ва оила аъзоларига саловатлар айтиб ўтади.

Диққатга сазовор жойи Умар Термизий ҳамду санони Балоғат фанидаги “бароъатул истеҳлол” қоидасига мувофиқ тарзда келтиради. Яъни котиб ўзининг ҳамд ва саноси орқали келгусида нима ҳақида сўз юритишини усталик билан билдириб кетган.

Умар Термизий Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидан истифода қилганлар: “Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳга, динни Унга холис қилган, бошқадан унга бурилган ҳолда ибодат қилишга, буюрилган эдилар, холос”. Бундан кўриниб турибдики муаллиф барча фанларда жуда чуқур илм соҳиби бўлганлар. Юқоридаги фикрларимизнинг тасдиғи сифатида учинчи саҳифани ҳам эътиборингизга ҳавола этамиз.

ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси

ўқитувчиси Соибжон Жўраев

433531cookie-checkУмар Термизийнинг ҳаёти ва унинг “Тафсиру сураи Ихлос” асари ҳақида

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: