islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Термизий, Буғий, Заририй, Суламий нисбаларига эга муҳаддис

Аллома Абу Исо Термизийнинг тўлиқ исмлари Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо Заҳҳок Суламий Термизийдир[1]. Шу маълумотга кўпчилик уламолар томонидан иттифоқ қилинган[2].

Исмлари борасида турли қарашлар мавжуд. Баъзи олимлар, Муҳаммад ибн Исо ибн Язид ибн Савра ибн Сакан[3] бўлган деб айтсалар, бошқа тарихчилар Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Шаддод бўлган, дейдилар[4].

У зотнинг исмига “Язид” деган қўшимчани Миззий ўзининг “Таҳзибул-камол” номли китобида келтирган[5]. Бироқ бу маълумотни кимдан олганлигини келтирмаган. Шу маълумотлар Ибн Касирнинг “Ал-бидоя ван-ниҳоя” асарида ҳам мавжуд.

Ҳаётларида кўплаб нисбалар олганлар. У зотнинг нисбалари қуйидагилар: Термизий, Буғий, Заририй, Суламий. Бунинг сабаблари турлича:

“Термизий” деб нисбат берилиши атрофи Жайҳун дарёси билан ўралган қадимги Мовароуннаҳрнинг Термиз шаҳри билан боғлиқ. Ёшлик чоғларида бу ерда илм талабида бўлганлари тарих китоблари орқали бизга маълум.

“Буғий” нисбалари эса, Термиз шаҳридан олти фарсах (1 фарсах 5.8 километрга тенг) узоқликда жойлашган Буғ (ҳозирги Шеробод тумани) номли қишлоқ бўлиб, Имом Термизий у ерда вафот этиб, ўша жойга дафн этилгани учун ушбу ном қўшилган.

“Заририй” тахаллуси аллома умрининг охирларида кўзлари ожиз бўлиб қолганлиги учун берилган.

“Суламий” нисбалари машҳур араб қабилаларидан бўлган Сулайм ибн Мансур қабиласига нисбатан берилган[6]. Сулайм ибн Фаҳм ибн Ғонамга нисбатан эмас.  Ҳофиз Юсуф ибн Аҳмад Бағдодийдан нақл қилинишича, алломанинг боболари марвлик бўлиб, Абу Лайс ибн Сайёр даврида Термизга кўчиб келган экан.

Кунялари Абу Исо эканига ҳеч ким ихтилоф қилмаган.

Имом Термизий учинчи ҳижрий асрда, аниқроғи ҳижрий 209 йилда таваллуд топганлар.

Ҳофиз Заҳабий “Сияру аъламин-нубало” асарида у зотни ҳижрий 210 йил атрофида туғилган, дейдилар. Ҳофиз Ибн Асир “Жомеъул-усул” китобида ҳижрий 209 йил туғилган, деб айтган[7]. Мазкур фикрни Муҳаммад ибн Қосим Жассос ўзининг “Шамоилга шарҳ” асарида, Сулаймон Жамал ҳам “Шамоил Муҳаммадия”га ёзган шарҳида, Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Амир “Фиҳрист” китобида, Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Саййид Шариф Журжонийнинг “Мухтасар”ига ёзган “Зафарул-аманий”[8] номли шарҳида келтирганлар.

Имом Термизий ўзи нисбат берилган Буғ қишлоғида туғилганлар.

Аллома кўзи ожиз ҳолда туғилган, деган гап асоссиз. Бу гап Иёд Холид ат-Тоббаъ аллома ҳақида ёзган китобидаги “Имом Термизий маноқиблари ва имомларнинг у зот ҳақидаги мақтовлари” деб номланган қисмида Имом Термизийнинг зеҳни ўткирлиги борасида келтирган қисса сабабли йўққа чиқади. Қиссада: “Оқ вараққа қарар эдилар, умрининг охирларида кўзлари кўрмай қолган”, деб айтилган[9]. Ҳофиз ибн Юсуф Аҳмад ал-Бағдодий: “Имом умрининг охирида кўзлари кўрмай қолган”, – деганлар[10].

Ибн Касир: “Термизийнинг ҳолидан шуниси аён бўладики, кўзи ожизлик унга (кўп) юргани ва тинглагани, ёзгани ва ёдлагани, текширгани ва тасниф этганидан сўнг етган”, – деб айтган[11].

Бу фикрни Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний ҳам “Таҳзиб” номли асарида келтирган.

Шу ўринда Термиз шаҳри ҳақида қисқача маълумот бериб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Термиз Ўзбекистоннинг энг жанубида жойлашган шаҳардир. Амударёнинг ўнг қирғоғида жойлашган. Сурхондарё вилоятининг маркази ҳисобланади. Қадимги Термиз шаҳри ҳақида келган тарихий маълумотларга асосан, 2002 йилда шаҳарнинг 2500 йиллиги нишонланди. 1929 йили унга шаҳар мақоми берилган[12].

Термиз шаҳри горизонтнинг тахминан 38  даража шимолий кенглик ва 67 даража шарқий узунлигида жойлашган. Бу жой аҳолиси ҳижрий 70 йилда Исломга кирган. Ислом  фатҳи келгунига қадар бу ерда буддавийлик асосий дин бўлган.

Термиз шаҳрини Мусо ибн Абдуллоҳ ибн Хозим фатҳ қилган бўлиб,  у халифага бўйсунмай қўйган. 15 йил халифалик ҳукмидан мустақил тарзда давлатни бошқарган. Ҳижрий 85 йилнинг охирига келиб Усмон ибн Масъуд шаҳарни халифаликка қайтаришга муваффақ бўлган.

Шаҳар савдо-сотиқ, совун саноати билан машҳур бўлиб, шимолдан келадиган тижорат юкларининг Хуросонга ўтиш жойи ҳисобланган.

Термиз аҳли илм талабида шаҳарни ташлаб дунёнинг турли чеккаларига чиқиб кетар эдилар. Мулла Али Қори уларнинг кўчишлари туфайли “кўчманчи қавм”деб атаган. Улар Хуросон, Ироқ, Ҳижоз, Шом ва Миср каби мамлакатларга сафарлар қилишган.

Абдуллоҳ Абдувоҳидов

Манба ва адабиётлар:

[1] Тақиюддин Исъирдий. Фазоил китоб ал-жомеъ. – Байрут: Оламу кутуб, 1409- ҳиж. – Б. 96.

[2] Муҳаммад ибн Ҳиббон. Китабус-сиқот. – Хайдаробод: Доироту маориф, 1403-ҳиж. – Б. 9/153.

[3] Ибн Ҳажар Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб. – Байрут: Муассасатур рисала, 1325-ҳиж. – Б. 9/387.

[4] Имом Самьоний. Ансоб. – Байрут: Дорул Муҳаммад Амин, 1401 ҳиж. – Б. 2/361; 3/41

[5] Жамолиддин Абулҳажжож Юсуф Миззий. Таҳзийбул-камол. – Байрут: Муассасатур рисала, 1983. – Б. 26/250.

[6] Имом Самьоний. Ансоб. – Байрут: Дорул Муҳаммад Амин, 1401ҳиж. – Б. 7/170,171;

[7] Ибн Асир Жазарий. Жомеъул-усул фи аҳадис ар-Росул. – Дамашқ: Матбаъа Маллаҳ, 1969. – Б. 1/193

[8] Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий. Зафар ул-аманий. – Ҳалаб: Мактабат ал-матбуотил-исламийя, 1995. – Б. 555.

[9] Иёд Холид ат-Тоббаъ. Имом Термизий. – Дамашқ: Дор ал-қалам, 2001. – Б. 21.

[10] Тақиюддин Исъирдий. Фазоил китоб ал-жомеъ. – Байрут: Оламу кутуб, 1409-ҳиж. – Б. 40.

[11] Исмоил ибн Касир. Ал-бидоя ван-ниҳоя. – Байрут: Дару иҳяит-турос ал-арабий, 1997. – Б. 11/67.

[12] Wikipedia сайти.

433570cookie-checkТермизий, Буғий, Заририй, Суламий нисбаларига эга муҳаддис

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: