islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Водиллик азим чинор

Водийдан Шоҳимардон зиёратига бораётган зиёратчилар албатта Водил қишлоғида тўхтаб ўтадилар. Шундоққина йўлнинг юзида “Чинор таги” истироҳат боғи мавжуд. Бу сўлим истироҳат боғида ёши тахминан 1000 йилларга тенг азим чинор бор. Водилнинг қадим ўтмишидан дарак берувчи бу чинорни зиёратчилар томоша қилиб, соясида дам оладилар. Бу чинорнинг остида кўплаб маънавий чинорлар етишиб чиққан. Улардан бири Оҳунжон қори Водилийдир. У зот қори, машҳур олим, муфассир, муфаққиҳ, муаррих, шоир, адиб ва қилқалам соҳиби бўлганлар. Бу зотни замондошлари илмда чинорга тенглаштиришар эди.

Оҳунжон қори 1827-йили диёнатли дўкондор Расул оқчи (оқ газмол дўкондори) оиласида таваллуд топганлар. Расул оқчи барча ўғил-қизларини диний мутахассис бўлиб вояга етиши учун саъй ҳаракат қилади. Шу мақсадда 7 ёшли Оҳунжонни қўшни қишлоқ Чимёнга Даминжон қорига топширади. Ёш Оҳунжон кўплаб қорилар қатори 14 ёшида Қуръони Каримни ҳифз қиладилар ва устози ижозати билан қишлоққа қайтадилар. Сўнгра оталари Марғилондаги Мавлоно Муҳаммад Юсуфхоннинг тарбиясига топширадилар. Ўша даврда инсонлар фарзандларини олим инсонларнинг хизматига берардилар. Олимнинг хизматини қилиб бирга яшаса, уларнинг илмини ўрганмаса ҳам тарбиясини, хулқини ўрганади деган мақсадда шундай қилишар эди. Оҳунжоннинг “махдум”-“хизматкор” дея аталишларининг боиси шу бўлган. Оҳунжон устозларининг олдига келувчи талаба ва меҳмонларга чой дамлаб хизмат қиладилар. Бир кун устоз талабаларни имтиҳон қиладилар. Улар бир масаланинг жавобини топа олмай турган пайтларида Оҳунжон чой олиб кириб қолади ва ёш болаларча жавобни айтиб, яна хизматларига чиқиб кетадилар. Чой тошиб оддий хизматларни қилиб юрган ёш боладан жавобни эшитиб ажабланадилар. Дарс тайёрламай чой ташиш асносида эшитиб, ёдлаб олганларини кўрган устозлари олдиларига чақирадилар. Имтиҳон қилиб бошқа нарсаларни сўрасалар, унга ҳам жавоб берадилар. Илмга қобилияти борлигини пайқаган устозлари Оҳунжонга “Отангдан ўқишга рухсат сўраб кел, сени ўқитармикан ёки ўзи каби мол-дунё тўплатармикан?“ дея қўшиб қўядилар. Оталари бу гапни эшитиб, ўқитаман дейдилар. Шу воқеадан кейин устозларининг олдига қайтиб келиб, энг яқин талабаларига айланадилар. Устозларига хизмат қилиш билан бирга, у зотдан таважжуҳ илмини ҳам ўрганадилар. Ўша ердаги Ғиштин мадрасасини тамомлаб, катта олим бўлиб етишадилар. Устозлари у зотга “Сен ҳамма нарсани ўчоқ бошидан, яъни хизматдан топгансан-да“ –дея таҳсин айтганлар. Мадрасадагилардан Мир Яҳё у ҳақида “Биз вазифаларни 2-3 кунлаб тайёрлаб ниҳоясига етказсак, Оҳунжон қори такрорламай, биздан яхши ўзлаштириб олардилар” деган. Ёзма манбаларда бу зот “улуғлар афзали“, “шариат офтоби“, “ҳақиқатларни очиб берувчи“, “моҳир суҳандон“, “турли фанлар соҳиби“ каби сифатлар билан таърифланган.

Талабалик даврларида устозлари иккита қори билан Лоғон қишлоғига таровеҳ намозини ўтказиб бериш учун жўнатадилар. У ерда шерикларидан бири вабо касали билан вафот этади. Яна бири эса курашга бориб қўли синиб, кетиб қолади. Ўзлари ёлғиз бешта хатмни ўтказиб қайтадилар. Бундан хурсанд бўлган устозлари ҳақларига алоҳида дуо қиладилар. Устозлари Аравонга сафар қилганларида ёш Оҳунжонни бирга олиб кетардилар. Шундай сафарларнинг бирида Оҳунжонга Аравон қозисининг назари тушиб қолади ва янги қурилган масжидга имом қилиб қолдиришни устозларидан илтимос қилади. Шу тарзда Оҳунжон Аравонда имом сифатида ишлаб истиқомат қиладилар ва қисқа вақт ичида Аравон халқи ўртасида катта ҳурмат қозонадилар. Кейин Аравонлик Мадоким Амин қизини қорига никоҳлаб беради.

Бухоролик шайхул ислом таклифи билан устозлари раҳнамолигида Абдулҳаким исмли пешқадам билан Оҳунжон қори Бухоро шаҳрига ташриф буюрадилар. Рамазонда ўн кунлик таровеҳ намозида ва Қуръон хатмида иштирок этадилар.

Устозлари Мавлоно Муҳаммад Юсуфнинг вафоти (1921-йил)дан сўнг Оҳунжон Марғилонга кўчиб келиб, Мулла Мўминжон хонадонида яшаб, “Хонақоҳ” масжидида имом ва мадрасада мударрислик қиладилар. 1924-1925- йиллари ўзларининг туғилиб ўсган қишлоғи Водилга кўчиб келиб, мозор тагидаги мадрасада дарс бериб кўплаб қориларга устозлик қилганлар. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда Ўрта Осиё мусулмонлар идораси бошлиғи Эшон Бобохон Оҳунжон қорини бир неча бор бирга ишлаш учун Тошкентга таклиф қилганларида, узр сўраб, ўз масканларида қолганлар. Тошкентда бўлиб ўтган имом-хатиблар йиғилишида Муфтий ҳазратлари: “Юртимизда Оҳунжон қоридек уламоларимиз бор экан, иншааллоҳ, ислом илдизи бақувват“, деб таъкидлайдилар.

Оҳунжон қори 1928-йилдан то вафотлари 1958-йилгача, 30 йил уйдан чиқмай умрларини ибодат ва риёзатга бағишлаганлар. Бу давр мобайнида кўплаб нодир китобларни оққа кўчирадилар. У зот қилқалам соҳиби бўлиб, хатлари жуда гўзал бўлган. Ўзлари ҳам ислом дини йўлида кўплаб китоблар ёзиб қолдирганлар, афсуски улар китоб шаклида босилиб чиқмаган. Ўзлари ёзган ва оққа кўчирган китоблари ҳаммаси бўлиб 120 тани ташкил этади.

Айтишларича, аллома асарларини махсус хонтахта устида эмас, чўкка тушиб, тиззалари устига қўйиб ёзганлар. Буни кўрган аёллари: “Ахир бир оз оёғингизни узатиб олсангиз, бўлади-ку”,-десалар, “Мен ҳеч қачон оёғимни узатиб ўтирган эмасман”,-дер эканлар. Агарда, ёзаётган сўзлари хато бўлиб қолса, уни тиллари билан ялаб олар эканлар.

Ҳозирда бу зотнинг фарзандлари, набиралари исломга содиқлик йўлида ҳаёт кечирмоқдалар. Ўғиллари Мухториддин махдум 100дан ошган бўлишларига қарамай вафотларига қадар қўлларидан қалам тушмаган. Ислом динига оид бир нечта китоблар ёзиб, чоп эттирганлар. Кенжа ўғиллари Абдуллоҳ махдум 1975-йилдан бери Ёшларобод қишлоғининг имом-хатиби сифатида хизмат қилиб келмоқдалар. Акалари Мухториддин билан бу кишининг бошчилигида ҳашар йўли билан Ёшларободда жомеъ масжиди қуриб битказилди. Халқнинг талаб-истаклари билан масжидга оталари Оҳунжон қори номи берилди. Қишлоқ аҳолиси масжидни ўзгача ихлос ва улуғ ниятлар ила ўз қўллари билан қурдилар. Ҳозирда оталарига савоб етиши умиди ила ушбу масжид ривожида ўғиллари Абдуллоҳ ва неваралари Орифжон ҳожилар фаолият олиб бормоқдалар.

Манбалар асосида Тошкент Ислом институти

битирувчиси Султонова Диловар тайёрлади

45830cookie-checkВодиллик азим чинор

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: