islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Комил инсон одоби

Мусулмон киши ҳаёти давомида бир қанча одобларга риоя қилиши керак: Аллоҳга, Қуръони каримга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, бандаларга нисбатан бўладиган муомала одоблари, бундан ташқари, ейиш, ичиш, сафар, либос,уйқу каби кундалик ҳаётда риоя қилишимиз керак бўлган одоблар. Шулардан бири инсон ўз нафсига нисбатан касб қилиш керак бўлган одоблар. Албатта, ҳар бир мусулмон бу дунё ва охират саодатига эришиш учун ўз нафсини тарбиялаши, тозалаш ва ислоҳ қилиши керак. Дунё ва охират ҳаётидаги бахтсизлик эса киши нафсининг кирланиши, фасод, ҳалокатга юз тутиши билан боғлиқ. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Ҳақиқатан уни (нафсни) поклаган киши нажот топур ва у (нафсни) (гуноҳлар билан) кўмиб, хор қилган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлур)”. (Шамс сураси, 9-10).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сизларнинг барчангиз жаннатга кирурсизлар фақатгина инкор қилувчилар эмас. Сўрадилар: Ё Расулуллоҳ, инкор қилувчи ким? Айтдилар: Кимки менга итоат қилса, жаннатга кирур, кимки менга қарши чиқса, ана ўша инкор қилувчидир”.

Мусулмон киши нафсни покловчи нарсалар гўзал иймон, амали солиҳ эканлигини, куфр ва маъсиятлар эса уни ҳалокатга олиб боришини билади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Куннинг ҳар икки тарафида (яъни эрта-ю кеч) ва туннинг бир бўлагида намоз ўқинг! Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказур”.

Муборак ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Агарда мусулмон киши бир гуноҳ амални қилиб қўйса, унинг қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилса, қалби покланур, агар маъсиятда давом этса, қалбини гуноҳлар қоплаб олур”. Демак, мусулмон киши доимо ўз нафсини тарбиялаб, поклаб, уни кирлантирадиган фаҳш ишлардан узоқлашиб яшаш керак. Ҳар соатда нафсини ҳисоб-китоб қилиши, уни яхши амаллар, тоат-ибодатларга ундаши керак. Бу эса бир неча поғоналарни босиб ўтиш билан бўлади:

Булардан аввалгиси-тавба, яъни гуноҳ ва маъсиятлардан узоқлашиб,олдин қилган хатолари учун афсусланиб, келгусида бу гуноҳларга қайтмасликка қарор қилишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Эй, мўминлар, барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, кошки нажот топурсизлар”. Агар банда Роббисига чин ихлос билан тавба қилса, Аллоҳ таоло бандасидан қаттиқ хурсанд бўлар экан, ҳатто бир ҳадиси шарифда келишича, агар банда Роббисига тавба қилса, Аллоҳ таоло кимсасиз саҳрода туясини йўқотиб қўйиб, сўнгра уни топган кишиданда кўпроқ хурсанд бўлар экан.

Тавбадан кейин келадиган поғона-муроқаба, яъни мусулмон киши ўзини кузатиши, Аллоҳ уни доимо кузатиб турганлигини билиши ва ҳар дақиқада шуни ҳис қилиши керак. Ана шундагина мусулмон киши Аллоҳ таолонинг нақадар комил Зот эканлигини мулоҳаза қилади, унга ибодат қилишдаги роҳатни топади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Жаброил алайҳиссалом эҳсон ҳақида сўраганларида: “Аллоҳга уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг, агар бу қўлингдан келмаса, албатта Аллоҳ сен кузатиб турур”,-деб жавоб қайтарганлар. Саҳоба розияллоҳу анҳумлар ҳам бунга кучли амал қилиб, муқарраб бандалар даражасига кўтарилганлар.

Жунай роҳимаҳуллоҳдан сўрашибди: “Ерга қараб юришга ундайдиган нарса нима?“ Айтибдилар:“Сени кузатувчининг назари сенинг назарингдан ўткирроқ эканлигини билиш“. Ибн Муборак розияллоҳу анҳудан бир киши муроқаба ҳақида сўраганида: “Сен доим Аллоҳни кўриб тургандек бўлишинг“,-деб жавоб берибдилар. Абдуллоҳ  ибн Дийнор ривоят қиладилар: Бир куни Умар розияллоҳу анҳу билан Маккага бораётган эдик. Йўлда тоғлик бир чўпонни учратдик. Умар розияллоҳу анҳу: “Бизга қўйларингдан биттасисини сот“, дедилар. Чўпон поданинг эгаси борлигини айтди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Эгангга бўри еб кетди дейсан“, дедилар. Чўпон эса: “Унда Аллоҳ қаерда?“-деди. Умар розияллоҳу анҳу йиғлаб юбордилар, сўнгра чўпоннинг эгасига бориб, чўпонни ундан сотиб олдилар ва қулликдан озод қилдилар. Ҳикоя қилинишича, Зулайҳо Юсуф билан ёлғиз қолганида Бутнинг юзини ўраб қўяди. Шунда Юсуф алайҳиссалом айтадилар: “Сен жонсиз нарсадан ҳаё қилдингу, Молик-Жаббор Зотдан ҳаё қилмайсанми?“

Нафсни ислоҳ қилиш йўлидаги кейинги қадам уни ҳисоб-китоб қилишдир. Мусулмон киши кеча-ю кундуз охират саодатига эришиш учун солиҳ амалларни қилишга ҳаракат қилади. Унинг ҳаёти дунёси амалларни бажариш давридир. Шу вақтда у худди тижоратчи каби бўлиши керак. Яъни, фарз, вожиб амалларга тижоратчи ўзининг аслий тижорат молига қандай қараса, шундай қараши керак, нафл амалларига тижоратдан келган фойдага қараганидек, гуноҳ ва хатоларга эса тижоратдаги зарарга қарагандек қараши керак. Сўнгра, ҳар куни ўз нафси билан бир вақт ҳоли қолиб, бир кунлик амалларини ҳисоб китоб қилиши керак. Умар розияллоҳу анҳу: Ҳисоб-китоб қилингунингизгача ўзингизни ҳисоб-китоб қилинг, деганлар. Улар кеча кирганида оёқларини ҳасса билан уриб, ўзларини бугун куни бўйи нима қилдинг деб койир эканлар.

Абу Толҳа розияллоҳу анҳу бир куни боғлар билан овора бўлиб, намозлари қолиб кетганида Аллоҳ йўлида боғларидан садақа чиариб берганлар ва буни фақатгина нафсларини жазолаш учун қилганлар.

Саҳобалардан бирлари бир уйнинг олдидан ўтаётиб: “Бу уй қачон қурилган экан“, деб ўйлабди. Сўнгра нафсларига юзланиб, мендан маъносиз, бўлмаган нарсаларни сўраганинг учун сени бир йиллик рўза билан жазолайман, деганлар.

Солиҳ кишилардан бирлари жазирама иссиқда туриб нафсларига жаҳаннам олови бундан кучлироқ, дер эканлар. Яна бир саҳоба бир куни юқорига қарамоқчи бўлиб бошларини кўтарганларида бир аёлга кўзлари тушади, шундан сўнг, то ҳаёт эканман, ҳеч қачон осмонга қарамайман деб ўзларига ваъда берган эканлар.

Мусулмон киши ўзининг энг катта душмани нафс эканлигини билиши керак. Шунда у ўз нафсига қарши уруш эълон қилади ва унинг истакларига қарши чиқади. Демак, кейинги поғона-мужоҳада яъни, инсон ўз нафси билан курашиш. Инсоннинг нафси табиатан ёмонликка мойил қилиб яратилган: “Мен ўз нафсимни оқламайман, зеро нафс ёмонликка ундовчидир”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтганлар: “Агар уч нарса бўлмаганида эди, мен бир кун ҳам яшашни истамаган бўлар эдим. Булар: Аллоҳга бўлган ташналик, қоп-қоронғу тундаги сажда ва яхши сўзларни сўзловчи кишилар мажлиси“.

Умар розияллоҳу анҳу аср намозида жамоатдан қолганлари учун 200 минг дирҳамга тенг келадиган ерларини садақа қилиб юборганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу эса жамоатдан қолган кунлари кечаси билан намоз ўқир эканлар, бир куни шомни иккита юлдуз чиққан пайтгача кечиктирганлари учун икки қулни озод қилган эканлар.

Али розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Аллоҳ шундай қавмларни раҳм қилсинки, одамлар уларни бемор деб ўйлайдилар, лекин улар бемор эмаслар, балки ўз нафсларига қарши курашганларидан юзлари шундай кўринади”.

Собит ал-Бунаний роҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: “Шундай кишиларни кўрдимки, улардан бири намоз ўқир эди, сўнгра ётоғига эмаклаб борар эди. Яна бир кишини кўрдим, у киши қиёмда узоқ турганидан оёқлари шишиб кетган эди. Яна шундай кишилар борки, улар сажда қилган ҳолатларида вафот этганлар“.

Аллоҳ таоло барчамизга муқарраб бандаларидан бўлишлигини насиб этсин. Амийн!

49190cookie-checkКомил инсон одоби

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: