islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сиз қандай юрасиз?

Инсон ўзининг эҳтиёжи сабабли доимо бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиб туради. Гоҳида ухласа, гоҳида ўтиради, гоҳида юрса, гоҳида югуришга тўғри  келади. Баъзида ибодатга машғул бўлса, баъзида касбу ҳунар билан машғул бўлади. Мўмин киши қайси ҳолатда бўлмасин, албатта, ўша ҳолатга тегишли динида кўрсатилган одобларга риоя қилиши лозим бўлади. Зеро, динида унинг ҳаётидаги ҳар бир ҳолатига тегишли одоблар баён қилиб қўйилгандир. Шу маънода эътиборингизга  пиёда юришга тааллуқли одобларни ҳавола этамиз.

Биринчи одоб – эзгу ният қилиш.

Мўмин киши барча ҳолатларида дастлаб эзгу ният қилиши лозим бўлади. Агар бир дўстини зиёрат қилишга борса, ушбу зиёрати билан Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлайди. Агар масжидга йўл олса, ибодатни адо этишга ният қилади. Агар касбу кор учун йўлга отланса, аҳли оиласига ҳалол ризқ топиш ниятини қилади. Агар бирор-бир ўйин ўйнамоқчи бўлса, ушбу ўйиндан олдин у билан соғлигини тиклашни, ибодатга қувватли бўлишни ният қилади. Шу маънода пиёда юришда ҳам мусулмонларга манфаат келтириш сингари эзгу ниятлар қилади.

Иккинчи одоб –  ҳаром қилинган жойга бормаслик.

Мусулмон киши ҳаромга олиб борувчи ҳар бир қадамга гуноҳ ёзилишини, ҳаромдан сақланиб, ҳалолга юрилган ҳар бир қадамга эса савоблар ёзилишини билиши лозимдир.

Учинчи одоб  – кибр билан юришдан сақланиш. 

Такаббурлик қилиб юриш ёмон оқибатга олиб борувчи қаттиқ қайтарилган ишдир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай хабар берилган:

وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ

“Ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас”[1].

Ушбу оятни Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ шундай тафсир қилган: “Ер юзида ўзига бино қўйган мутакаббир бўлиб юрмагинки, Аллоҳнинг ғазабига йўлиқиб қоласан. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас”, – деган. Оятда келган مُخْتَالٍ калимаси “ўзига бино қўйган” маъносини, فَخُورٍ калимаси “бошқага мақтанувчи маъносини англатади”.

Тўртинчи одоб – ўртача тезликда юриш.

Юришда ҳаддан зиёд тез ҳам, ниҳоятда секин ҳам бўлмасдан, ўртача ҳаракатланиш ҳам пиёда юриш одобидан ҳисобланади.

Бешинчи одоб – юришда орқасига алангламаслик.

Юриб кетаётган киши агар орқасига аланглайдиган бўлса, бошқаларда у ҳақида турли гумонлар юзага келиши, ёки бирор нарсага қоқилиб кетиши каби турли нохуш ҳолатларга дучор бўлиши мумкин. Шунинг учун мўмин киши тўғрига қараб виқор билан юриши лозим.

Олтинчи одоб  – юришда сохта қўрқоқлик қилмаслик.

Бошқаларнинг эътиборини тортиш учун ўзини қўрқиб кетгандек қилиб кўрсатиш ёки ўзини касалликка солиш каби сохтакорликлар Аллоҳнинг ғазабига дучор қиладиган ишлар ҳисобланади. Шунинг учун мўмин киши судралмасдан шахдам юриши лозим бўлади. Умар розияллоҳу анҳу кўчада касалмандга ўхшаб юрган бир йигитни кўриб: “Касалмисан”, – деб сўради. У: “Йўқ”, – деб жавоб берди. Ҳазрати Умар уни дарралари билан бир уриб: “Бўлмаса дадил юргин”, – деб буюрди.

Еттинчи одоб –  дадиллик билан юриш.

Дадиллик билан юриш ҳам юриш одобларидан ҳисобланади. Дадиллик билан юриш деганда оёқларини судрамасдан шахдам қадамлар билан юриш тушунилади. Юришда пилдираб(жуда майда қадам билан) юриш, касалмандаларга ўхшаб “зўрға” юриш юришдаги одобсизлик ҳисобланади. Мусулмон киши виқор билан, ўзидаги куч-қувватни намоён қилиб юриши лозим. Зеро, ҳадиси шарифда айтилганидек: “Кучли мўмин кучсиз мўминдан кўра севимлидир”.

Саккизинчи одоб – ман қилинган юришлардан сақланиш.

Мусулмон кишининг одоби уни қуйидаги юришлардан қайтариб туради:

– мутакаббирлик билан юриш;

– хавотир билан атрофга аланглаб, довдираб юриш;

– ўлиб бораётган касалманддек судралиб юриш;

– нозланиб юриш;

– бирор заруратсиз йўрғалаб юриш.

Ушбулар мусулмон кишига ярашмайдиган юришлар ҳисобланади. Шунинг учун бундай номақбул юришлардан тийилиш лозим.

 Тўққизинчи одоб – аёлларнинг кўча ўртасидан юришлари.

Муслима аёлларнинг кўча четидан юришлари одоблари тақозоси ҳисобланади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لَيْسَ لِلنِّسَاءِ وَسَطُ الطَّرِيقِ.   رَوَاهُ البْيْهَقِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёлларга йўлнинг ўртаси (дан юришлари) жоиз эмас”, – дедилар”. Имом Байҳақий ривоят қилган.

Шунинг учун муслима аёллар йўл четидан одоб билан юришлари лозим бўлади.

Ўнинчи одоб – оёқ кийимнинг фақат бир пойини кийиб иккинчисини киймасдан юриш.

Мусулмон кишининг бир пой оёқ кийимини кийиб, иккинчисини киймасдан юриши ман қилинган ишни содир этиш ҳисобланади. Чунки бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг алоҳида кўрсатмалари бор:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إذَا انْقَطَعَ شِسْعُ نَعْلِ أَحَدِكُمْ أَوْ شِرَاكُهُ

فَلاَ يَمْشِي فِي إحْدَاهُمَا بِنَعْلٍ وَالْأُخْرَى حَافِيَةٌ لِيُحْفِهِمَا جَمِيعًا أَوْ لِيُنْعِلْهُمَا جَمِيعًا.  رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангизнинг оёқ кийимининг тасмаси ёки боғичи узилиб кетадиган бўлса, бир оёғида оёқ кийим бор, наргиси яланг оёқ бўлиб юрмасин. Иккаласини ҳам ечиб қўйсин ёки иккаласини ҳам кийиб олсин”, – дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.

Чунки бундай ҳолатда юриш мусулмон кишига ярашмайди, балки у  шайтоннинг юриши ҳисобланади. Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ “Мушкулул осор” асарида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирган:

إِنَّ الشَّيْطَانَ يَمْشِي فِي النَّعْلِ الْوَاحِدَةِ

“Албатта, шайтон битта кавушда юради”.

Битта оёғи яланг оёқ бўлиб юриш мумкин эмаслигидан бунга тааллуқли бошқа маслалар ҳам келиб чиқади:

– бошқа-бошқа оёқ кийимларни кийиб юриш ҳам мумкин эмас;

– бошқа-бошқа рангдаги оёқ кийимларни кийиб юриш ҳам мумкин эмас.

Ўн биринчи одоб – аҳён-аҳёнда оёқ яланг бўлиб ҳам юриб туриш.

Баъзида оёқ яланг юриб туриш бандадаги тавозега далолат қиладиган, ҳадиси шарифда тавсия қилинган иш ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنْ فَضَالَةَ بْنِ عُبَيْدٍ  كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَأمُرُنَا أَنْ نَحْتَفِيَ أَحْيَانًا.    رَوَاهُ اَبُو دَاوُدَ

Фазола ибн Убайддан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳён-аҳёнда оёқ яланг юришимизга буюрар эдилар”. Имом Абу Довуд ривоят қилган.

Баъзида оёқ яланг юриб туриш соғлиққа ҳам ниҳоятда фойдали бўлиши исботланган. Фақатгина бундай юриш бетон устида ёки оёққа зарар бериши мумкин бўлган жойда бўлмаслиги керак. Балки, оёқ яланг юрса бўладиган тупроқ устида юриб турилса, мазкур кўрсатмага риоя қилинган бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни шариат кўрсатмаларига риоя қилиб яшаш бахтига мушарраф қилсин.

Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилалари ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур Раҳим

52120cookie-checkСиз қандай юрасиз?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: