islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Толиби илм мартабаси

Аллоҳ таоло барча махлуқоти ичида инсонни энг азиз, мукаррам, мукаммал ва афзал суратда яратди. Унга Ердаги жуда кўп нарсаларни бўйсундириб қўйган ва саноғига етиб бўлмас неъматларини берган. Ана шундай неъматларнинг бири илмдир. Илм олиш билан инсон юксак мартабаларга кўтарилади, зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар”(Зумар сураси 9 оят), деган.

Аллоҳ таоло яна айтади:

“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала, 11).

Илм сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолар билан келган. Қуръон ва суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Шунингдек, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан ҳам илм фазилати ҳақида жуда кўп ҳадиси шарифлар ворид бўлган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм олиш фазилатини шундай баён қилдилар: “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди”. (Имом Муслим ривояти)

Яна айтадилар: “Малоикалар толиби илмни қилган ишидан мамнун бўлиб унга қанотларини ёзадилар. (Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривояти)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илмдан бир боб ўрганиб тонг оттиришинг юз ракат намоз ўқишингдан афзалдир”. (Имом ибн Абдулбар  Абу Зарр ривоят этган).

Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Илм мол-дунёдан яхшироқдур Чунки илминг сени асрайди, мол-дунёни сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса, камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна кўпаяверади”.

Хакимлар: “Илм ўрганинг, чунки у фақирликда давлат, бойликда зийнатдир”, дейишган.

Илм олиш борасида юртимизда ҳам ибрат бўларли алломаларимиз жуда ҳам кўп. Улар жумласидан нафақат юртимизда балки бутун оламга машҳур бўлган Имом Бухорийдир. У киши ҳақларида Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Ҳузайма шундай дейдилар: “Бу дунёда ҳадис илми ҳақида Муҳаммад ибн Исмоилдан билувчироқ ва ёд олувчироқ бирор кишини кўрмадим. Ҳаттоки Бухорий билмаган ҳадисни бу ҳадис эмас дейиларди”. Бухорий ўзлари айтадилар: “Юз минг саҳиҳ, икки юз минг саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёд олдим. Саҳиҳ китобимга бир ҳадисни ёзишдан олдин ғусл қилиб икки ракат намоз ўқирдим. У саҳиҳ ҳадисларни олти юз минг ҳадислар ичидан танлаб олдим ва уни ўн олти йилда ёзиб тамомладим сўнгра уни ўзим билан Роббим ўртасида ҳужжат қилдим”. Алломанинг бу сўзларини эшитиб, инсонда илм олишга рағбат ортиб, мен ҳам улар каби олим бўлиб, динимга, халқимга ҳизмат қилсам, дейди.

Ислом буюклари илм ўрганиш фазилатини кўп таъкидлашган. Инсоннинг қадри илм билан юксалади. Илмли киши ҳар бир нарсага холис баҳо бера олади. Шундай экан, фарзандларимизга тўғри таълим-тарбия бериб, илм – маърифатли, ватан жамият учун зарур ва муҳим бўлган барча илмий соҳалар бўйича етук мутахассис бўлишлари учун ғамхўр, ёрдамчи ва тўғри насиҳатгўй бўлмоғимиз лозим.

Аллоҳ таолодан буюк алломаларимиз изидан боргувчи, илм чўққиларини забт этувчи, илмга ташна олимлар етишиб чиқишини, илм ўрганадиган, илмга ҳомийлик қиладиган, ҳеч бўлмаганда, илмни, олимларни севадиган инсонлар сафидан қилишини сўраб қоламиз.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси

Пўлатхон Каттаев

52450cookie-checkТолиби илм мартабаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: