Дунё тамаддуни бешигини тебратган буюк шарқ юзлаб, минглаб уламоларни етиштиргани ҳеч кимга сир эмас. Мазкур уламоларнинг кўпчилиги Марказий Осиёда, хусусан, Мовароуннаҳр диёрларида яшаб ижод қилгани ҳам инкор қилиб бўлмас тарихга айланган. Ана шундай уламолардан бири Нуриддин Бухорийдир.
Ҳанафий мазҳабининг машҳур уламоларидан ҳисобланадиган Нуриддин Собуний раҳматуллоҳи алайҳнинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Абу Бакр Собуний Бухорийдир. У кишининг ҳаёти ҳақида манбаларда етарлича маълумотлар келмаган. Шунинг учун ҳам алломанинг туғилган сана ва жойлари ҳақида аниқ, ишончли маълумотлар йўқ. Лекин шунга қарамай баъзи манбалар унинг Бухоро шаҳрида туғилганилигига ишора қилади. Зеро, кам бўлса ҳам, маълумотлар у кишининг ҳаждан бошқа ҳеч бир жойга сафар қилмаганлиги, унинг тахминан ҳижрий 500 йилларда, Бухорода туғилиб, шу ерда яшаб ижод қилганлигини билдиради.
Нуриддин Собуний ҳар хил китобларда турлича исмлар билан зикр қилинади. Жумладан, “Нуруддин”, “Имом”, “Имом Нуруддин Собуний”, “Нуруддин Собуний”, “Бидоя соҳиби”, “Кифоя соҳиби” кабилар.
“Собуний” нисбаси Имом Собунийнинг собун ишлаб чиқарганлиги ёки совун сотиш билан шуғилланганлиги учун берилган, деган фикрлар бор. Чунки алломанинг аждодлари Найсабурда собун иши билан танилган бўлган. У киши аслий ватанига нисбатан Бухорий нисбати билан ҳам зикр қилинади.
Аксарият манбаларда куняси “Абу Муҳаммад” бўлгани келтирилади. Баъзи тарихчи олимлар эса “Абу Бакр” дея куняланган дейишади. “Кашфуз зунун” асари муаллифи эса, У зот “Абу Маҳамид” кунясини олган дейийди. Чунки исмлари Аҳмад, отасининг исми Маҳмуд ва ўғлининг исми Муҳаммад бўлган. Шунинг учун ҳам силсилаларидаги бу учта исмни жамлаган ҳолда “Абу Маҳамид” дея зикр қилинган, деган эҳтимол ҳам бор.
Уламолар Нуриддин Собунийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида жуда ҳам кам маълумот сақланиб қолганини айтганлар. Бу зот ҳанафия мазҳабининг машҳур уламоларидан бўлган шамсул аимма Кардарий билан бир даврда яшаб ижод қилган.
Нуриддин Собунийнинг Кардарийнинг устози ёки шогирди бўлгани тўғрисида ихтилоф қилинган. Шунингдек, Нуриддин Бухорийнинг ҳаёти ҳақида сўз юритган уламолар ашъарий мазҳабининг машҳур уламоларидан бўлган Фахриддин Розий билан у зот ўртасида бўлиб ўтган илмий баҳсларга, албатта, тўхталиб ўтадилар.
Бу баҳслар ҳақида Нуриддин Бухорийдан ҳам, у зотнинг шогирларидан ҳам бирорта хабар айтилмаган. Шунга кўра, мазкур баҳслар фақат бир томондан, яъни Фахриддин Розийнинг берган хабарлари асосида баён қилинган. Яъни Фахриддин Розийнинг “Мовароуннаҳр диёрида бўлган мунозаралар” китобида зикр қилишича, Нуриддин Бухорий умрининг охирларида ҳаж сафарларига чиққан ва шу сафар асносида Хуросон ва Ироқда бу икки олим ўртасида мунозаралар бўлиб ўтган. Бу мунозаралар натижасида Нуриддин Бухорийнинг мотуридий ва ҳанафий олим эканлиги маълум бўлади.
Ҳақиқатдан ҳам олимнинг тасниф қилган китобларига чуқур назар ташласак, Имом Собунийнинг Имом Мотуридий ва Имом Насафийларнинг фикрларига таржиҳ беришларини ва ўзи ёндашган масалаларда ҳам Мотуридия мазҳаби имомлари билан мувофиқ равишда маълумотларни келтирганини кўриш мумкин. Фиқҳий масалаларда билдирган фикрлари ҳам Нуриддин Собунийнинг ҳанафийлик мазҳабида бўлганини кўрсатади.
Буюк мутафаккир, мутакаллим олим Нуриддин Собуний Бухорий умрининг охирги қисмини ватани Бухорода ўтказади ва шу ерда вафот этади.
4-курс талабаси
Муродбек Худойқулов