Қорилар саййиди, шайх, имом Абу Муҳаммад Абул-Қосим ал-Қосим ибн Фирруҳ ибн Халаф ибн Аҳмад ар-Руъайний ал-Андалусий аш-Шотибий (538/1143) йили Андалусиянинг Шотиба шаҳрида таваллуд топган. Манбаларда унинг кўзлари ожиз ҳолда туғилгани зикр қилинади.
Баъзи тадқиқотчилар унинг куняси бўлмиш Абул-Қосимни ўзининг Қосим деган исми дейдилар. Унинг машҳур куняси Абу Муҳаммаддир.
Имом Заҳабий “Маърифат ал-қурро ал-кибор”,(Улуғ қориларни таниш) “Тазкират ал-ҳуффоз”,(Қорилар ҳотиралари) “ал-Ибар” (Ибратлар )китобларида, Ибн ал-Жазарий “Ғоят ан-ниҳоя”( ) китобида, Ибн Қози Шеҳба “Табақот” китобида Қосим унинг исми эканлигини тўғри дея эътироф этганлар.
“Фирруҳ” номи Андалусия шевасидаги лотин тилидан олинган бўлиб, унинг маъноси араб тилида “ҳадид”, яъни темир маъносини беради.
Руъайний Ямандаги Зий Руъайн қабиласига нисбат бўлиб, ушбу қабилага мансуб одамлар Миср ва бошқа шаҳарларга ҳам кўчиб борган эканлар. Имом Шотибийнинг асли ҳам ушбу қабилага мансуб ҳисобланади.
Шотибий дейилишига сабаб эса олимнинг туғилган шаҳарига нисбат беришдир. Шотиба Андалус (ҳозирги Испания) шарқида қалъа билан ўралган катта шаҳар номи ҳисобланади.
Шотибий Қуръони Карим қироати, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадислари ва тафсир илмида олим кишилардан бўлган. Агарда унинг олдида Имом Бухорий ва Имом Муслимларни “Саҳиҳ”лари ва Имом Моликни “ал-Муватто”лардан ҳадис ўқилса, китобга қарамасдан улардаги хатоларни ёддан айтарди ва китобларни грамматик жиҳатдан ҳаракатларидаги жузъий камчиликларни ҳам тўғрилаб қўярди. Чунки, Шотибий ўз замонасининг наҳв илми бўйича ҳам таниқли олимлардан бўлган.
Имом Шотибий Қуръон илмларини имоми, Аллоҳнинг китобида насиҳатгўй, йўлбошчи, араб сўзларини тузилиши, луғатини билишда энг олди уламолардан, уни халқ орасида айтишларича ҳадис ёд олишликда нодир олим бўлган эди.
Шайҳ Шотибий заковатли, барча илмлардан хабардор, шеърият назмида ҳам маҳоратли бўлган. Қироат илмида етук билимдон, валийлик, зоҳидликлари бениҳоя бўлган. Аллоҳга қилаётган ибодатларида ўзларини синиқ олиб турар. Қалби доимо Аллоҳ зикри билан уйғоқ, вақти-вақти билан кароматлар кўрсатиб турардилар. Бунга қўйидаги икки мисолни келтириб ўтамиз: Шотибий “Фозилийя” мадрасасида бомдод намозини ўқиб сўнгра дарс бериш учун шу ерда ўтирарди ва одатига кўра “Ким биринчи келган бўлса ўқисин” дерди. Бир куни “Ким иккинчи келган бўлса шу киши ўқисин” деди, шунда биринчи келган талаба ўйланиб қолди, чунки бундай ҳолатни шайхнинг ҳузурида умуман кўрмаган эди. Сўнгра талаба ўтган дарсда шайхга нисбатан қандай беодоблик қилдим экан деб ўйланиб турганди тўсатдан кечаси уйқусида жунуб бўлиб қолганлиги эсига тушиб қолди, сўнг югурганича мадрасанинг ёнидаги “ҳаммом”га бориб ғусл қилиб қайтиб шайхни ҳузурига келганида аввалгиси ҳали дарсини якунига етказмаган эди. Аввалгиси дарсини тугатгач Шайх, “энди биринчи бўлиб келган киши ўқисин” дейди.
Имом Шотибий Мисрга борган вақтида Миср волийси у зотга жуда катта ҳурмат кўрсатиб ўзининг саройидан жой бериб гўзаллик ва насабда тенги йўқ аслзода аёллардан бирига никоҳлаб қўяди. Кейинчалик унинг канизаклари фитна қилиб “сиз гўзал, тенги йўқ, аслзода, аёл эдингиз подшоҳимиз сизни кўзи ожиз кишига никоҳлаб берди, қироъат имоми бўлса ҳам сизни тенгингиз эмас, у кишининг кўп вақти мадрасада ўтса сизнинг қадрингизга етармиди? Сиз у кишидан талоғингизни сўранг сўнгра фалончи вазир ёки фалончи шаҳзодага тегиб оласиз”, дейди. Имом Шотибий мадрасадан келиб таҳорат олмоқчи бўлиб турганларида унинг рафиқаси юқорида канизаклар унга айтиб ўтган сифатларини зикр қилиб бу сифатлардан эса, Шотибийнинг бехабарлигини яъни рафиқасини жамолда тенги йўқ аёллардан эканини кўра олмасликгини айтиб, эридан талоғини беришлигини сўрайди. Шунда Шотибий рафиқасига таҳоратга сув олиб келишликларини буюради. Рафиқаси сувни олиб келганида, Шотибий уни ёнига чўккалаб ўтиришини буюради. Рафиқасининг сочлари орасида бор ёғи бир дона оқ сочи бўлади. Шотибий ёнида ўтирган аёлини айнан ўша оқ сочини сочлари орасидан топиб: “Мана буни кўрдингми? мен сени кўраман ва жамолингни қадрлайман хотиржам бўл” дейди. Шундан сўнг аёллари айтган сўзига пушаймонлигини айтиб кечирим сўрайди.
Мажлисларда Шотибий илмга манфаати бўлмаган беҳуда сўзлардан тийиларди. Қуръон қироатига ўтирган вақтида доимо таҳорат, устидаги кийимларини ҳам покиза қилиб ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) буюрганидек суннатга мувофиқ амал қилган ҳолатда бўлар эдилар.
Мазҳаблари шофеъий бўлиб, энг тўғри ривоятларга кўра у киши туғма кўр бўлган. У кишининг кўзлари ожиз бўлгани билан, ботин қалби очиқ эди. Ботиний ва зоҳирий илмлардан хабардор, илми ладуний ато этилган ва Аллоҳнинг валийларидан эдилар. У киши олимларнинг машҳурларидан бўлиб, ўз замонларида номлари барча ерларга машҳур бўлган олим эди.
Имом Шотибийнинг заковати, илмдаги махорати сабабли ўз она шаҳри Шотибада шуҳрат қозонган, шу сабабли, шаҳарга бош имом-хатиб этиб тайинланган. Шотибада катта уламо ва фуқаҳолар бўлишига қарамай, ёшликларидаёқ шаҳар аҳлига фатво ҳам бериб турганлиги манбаларда нақл қилинган.
Шотибий илк бор ўз шаҳри яқинидаги Балансия (Валенция) шаҳрига боради ва балоғат ёши арафасида таниқли қироат олими Абу Амр ал-Донийнинг “ат-Тайсир” (Енгил) асарини тўла ёд олади. Мазкур асар умр давомида унинг эсидан чиқмади, ундаги қироат қоидалари доим уни ўзига жалб қилиб келган. Кейинчалик Шотибий мазкур асар асосида ўзининг машҳур қасидасини яратди.
Абу Амр ибн ас-Салоҳ “Табақот аш-Шофеъийя” асарида шундай ёзади: “Абул Қосим ўз ватанида Абдуллоҳ Абу ал-Ос ан-Нафарийдан Қуръони каримни тўла ҳифзи ва етти қироатни ўрганган, Валенсияга кўчиб ўтгач Абулҳасан ибн Ҳузайлдан қироат илмига оид “ат-Тайсир” (Енгил) китобини таълим олади ва шунингдек Абул Ҳасан ибн ан-Наъма, Абу Абдуллоҳ ибн ас-Саода, Абу Муҳаммад ибн Омр, Абу Абдуллоҳ ибн Абдурраҳим, Алим ибн Абдулазизлардан ҳам таълим олгандир.”
Ҳаж зиёрати мақсадида Макка шаҳрига борганида Абу Тоҳир ас-Силфий ва бошқалардан таълим олган.
Кейин Шотибий Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳамид ҳузурига шогирдликка бориб ундан Сибавайҳни “Комил” номли китобини ва Ибн Қутайбанинг “Адаб ал-Котиб” номли китобларни таълим олади. Бундан кейин ҳаж сафарига отланади ва Искандарияда Абу Тоҳир ас-Салафий ва бошқаларнинг суҳбатини олади.
Шайхнинг илм мажлисларида иштирок этган шогирдлари, у кишидан кўп каромат ва ажойиб насиҳатомуз ҳикоялар тинглаганликларини ҳурмат билан тилга олиб ўтишади. Шулардан Ҳофиз аллома Абу Шома Мақсадий у киши ҳақида ушбу икки мисра байтни келтиради:
(رأيت جماعة فضلاء فازوا بصحبة شيخ مصر الشاطبي)
(وكلهم يعظمه كثيرا كتعظيم الصحابة للنبي)
Маъноси:
“Мисрлик шайх аш-Шотибийни кўриб файз топган фозиллар жамоасини кўрдим, улар барчалари худди саҳобалар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам.) ни ҳурмат қилганликлари каби, уни ҳам ҳурмат қилиб тасаннолар айтардилар”.
Аллома ас-Саховийдан ривоят қилинишича, у бундай деди:
“Шотибий муборак ҳаж зиёрати мақсадида сафар қилади, натижада бошқа малакатларни ҳам зиёрат қилиб кўплаб салаф олимлардан таълим олиб ва олган илмларини бошқа шогирдларига таълим беради”.
Қози ал-Фозил Шотибийни Мисрдаги мадрасада талабаларга Қуръон, ҳадис, наҳв ва араб тилидан дарс беришликка таклиф қилади. ал-Фозил унга барча қулай шароитларни яратиб беради. У ўз ватанига қайтиб келмади, чунки у ернинг олимлари Шотибийни оламга машҳур бўлган номини эшитиб амирларга у ҳақдаги турли фитналар уюштиришларидан ўзини четга олади. Шотибий фақирликда кун кечирганлигига қарамай барчасига сабр қилди.
Имом Шотибий Искандарийя шаҳрида бир қанча вақт тургач, Қоҳира шаҳрига кўчиб ўтади. Баъзи манбаларда бу унинг учинчи сафари эканлиги зикр қилинади.
У ерда Имом Шотибийни “Фозилийя” мадрасаси соҳиби Қози Абдураҳим жуда катта ҳурмат ва эътибор билан кутиб олди. Умрининг охиригача Имом Шотибий ана шу мадрасада таълим бериб қолади.
Қироат илмини ўрганишда атроф мамлакатлардан келувчи шогирдлар сони тобора ошиб борди, ҳатто, уларнинг ораларида узоқ шаҳарлардан ўз ватанларини ташлаб келганлари ҳам бор эди.
Биз Имом аш-Шотибийнинг устоз ва шогирдлари ҳақида алоҳида бўлимда сўз юритишни ният қилганмиз.
Подшоҳ Носир Салоҳиддин Юсуф Қуддуси Шарифни (589-ҳ) фатҳ қилгач, Шотибий бу муқаддас шаҳар зиёратига боради, Рамазон рўзасини у ерда тутади ва зиёратдан қайтиб келиб “Фозилия” мадрасасида умрининг охиригача Қуръон қироатидан таълим бериб ўтади.
Ибн Халликон шундай дейди:
“Шотибийнинг устозлари уни Абу Муҳаммад ал-Восил деб аташгандир. Шотибий беҳуда, бефойда ва ортиқча гапирмасди, фақат зарурат юзасидан сўралган нарсага жавоб берарди. У киши бемор бўлиб қолса касаллиги ҳақида ҳеч кимга шикоят қилмас эди ва сездирмасди. Агарда у кишининг соғлигидан сўралса, у “Аллоҳга шукр, соғлигим яҳши” деб қўярди.
Имом Шотибий 590 ҳижрий йили 28 жумодий ал-охир ойида (бу 1194 йилнинг 20 июнига тўғри келади) Мисрда вафот этиб, унинг Қуръон ўқишдаги фаолияти ниҳоясига етади.
Ҳозирда Шотибийнинг қабри Қоҳиранинг Вафора қишлоғида жойлашган, униг мақбараси машҳур зиёратгоҳдир.
Машҳур қироат олими Имом Жазарий бундай дейди: “Мен у кишининг қабрини бир неча марта ўз шогирдларим билан бир неча марта зиёрат қилдим. Мен у кишининг қабри устида туриб шогирдларим билан қилган дуойимнинг натижасини, яъни ижобат бўлганининг самарасини кўрдим, чунки кейинроқ барчаси ижобат бўлди”.
4-курс толиби
Абдувосиев Муҳаммад Носир