Озод ва обод, мустақил юртда яшаш инсон фарзанди учун улкан саодатдир. Истиқлол чаманида яшнаган она Ватанимиз бағрида мусаффо орзуларимиз осмон қадар юксалаётгани рост. Яратганга минг шукурки, бу тинч, мусаффо, келажаги буюк давлатда туғилиб камолга етиш, илму фан, касб-ҳунар эгаллаш бизнинг ТИИ талаба қизларига ҳам насиб қилди.
Жорий йилнинг 17 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти талаба қизлари ва 2018-2019 ўқув йилининг битирувчилари ҳамда турли таълим муассасаларидан ташриф буюрган меҳмонлар иштирокида хатмона кечаси бўлиб ўтди. Байрам тадбирида иштирок этиб битирувчи талабаларга оқ фотиҳа бериш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро академияси ва “Хастимом” МФЙдан, Мовароуннаҳр нашриёти, Тошкент шаҳар вакиллиги, “Хадичаи Кубро” ЎМИБЮдан ҳамда ўнлаб институтнинг фахрий ходимларидан иборат азиз меҳмонлар ташриф буюрди.
Тадбирнинг аввалида кечанинг қаҳрамонлари бўлмиш битирувчилар кириб келишди. Қуръони каримни 2-босқич талабаси Саидалиева Муфаззала тиловат қилди ва тадбир устозлар қилган гўзал дуолар билан очилди. “Хатмона 2019” байрам тантанасида нуфузли меҳмонларга сўз навбати берилди. Улар битирувчиларга ўзларининг самимий тилак, хайрли дуо ва қимматли насиҳатларини билдирдилар. Сўнгра институтнинг фаол битирувчи талаба қизлари раҳбарият томонидан “Фахрий ёрлиқ”, ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Тадбир давомида биринчи курс талаба қизларининг бадиий чиқишлари ўзгача файз бағишлади. Хатмона тадбири битирувчиларнинг келгуси ҳаётига гўзал дуои хайрлар қилиш билан якунланди.
ТИИ талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи
З.Суярова