islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мазҳаблар тўғрисида тасаввуримиз қандай?

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёлғончи-менинг умматимдан эмас», дедилар. Яъни бу уммат ичида ёлғончилик бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун агар мусулмон киши Исломда мавжуд бўлган нарсаларни билишни хоҳласа, у ўз тарихини ўрганиб чиқсин. Ўрганиш натижасида Имом Абу Ҳанифа, Имом Шофеъий, Имом Ашъарий ва Мотуридий каби олимларнинг ҳам ҳадисда айтилгани каби ростгўй ва ҳақиқий олим эканлигини кўради. Яна, кейин келган олимлар, ҳатто имом Нававий ёки Ибн Ҳажар Асқалоний кабилар олимлар ҳам юқоридаги номлари зикр қилинган буюк имомларнинг олдида талаба ўхшаб қолади. Шунинг учун, Ислом олимлари бир овоздан иттифоқ қилишганки, мусулмонлар, авваламбор, мазҳабларнинг тўрт имомига эргашишлари керак.

Маълумки, тарихда бошқа мазҳаблар ҳам бўлган, лекин улар ғойиб бўлди ва уларнинг занжири бизгача етиб келмади. Буюк олим  Абдуллоҳ ибн Муборак “Иснад минад дин” – “Иснод (яъни муайян масалалари бўйича айтилган лафзлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланиши) диннинг асосларидан биридир, деган. Агар илмнинг бундай узлуксизлиги Исломда бўлмаса, у ҳолда исталган киши хоҳлаган нарсани диндан деб айтиши мумкин эди ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан келган нарсага мос келиши ё келмаслигини текшириб кўриш имконига эга бўлмаган бўлардик. Исталган инсон келиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар», деб сўзлаган бўларди ва ҳеч ким унинг сўзларини тасдиқлай олмасди. Шундай қилиб, ҳақиқий олимларни фарқлашимиз мумкин. Агар бирор киши иснод билан таълим берса, унда унга ишониш мумкин. Агар у ўзи бирор нарсани ўқиб, ўзича бирон нарсани кашф қилса ёки ўз фикрига асосланиб, Қуръон ва ҳадисни шарҳласа, Қуръонни улуғ олимлардан талқин қилишни одат қилмаса, унга ишониб бўлмайди. Бу жуда муҳим бир масала. Дин фалсафа ёки илмий изланиш мактаби эмас. Бу каби фалсафа ва илмий изланиш мактабларида кўплаб фикрлар бўлади ва уларнинг барчаси тенгдир. Биздан талаб этиладиган вазифа эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларга эргашишимиздир, фикримизни ёки фалсафамизни айтиш эмас. Шунинг учун бутун уммат ҳақиқатни, асл илмни иснод асосида гувоҳлик берилган олимлардан олиши керак. Абу Ҳанифа, Шофеъий, Молик ва Аҳмад ибн Ҳанбалнинг тўрт мазҳаб имомларига ҳам шубҳалардан холи энг юқори даражадаги ишонч билан қарашимиз лозим. Мусулмонлар ўзларининг 14 асрлик тарихи давомида уларга ҳар доим эргашдилар. Фақат сўнгги 50-100 йил ичида мазҳаблардан воз кечишимиз ҳамда Қуръони карим ва суннатнинг ўзидан ёки исноди мавжуд бўлмаган кимсаларга эргашамиз, деган ақлий фикрлар пайдо бўла бошлади. Мазҳаблардан воз кечиш, Қуръони карим таржималарига ёки Бухорий ва Муслимнинг ҳадисларини таржима қилиш ва у ердаги нарсага эришиш кифоя, деган фикрлар пайдо бўлди. Ҳеч қачон мазҳаблар бирор куч таъсирида ёки босимлар натижасида сингдирилмаган, лекин мусулмонлар неча асрлардан буён мазҳабларга онгли равишда эргашиб келишган.

Агар бирор фикр куч билан сингдиришга уринилса, бу ҳеч ҳам амалга ошмайди, имконсиздир. Коммунистик ғоялар одамларга куч билан киритилди, лекин совет ҳокимияти қулаганидан кейин бу ғоялар ғойиб бўлди, деярли ҳеч ким уларга эргашмайди. Агар  самимий бир нарса юзага келса, одамлар унга эргашганини кўрамиз.

Таассуфки, бугунги кунда кўпчилик ўзларини ҳанафийлар ёки шофеъийлар дейишса-да, лекин имомлари ҳақида ҳеч нарса билишмайди. Шунинг учун одамлар бу кишиларнинг кимлигини тушунмаган ҳолда уларнинг тақводорлиги ва билимлари даражасини тасаввур қила олмайдилар. Кўпчилигимиз улар айтган ёки ёзиб кетган илмларини эмас, балки уларнинг исмларини ҳам билмаймиз. Ушбу олимларнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш уларга бўлган муҳаббатимизни оширади.

Ҳадисда “Охиратда сиз севган кишингиз билан бирга бўласиз”, дейилади. Ин ша Аллоҳ, агар бизнинг уларга бўлган муҳаббатимиз самимий бўлса, Аллоҳ бизни бу одамлар билан тирилтиради.

ТИИ Ҳадис ва  ислом тарихи кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

93050cookie-checkМазҳаблар тўғрисида тасаввуримиз қандай?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: