islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ташриқ такбири ва ташриқ кунлари

Арафа куни бомдод намози ўқилгандан бошлаб, то ташриқ кунларининг охирги куни қуёш ботгунга қадар ҳар фарз намоз кетидан такбири ташриқ айтилади. Бу суннат. Унинг кўриниши мана бундай: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ва лиллааҳил-ҳамд”.

Ҳанафий мазҳабида ташриқ кунлари ҳайит кунидан кейинги уч кун ҳисобланади. Демак, такбири ташриқ арафа куни бомдод намозининг фарзидан сўнг айтиш бошланади ва ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозида охирги такбири ташриқ айтилади. Шу билан тугайди. Шунда беш кун давомида умумий 23 та намоздан сўнг такбири ташриқ айтилган бўлади.

Бу Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг қавллари бўлиб, мазҳабимизда шу ихтиёр қилинган. Аммо, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига кўра такбири ташриқ Арафа куни бомдод намозининг кетидан бошланиб, ҳайитнинг биринчи куни аср намози ўқиб бўлингач охиргиси айтилади. Бу қавлга кўра саккизта намоздан сўнг ташриқ такбирлари айтилади. Аммо, амалда бўлган қавл аввал келтирганимиз имомайннинг сўзларидир.

Бу кунларнинг ташриқ кунлари дейилишига сабаб шуки, «ташриқ» сўзи араб тилида бирон нарсани офтобга ёйиб, қоқлаш деган маънони англатади. Одамлар бу кунларда келгусига ғамлаб қўйишга мўлжалланган қурбонлик гўштларини бузилиб қолишидан сақлаш учун офтоб нурига ёйиб, қуритар эдилар. Шунинг учун, бу кунлар ташриқ кунлари деб аталди. Шу боис, бу кунларда айтиладиган такбир ҳам «ташриқ такбири» деб юритилди. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: “Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз!” (Бақара сураси, 203-оят). Муфассирлар бу «саноқли кунларни» ташриқ кунлари дейдилар.

Ийд куни намозга чиқиб кетилаётганда ҳам ушбу такбирларни айтиш мустаҳаб ҳисобланади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига кўра, бу такбирларни товушни ортиқча баланд кўтармасдан ҳар ким ўзича айтиб юриши лозим. Негаки, такбир дуо ва зикр ҳисобидадир. Дуо ва зикр эса мулойимлик билан айтилади. Аммо “Бу такбирлар ҳайит ва ташриқ кунлари кўча-кўйларда, бозорларда ва таниш-билишлар билан учрашганда товушни кўтариб айтилади”, деган қавллар ҳам бор.

Ийдул-Азҳонинг биринчи куни дохил ташриқ кунларида рўза тутиш ман этилади. Чунки бу кунлар еб-ичиб, чинакам байрам қилинадиган кунлардир.

Нубайша ал-Ҳузалий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Ташриқ кунлари ейиш-ичиш ва Аллоҳни зикр қилиш кунларидир!” (“Саҳиҳи Муслим”).

Рўза тутиш ман қилинган бу кунларнинг неча кунлиги борасида ҳам ташриқ кунларининг қайси кундан эътиборан бошланиши ҳақида пайдо бўлган ихтилоф туфайли уламолар томонидан икки хил фикр билдирилди. Аксар уламолар ташриқ кунлари ҳайитдан кейинги уч кун дейдилар. Шунга биноан, рўза тутиш ножоиз бўлган кунлар умумий тўрт кунни ташкил этади.

Алишер Султонхўжаев

97950cookie-checkТашриқ такбири ва ташриқ кунлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: