41. Имом Абу Наср Абдурраҳим ибн Абдулкарим ибн Ҳавозин Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳи (514-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ат-тазкиратуш шарқийя»да айтадиларки:
فإن قيل أليس الله يقول: الرحمن على العرش استوى (سورة طه – 5) فيجب الأخذ بظاهره قلنا: الله يقول أيضا: وهو معكم أين ما كنتم (سورة الحديد – 4) ويقول: ألآ إنه بكل شيئ محيط (سورة فصلت – 54) فينبغي أيضا أن نأخذ بظاهر هذه الآيات حتى يكون على العرش وعندنا ومعنا ومحيطا بالعلم محدقا به بالذات في حالة واحدة والواحد يستحيل أن يكون بذاته في حالة واحدة بكل مكان. قالو: قوله تعالى: وهو معكم – يعني بالعلم و: بكل شيئ محيط – إحاطة العلم قلنا: وقوله تعالى: على العرش استوى – قهر وحفظ وأبقى
Агар: Аллоҳ таоло «Раҳмон Аршга истиво қилди» («Тоҳо» сураси, 5-оят) деган эмасми, демак оятнинг зоҳирини олиш вожиб бўлади дейишса, биз: Аллоҳ таоло яна: «У қаерда бўлсангиз ҳам сиз билан биргадир» («Ҳадид» сураси, 4-оят) ва: «Албатта, У зот ҳар бир нарсани иҳота қилгувчидир» («Фуссилат» сураси, 54-оят) деган, демак ушбу оятларнинг ҳам зоҳирини олишимиз, натижада эса Аллоҳ бир ҳолатнинг ўзида Аршнинг устида, бизнинг ҳузуримизда, биз билан бирга, илм билан иҳота қилган ҳолда, Зотан қамраб олган бўлиши бар лозим бўлади, бир зотнинг ҳамма ерда бир ҳолатда зотан бўлиши эса ақлга тўғри келмайди деймиз. «У сизлар билан биргадир» дегани илм жиҳатдан, «барча нарсани иҳота қилувчидир» дегани билишни иҳота қилиш дегани дейишса, Аллоҳ таолонинг «Аршга истиво қилди» деган сўзи ҳам ҳукмрон бўлди, сақлади ва боқий қолди деганидир деймиз.
42. Ибн Рушд номи билан машҳур аллома шайх Абул Валийд Муҳаммад ибн Аҳмад Қозий Моликий раҳматуллоҳи алайҳи (520-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:
والاستواء معناه استولى وقيل القهر وغلبة
Истивонинг маъноси эгаллади дегани. Ҳукмронлик ва ғалаба маъносида деган гаплар ҳам бор (Ибн Ҳож моликий «Ал-мудхал»да келтирган).
43. Аллома ва фақиҳ Абу Сано Маҳмуд ибн Зайд Ломиший Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (522-ҳижрий санада вафот этганлар) «истиво» ояти ҳақида шундай деганлар:
فيحمل على الاستيلاء دفعا للتناقض وإنما خص العرش بالذكر تعظيما له كما خصه بالذكر في قوله تعالى: وهو رب العرش العظيم (سورة التوبة – 129) وإن كان هو رب كل شيء
Хабарларнинг бир-бирига зид бўлиб қолишидан сақланиш учун ҳам ушбу сўзга эгаллаш маъноси берилади. Аллоҳ таоло барча нарсаларнинг Робби бўлгани ҳолда Ўз каломида «У улуғ Аршнинг Роббидир» деб Аршни алоҳида зикр қилиб хослагани каби, бу оятда ҳам Аршни улуғлаш учун алоҳида зикр қилиб хослаган («Ал-баён фий шарҳи сифотир-Раҳмон», Абул Қосим Ҳиндий).
44. Мавлоно Абул Қосим Исмоил ибн Муҳаммад Асбаҳоний раҳматуллоҳи алайҳи (535-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-муфрадот»да шундай ёзадилар:
متى عدى الاستواء ب“على“ اقتضى معنى الاستيلاء
Ҳар қачон истиво лафзи «алаа» қўшимчаси билан келса, эгаллади деган маънони тақозо қилади.
45. Имом Абу Ҳафс Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи (537-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ақоид» китобида айтганлар:
ولا يتمكن في مكان ولا يجري عليه زمان
Аллоҳ бирор маконга жойлашмаган, Унга замон жорий бўлмайди.
46. Қози Иёз ибн Мусо ибн Иёз Яҳсабий Моликий раҳматуллоҳи алайҳи (544-ҳижрий санада вафот этганлар) «Машориқул-анвор алаа сиҳоҳил-осор» китобида «истиво» ояти ҳақида шундай деганлар:
هو إظهار لآياته لا مكان لذاته
У Аллоҳнинг зотининг маконини эмас, балки У зотнинг мўъжизаларини изҳор қилишдир.
Яна айтганларки:
لا خلاف بين المسلمين قاطبة فقيههم ومحدثهم ومتكلمهم ونظارهم ومقلدهم أن الظواهر الواردة بذكر الله تعالى في السماء كقوله تعالى: «أأمنتم من في السماء أن يخسف بكم الأرض» ونحوه ليست على ظاهرها بل متأولة عند جميعهم
Мусулмонларнинг фақиҳларининг, муҳаддисларининг, мутакаллимларининг, кузатувчиларию тақлидчиларининг бирортасининг ўртасида ихтилоф йўқки, «Осмондаги Зот сизларни ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми?!» ва шунга ўхшаш, Аллоҳ таолонинг осмонда эканининг зикри келган зоҳирий хабарлар зоҳирий маъносида эмас, балки барчанинг наздида (ушбу хабарлар) изоҳлаб тушунтирилган (Муҳаммад Ёсир ибн Азизурраҳмон Ҳанафийнинг «Таҳзибул-арваҳин нафсийя» китобида келтирилган).
47. Аллома Сирожиддин Алий ибн Усмон Ўший Фарғоний раҳматуллоҳи алайҳи (569-ҳижрий санада вафот этганлар) «Бадъул амолий» номли манзумаларида шундай деганлар:
نسمى الله شيئا لا كالأشياء
وذاتا عن جهات الست خالي
Аллоҳни бошқа нарсалардек бўлмаган шай, олти тарафдан холи бўлган Зот деб номлаймиз…
Ва яна деганларки:
ورب العرش فوق العرش لاكن
بلا وصف التمكن و التصال
Аршнинг Робби аршдан устундир, бироқ макон тутиш, ўрнашиш сифати йўқ.
48. Шайх Нуриддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Собуний раҳматуллоҳи алайҳи (580-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-бидоя минал-кифоя» китобида айтадилар:
الرحمن على العرش استوى (سورة طه – 5) أي: استولى وقهر
«Раҳмон Аршга истиво қилди» – яъни эгаллади ва ҳукмрон бўлди.
49. Бурҳонул-Ислом имом Бурҳониддин Зарнужий раҳматуллоҳи алайҳи (591-ҳижрий санада вафот этганлар) айтган қуйидаги гап Ҳишом Мисрийнинг «Идрокул-аҳвол ъала аржаҳил-ақвол» китобида нақл қилиб келтирилган:
وقد ورد في الآية «استوى» فيجب علينا أن نؤمن به كما نزل ولا يجوز التأويل هذا مذهب السلف وعلى مذهب الخلف يجوز أن يقال استولى وغيرذلك لا يجوز
Ҳақиқатан, оятда «истиво қилди» деган сўз келди. Бизнинг унга худди нозил бўлганидек иймон келтиришимиз вожиб бўлади, уни таъвил қилиш жоиз эмас. Бу олдинги уламоларнинг йўлидир. Кейинги уламоларнинг сўзларига кўра эса «эгаллади» деб айтиш жоиз бўлади. Ундан бошқаси жоиз эмас.
50. Муҳаддис ва муфассир аллома Абдурраҳмон ибн Жавзий Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳи (597-ҳижрий санада вафот этганлар) «Дафъу шибҳит-ташбеҳ» китобида шундай деганлар:
معنى الاستواء الاستيلاء دفعا لشبه التشبيه
Ташбеҳга ўхшаб қолишдан сақланиш учун, истивонинг маъноси эгаллашдир дейилади.
Тошкент ислом институти битирувчиси
Нуриддинов Йўлдошбек Иброҳим ўғли