islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўзбекистонда диний туйғулар ва муқаддас манбалар таҳқирланишига йўл қўйилмайди

Сўнги вақтларда ижтимоий тармоқ саҳифаларида динга оид мавзуларда турли чиқишлар кўпайиб бормоқда.

Аввало диний таълимот ўта нозик ва ҳассос бўлгани туфайли муайян дин номидан ва унинг моҳияти ҳақида фақатгина мутахассислар муносабат билдиришлари мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистон фуқароси (у ким бўлишидан қатъий назар) Конституция ва қонунларга риоя этиши, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдир.
Юртимиз ҳудудида диний манбалар, қадриятлар, муқаддас туйғулар ҳурмат қилиниши шарт. Уларга нисбатан ҳақоратли сўз ишлатиш, ёмон муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизидан ортиғи Ислом динига эътиқод қилади. Юртимизда мўмин-мусулмонлар учун диний аҳкомларни адо этиш учун кенг имконият яратилган. Сўнги йилларда ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар нафақат юртимиз аҳолиси, балки бутун мусулмон дунёси томонидан эътироф этилмоқда.

Таассуфки, мўмин-мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларига катта эътибор берилаётган бир даврда уларнинг эътиқодларига тааллуқли масалаларда кенг жамоатчилик орасида салбий руҳдаги, кескин баҳс ва мунозараларга сабаб бўладиган фикр-мулоҳазаларнинг ифода этилиши ташвишланарли ҳол.

Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг муқаддас китоби. Ундаги сура ва оятларни инсонлар томонидан таъқиқлашга уриниш, Қуръони каримга нисбатан бундай фикр айтиш мантиқсизлик. Жамият мавжуд устувор ғояга қарши фикрлар ташлаш оқибатида, норозиликлар келиб чиқиши, ихтилофлар юзага келиши мумкинлиги воқеъликда маълумдир. Тарихда эса шундай ишларнинг якуни қандай аянчли якун топгани кўпчиликка маълум.

Бугунги Ўзбекистон бутун дунёга ўзининг ҳақли равишда бебаҳо тарихи ва маданиятини тақдим этар экан, албатта ислом таълимотига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган аллома аждодлари ва уларнинг асарлари билан фахрланади. Дунёни ўзига жалб этаётган ислом меъморчилиги ва санъати билан зиёрат туризмини кучайтирмоқда. Сўнги йилларда айнан ислом дини билан боғлиқ бўлган диний-маърифий муассасалар – Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Абул Муъин Насафий илмий маркази, Халқаро ислом академияси ташкил этилгани халқимиз ва халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Буларнинг барчаси халқимиз тарихини тўғри англатиш ва эътиқодини тўғри шакллантиришга қаратилган.

Яна бир муҳим жиҳатни ёдда сақлаш зарур. Интернет тармоқларидаги воқеа-ҳодисаларга фикр-мулоҳаза билдириш асносида эҳтиросларга берилмасдан, донишмандларча вазмин ва оғир-босиқ бўлиш лозим. Соф эътиқодли, кенг дунёқарашли киши бундай вазиятда қалб ва ақл амри билан иш тутади. Ҳиссиёт ва фитнага солмоқчи бўлганларга имкон бериш ақлдан эмас. Шу ўринда, муқаддас Қуръони каримни ўзгаришсиз сақланиши ҳақидаги Ҳижр сурасидаги: «Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз сақлагувчимиз» оятини эслаган ҳолда, ҳадиси шарифда айтилганидек “Мўмин киши оқил, фаросатли, зийрак ва ҳушёр бўлади”.

Сўзимиз якунида “Сафар Каттабоев” номли профил эгаси ва Интернет фойдаланувчиларини Ислом динининг мўътабар манбалари ва қадриятларига тааллуқли мавзуларда салбий баҳс-мунозаралар келтириб чиқарадиган фикрларни тарқатишдан сақланишга қатъий чақирамиз.

Зеро, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида фуқароларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, амалдаги қонун ҳужжатларида миллатлараро адоват уйғотиш, ахлоқий негизларни ва фуқаровий тотувликни бузишда, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмаларни тарқатиш ифодаланган хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланганлигини сира унутмаслик кераклиги тўғрисида огоҳлантириб ўтамиз.

Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати

Манба: religions.uz

119110cookie-checkЎзбекистонда диний туйғулар ва муқаддас манбалар таҳқирланишига йўл қўйилмайди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: