2020 йил якунига қадар ASIA ALLIANCE BANK Ислом хусусий секторни ривожлантириш корпорацияси (ИХСРК) билан ҳамкорликда «Исломий дарча» фаолиятини йўлга қўяди.
Айни пайтда Ўзбекистон барча соҳаларда тарихий ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Бу жараёнда мижоз талабига мос, жаҳон тажрибасига асосланган талабгир маҳсулотларни таклиф этувчи, шу жумладан Ислом дини молиясига мувофиқ келувчи янги, замонавий банк сектори трансформацияси алоҳида диққатни жалб қилади.
Шу боис ASIA ALLIANCE BANK, давлат раҳбари томонидан 2017 йил 20 декабрда белгилаб берилган «Халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликнинг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори ва 23 май 2019 йилда қабул қилинган «Ислом Тараққиёт Банки гуруҳи ва Араб Мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ икки томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантириб бормоқда.
Жумладан ASIA ALLIANCE BANK делегациясининг Жидда (Саудия Арабистони) шаҳрига 2019 йил ноябрь ойидаги ташрифи доирасида Ислом тараққиёт банки гуруҳига кирувчи Ислом хусусий секторни ривожлантириш корпорацияси (ИХСРК) билан ҳамкорлик бўйича қатор келишувлар имзоланди.
Ўзбекистон Республикасида кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни молиялаштириш учун 10 миллион АҚШ доллари қийматдаги келишув имзоланди. Кўп йиллардирки ИХСРК молиялаштириш йўналишлари иқтисодиётнинг турли соҳаларида инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш ортидан ҳаётга татбиқ этиш ҳамда ривожлантиришни жадаллаштириш имконини бермоқда.
Бундан ташқари, ўзаро йўлга қўйилган ҳамкорликни ҳисобга олган ҳолда ИХСРК томонидан берилувчи маслаҳатлар ёрдамида ASIA ALLIANCE BANK кенг қамровли банк маҳсулотларини тақдим этувчи «Исломий дарча» фаолиятини йўлга қўяди.
Бу келишувни амалга ошириш доирасида 2020 йилнинг 3-4 февраль кунлари ASIA ALLIANCE BANK банкида ИХСРК вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Банк раҳабарияти билан учрашувда Ислом молия институтлари Департаменти директори жаноб Mohamed Maher Mannai, IT-лойиҳаларини бошқариш бўйича эксперт жаноб Abdullah Khamis ва лойиҳа раҳбари Музаффар Низомиддиновлар қатнашдилар.
ИХСРК вакиллари билан учрашув давомида банк раҳбариятига исломий молиялаш бўйича тақдимот ўтказилди. ИХСРК ва ASIA ALLIANCE BANK ҳамкорлигида бошланган ишлар доирасида 2020 йил охирига қадар алоҳида тузилма шаклида йўлга қўйиладиган «Исломий дарча» фаолияти шариат аҳкомларига мувофиқ банк хизматларини тақдим этиши алоҳида таъкидланди. Мазкур лойиҳанинг улкан аҳамиятини ҳисобга олган ИХСРК вакиллари ўтган музокаралар самарасини юқори баҳоладилар.
ASIA ALLIANCE BANK филиалларида шариат аҳкомларига мувофиқ келувчи маҳсулотлар ва хизматлар йўлга қўйилиши корпоратив мижозлар ҳамда жисмоний шахсларга амалдаги банк хизматларига муқобил хизматлар яратилиши, бу эса ўз навбатида Ўзбекистон аҳолисининг молиявий талабларига мос тушиши, аҳолига қўшимча қулайликлар яратилишини англатади.
Манба: kun.uz