islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Куфр сўзни ҳикоя тарзда гапириш мумкинми?

Уламоларнинг “ботқоқликни билмай юрган йўловчи унга ботиб қолади”, деган мазмундаги ҳикматли гаплари бор. Шу маънода диндан чиқишга сабаб бўладиган нарсаларни улардан сақланадиган даражада билиш ҳар бир ақли расо мусулмон учун дини талаби ҳисобланади.
Мусулмон кишининг диндан чиқиш сабаблари уч турли бўлади:
Нотўғри эътиқод сабабли диндан чиқиш. Масалан, Аллоҳ таоло ҳақида ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ёки охират куни ҳақида ва ҳоказо динга тааллуқли экани аниқ бўлган қатъий маълумотлар тўғрисида шубҳа қилган киши диндан чиққан бўлади. Аммо унутмаслик лозимки кўнгилга келадиган турли бемаъни ўй-хаёллар шубҳа ҳисобланмайди.
Айрим ишларни қилиш сабабли диндан чиқиш. Масалан, бут-санамларга сажда қилиш, қуёшга сажда қилиш ва Мусҳафи шарифни чиқиндихонага улоқтириш каби ишларни содир этган кимса диндан чиққан бўлади.
Айрим сўзларни гапириш сабабли диндан чиқиш. Масалан, Аллоҳ таолонинг исмларини, ёки ҳукмларини ёки динни ва унга тегишли ҳукмларни мазах қилган кимса диндан чиққан бўлади.
Ушбу учинчи турида олдингиларидан фарқли нозик жиҳатлари бўлгани учун ақоид китобларида бу тур алоҳида равишда кенг ва батафсил баҳс қилинган. Бу баҳсларнинг хулосалари қуйидагилардир: Сирожиддин Ўший раҳматуллоҳи алайҳ “Бадъул амолий” асарида куфр сўзини гапиришнинг ҳукмини бундай баён қилган:
وَلَفْظُ الْكُفْرِ مِنْ غَيْرِ اعْتِقَادٍ بِطَوْعٍ رَدُّ دِيْنٍ بِاغْتِفَالِ
“Эътиқод қилмасдан (бўлса-да) ўз ихтиёри билан куфр (сўз)ни талаффуз қилиш ғафлат билан динни рад этишдир”.
Демак ихтиёрий равишда, яъни мажбурланмасдан туриб куфр сўзини айтиш диндан қайтиш, яъни куфр ҳисобланар экан.
Куфр сўзини айтувчиларнинг ҳолатлари турлича бўлади. Баъзилари бу сўзни била туриб қасддан айтган бўлсалар, баъзилари билмасдан айтиб қўйган бўлишлари мумкин. Буларнинг барчасининг ҳукми бир хил бўладими ёки фарқли ҳукм бўладими?
Бунга уламолар қуйидагича жавоб берганлар: Куфр сўзини гапирувчиларни қуйидаги уч турга ажратиш мумкин:
Айтаётган гапи куфр эканини била туриб, унинг маъносига эътиқод қилиб айтувчилар.
Кимки айтаётган гапи куфр эканини билиб, шуни ўзи хоҳлаб, унинг маъносига эътиқод қилиб айтган бўлса, бундай кимса ҳеч бир ихтилофсиз аниқ кофирга айланган бўлади.
Айтаётган гапи куфр эканини била туриб, аммо маъносига эътиқод қилмасдан айтувчилар;
Кимки айтаётган гапи куфр эканини била туриб, ўз ихтиёри билан уни айтган бўлса-ю аммо эътиқоди ундай бўлмаса, бу кимсанинг диндан чиққани ҳақида ихтилоф қилинган:
– Ҳанафия мазҳабидаги мўътабар матнлардан бўлган “Фатавои Қозихон” ва “Фатавои Баззозия”лардаги ҳукмга кўра бу одам диндан чиққан бўлади;
Баъзи уламолар: “Иймон ва куфр қалбнинг амалларидир, шунга кўра бу одам диндан чиққан бўлмайди”, деганлар.
Айтаётган гапи куфр эканини билмасдан ва маъносига ҳам эътиқод қилмасдан айтувчилар.
Кимки аслида куфр бўлган сўзни гапирса, аммо айтган гапининг маъносига ҳам эътиқод қилмаган ва унинг куфр сўз эканини ҳам билмаган бўлса, бу кимсанинг диндан чиққани ҳақида ихтилоф қилинган:
Кўпчилик уламоларнинг фатволарига кўра бундай кимса кофир бўлади, унинг билмаслиги узр ўрнига ўтмайди. Фақат баъзи уламолар бундай киши иккита ҳолатда узрли бўлишини айтганлар:
1. Исломга яқинда кирган бўлса;
2. Уламолардан узоқда яшаган бўлса.
Камчиликни ташкил қиладиган айрим уламоларнинг фатволарига кўра эса бундай кимса кофир бўлмайди, билмаслиги узр ўрнига ўтади.
Аммо уламолар куфр сўзи айтилса ҳам айрим ҳолатларда истисно тарзда куфр ҳисобланмайди деганлар. Масалан бехосдан куфрга далолат қиладиган сўз оғидан чиқиб кетган бўлса, ёки эс- ҳушини йўқотган ҳолатда айтиб юборган бўлса, ёки маст ҳолатда алжираган бўлса, куфрга ҳукм қилинмайди.
Ана шундай куфрга ҳукм қилинмайдиган ҳолатлардан бири бошқанинг куфр гапини ҳикоя тарзда айтиш ҳисобланади. Ҳикоя тарзда айтаётганига далолат қиладиган сўзни гапнинг аввалида айтиши ҳам, охирида айтиши ҳам мумкин. Масалан “Мужассима фирқаси Аллоҳ осмонда жойлашган”, деб айтишади, деса, гапининг аввалида айтган бўлади. Агар “Аллоҳ осмонда жойлашган дейиш мужассима фирқасининг гапидир”, деса охирида келтирган бўлади. Ҳикояга далолат қиладиган сўзни гапининг аввалида айтиши афзал ҳисобланади.
Ҳикояга далолат қиладиган сўз баъзида очиқ айтилмасада тақдирий бўлади, яъни бошқанинг гапини ҳикоя тарзда айтиш маъноси назарда тутилгани аниқ бўлади. Масалан бировдан: “Яҳудийлар Узайрни ким дейишган”, деб сўраганда, сўралган киши: “Аллоҳнинг ўғли”, деб жавоб бериши мумкин. Бунда “дейишган” деган сўзни ҳам қўшиб “Аллоҳнинг ўғли дейишган”, деб айтиш шарт қилинмаган. Чунки бу ўринда шу сўз назарда тутилгани аниқдир.
Бу ҳақида Зайниддин ибн Қутлубуғо ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтган: “Уламолар бошқанинг куфрини нақл қилувчи кофир бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Зеро у унга эътиқод қилмасдан ҳикоя тарзида айтаяпди холос”.
Шу маънода киноларда кофирларнинг ролларини ўйнаётган актёрларнинг гапларини уламолар ушбу ҳолатга ўхшашини айтганлар. Яъни актёрлар куфр гапларни ўзлари гапираётган эмас, балки кофирларнинг гапларини ва ҳолатларини ҳикоя қилиб бераётган ҳукмда бўладилар. Аммо асло унутмаслик лозимки, куфр гапни ҳикоя қилиб беришда ҳам, куфрнинг ёмонлигидан огоҳлантиришга ўхшаш бирор зарурат юзасидан, ўша зарурат миқдорича нақл қилиш жоиз холос. Асло ҳазл мутойибага ўхшаш ортиқча маънога ўтмаслиги шартдир.
Бу ҳақида Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳ “Баҳрур роиқ”да қуйидагиларни айтган: “Куфр сўзини ҳазл қилиб ёки ўйин қилиб гапирган кимсанинг кофир бўлишига барча уламолар иттифоқ қилганлар, бундай ҳолатда унинг қандай эътиқодда эканининг эътибори йўқдир. Хато қилиб, ёки мажбурланганидан куфр гапни гапириб қўйган кишининг кофир бўлмаслигига ҳам барча уламолар иттифоқ қилганлар”.
Шунинг учун ҳар бир мусулмон бу масаланинг ўта нозик ва хатарли эканини доимо ёдда сақлаши ва ундан ўзини узоқ тутиши лозим бўлади.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!

ТИИ ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур Раҳим

128680cookie-checkКуфр сўзни ҳикоя тарзда гапириш мумкинми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: