islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – Саҳобаларнинг фазилатлари

Саҳобалар эришган улуғ мартабага улардан кейин ҳеч бир башар эриша олмайди. Чунки улар фосиқлик ва номуносиб ишлардан пок эканлари ҳатто текшириб ҳам ўтирилмайдиган даражадаги улуғ зотлардир. Қуръони каримда саҳобаи киромларга шундай хитоб қилинган:

Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдиларингиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят).

Яъни, ушбу ояти каримадаги васф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча умматларига тааллуқли бўлса-да, саҳобаи киромларнинг барчаларига мос келадиган хитоб ҳисобланади.

Ҳадиси шарифда саҳобаларнинг мартабалари бундай баён қилинган:

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « لاَ تَسُبُّوا أَصْحَابِى فَوَالَّذِى نَفْسِى بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ أَحَدَكُمْ أَنْفَقَ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا مَا أَدْرَكَ مُدَّ أَحَدِهِمْ وَلاَ نَصِيفَهُ». رَوَهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳобаларимни таҳқирламанглар, жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлардан бирингиз Уҳуд (тоғи) мислича олтин сарфласа ҳам, улардан бирортасининг муд ига ҳам, унинг (муднинг) ярмига ҳам эриша олмайди”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Чунки бу зотлар пайғамбарларнинг сўнггисига саҳоба бўлишдек бахтга сазовор бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган ҳидоят нурини бошқаларга етказиш йўлида молу-жонларини фидо қилган мўминлардир. Кейингилар эса фақат улар етказган нарсаларга риоя қиладиган мўминлар саналади.

Абу Заръа Розий роҳматуллоҳи алайҳ саҳобаларни улуғлаш лозимлигини таъкидлаб бундай деган: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирортасини ёмонотлиқ қилаётган бирор кимсани кўрсангиз, билингки, у кимса зиндиқ (динсиз)дир. Чунки биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақ деб биламиз, (у зот олиб келган) Қуръонни ҳақ деб биламиз, бизларга эса Қуръонни ҳам, суннатларни ҳам саҳобалар етказганлар. Шунинг учун ҳам Қуръон ва суннатни ботилга чиқармоқчи бўлган кимсаларгина бу иккаласини етказган зотларни ёмонотлиқ қилишга уринадилар. Ваҳоланки, уларнинг ўзлари гувоҳликлари қабул қилинмайдиган зиндиқлардир”.

135590cookie-checkДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – Саҳобаларнинг фазилатлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: