islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

РЎЗАНИНГ ЕТТИ БУЮК ФАЗИЛАТИ

Роббимиз Аллоҳга ҳамдлар, Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловату саломлар бўлсин!

Рўза Исломдаги ибодатларнинг улуғларидан бўлиб, у орқали банда ўз Роббисига яқин бўлишга интилади. Рўза солиҳларнинг одати ва тақводорларнинг шиоридир. Рўза тақво мактаби ва ҳидоят ҳовлисидир. Рўза нафсни поклайди, ахлоқни сайқаллайди.

Рўза тутишдан кўзланган асосий мақсад Аллоҳнинг розилигига етишиш учун тақво ҳосил қилишдир. Шу билан бирга рўза тутишда биз билган ва билмаган ажойиб ҳикмат-у фазилатлар бор. Рўзанинг фазилатлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида келган баъзи хушхабарлар билан танишамиз.

Жаҳаннамдан қалқон

عَنْ جَابِرٍ ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : ” قَالَ رَبُّنَا عَزَّ وَجَلَّ : الصِّيَامُ جُنَّةٌ يَسْتَجِنُّ بِهَا .“الْعَبْدُ مِنَ النَّارِ، وَهُوَ لِي، وَأَنَا أَجْزِي بِهِ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ: «Рўза қалқон(тўсиқ)дир. Банда у (қалқон) билан жаҳаннамдан ҳимояланади (паноҳга эришади). У Мен учун ва унинг мукофотини Ўзим бераман», деди”. (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Агар банда (мукаммал) рўза тутадиган бўлса у билан жаҳаннам ўртасига тўсиқ тушади. Ўша тўсиқ сабабли банда жаҳаннамдан нажот топади.

Гуноҳлардан қўрғон

Рўза шаҳватни тияди, жимога рағбатни камайтиради. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом уйланишга қодир бўлмаган ёшларни рўза тутиб юришга буюрганлар.

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ يَزِيدَ قَالَ : دَخَلْتُ مَعَ عَلْقَمَةَ وَالْأَسْوَدِ عَلَى عَبْدِ اللَّهِ، فَقَالَ عَبْدُ اللَّهِ : كُنَّا مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ شَبَابًا، لَا نَجِدُ شَيْئًا، فَقَالَ لَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ” يَا مَعْشَرَ الشَّبَابِ، مَنِ اسْتَطَاعَ الْبَاءَةَ فَلْيَتَزَوَّجْ ؛ فَإِنَّهُ أَغَضُّ لِلْبَصَرِ وَأَحْصَنُ لِلْفَرْجِ، وَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَعَلَيْهِ بِالصَّوْمِ ؛ فَإِنَّهُ لَهُ وِجَاءٌ

Алқамадан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ билан бирга эдим. Минода уни Усмон учратиб қолди ва: «Эй Абу Абдурраҳмон, сенда ишим бор», деди. Иккови холи қолишди. Усмон: «Эй Абу Абдурраҳмон, сени бирор бокирага уйлантириб кўяйликми? Сенга ёшлигингни эслатарди», деди. Абдуллоҳ ўзини бунга эҳтиёжи йўқ деб билиб, менга ишора қилиб, «Эй Алқама!» деди. Олдига етиб борсам, (Усмон Абдуллоҳга) «Сен шундай дейсан-у, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: «Эй ёшлар! Сиздан ким оила қуришга қодир бўлса, уйлансин. Ким қодир бўлмаса, унга рўза лозимдир, мана шу унинг учун ахталанишдир», деганлар», деяётган экан”. (Имом Бухорй ривоят қилган).

Бу ерда «Ахталаниш» деганда рўзанинг шахватларни тийиши назарда тутилган.

Жаннат учун эшик

عَنْ سَهْلٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : ” إِنَّ فِي الْجَنَّةِ بَابًا يُقَالُ لَهُ الرَّيَّانُ، يَدْخُلُ مِنْهُ الصَّائِمُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، لَا يَدْخُلُ مِنْهُ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ، يُقَالُ : أَيْنَ الصَّائِمُونَ ؟ فَيَقُومُونَ لَا .”يَدْخُلُ مِنْهُ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ، فَإِذَا دَخَلُوا أُغْلِقَ فَلَمْ يَدْخُلْ مِنْهُ أَحَدٌ

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда бир эшик бор. У «Раййон» дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. “Рўзадорлар қани?” дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди», дедилар” (Муттафақун алайҳ).

Қиёмат куни шафоатчи

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : ” الصِّيَامُ وَالْقُرْآنُ يَشْفَعَانِ لِلْعَبْدِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، يَقُولُ الصِّيَامُ : أَيْ .“رَبِّ، مَنَعْتُهُ الطَّعَامَ وَالشَّهَوَاتِ بِالنَّهَارِ، فَشَفِّعْنِي فِيهِ، وَيَقُولُ الْقُرْآنُ .“مَنَعْتُهُ النَّوْمَ بِاللَّيْلِ، فَشَفِّعْنِي فِيهِ “، قَالَ : فَيُشَفَّعَانِ

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоху анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Рўза ва Қуръон қиёмат кунида банда учун шафоат сўрайди. Рўза: «Раббим, мен уни таом ва майллардан тўсдим, энди уни шафоат қиламан қабул эт!» дейди. Қуръон: «Мен уни тунлари уйқудан тўсдим, энди уни шафоат қиламан қабул эт!» дейди. Шундан сўнг уларнинг шафоатлари қабул қилинади”. (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Ота-оналар ҳам ўз боласидан қочиб юрадиган даҳшатли бир кунда рўза дунёда рўзадор бўлган банда учун шафоат сўрайди, шафоати қабул қилингандан сўнг, рўза банданинг қўлидан етаклаб, “Раййон” эшигидан жаннатга олиб киради. Нақадар буюк бахт!

Гуноҳларга каффорат

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ” مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ .“لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят килинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким Рамазон рўзасини фарзлигига ишониб, савоб умид қилиб тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади», деганлар». (Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насаий, Аҳмад ривоят қилган).

Мислсиз мукофот

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : ” كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ لَهُ، إِلَّا .“الصَّوْمَ ؛ فَإِنَّهُ لِي وَأَنَا أَجْزِي بِهِ، وَلَخُلُوفُ فَمِ الصَّائِمِ أَطْيَبُ عِنْدَ اللَّهِ مِنْ رِيحِ الْمِسْكِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ: «Одам боласининг хамма амали ўзи учун, фақат рўза мустасно. Чунки у Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман», деди. Рўзадорнинг оғзидан келган ҳид Аллоҳнинг наздида мушкнинг бўйидан яхшироқдир”. (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таоло рўзани шарафи қанчалик улуғлигини бандаларига билдириб қўйиш учун рўза мен учундир, деди. Чунки, рўза банда билан Роббиси ўртасидаги сирдир. Банда ҳақиқатдан ҳам рўза тутдими? Ёки тутмадими? Буни фақатгина ўша банда билан Аллоҳ билади, холос. Аллоҳ таоло унинг мукофотини ўзим бераман деб, бошқа ибодатлардан фарқли ўлароқ зикр қилди. Рўзадорга бериладиган савобни ҳам маълум нарсаларга чегараламади. Балки рўзанинг мукофоти нима эканлигини яширди. Бу нарсаларнинг барчаси рўзага бериладиган ажр банданинг қосир ақли идрок қила олмайдиган даражада улкан эканлигига далолат қилади. Чунки банда рўзадорга бериладиган мукофотни эшитса, ақли қабул қилмаслиги мумкин.

Рўзадорнинг оғзидан келаётган (бизнинг наздимизда нохуш) ҳид Аллоҳнинг наздида энг хушбўй мискдан ҳам яхшироқ эканининг ўзи рўзанинг нечоғлик улуғ ибодат эканига кифоя қилмайдими?!

Икки дунё саодати

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ” لِلصَّائِمِ فَرْحَتَانِ : فَرْحَةٌ حِينَ يُفْطِرُ .“وَفَرْحَةٌ حِينَ يَلْقَى رَبَّهُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рўзадорни хурсанд қиладиган икки хурсандчилик бор: ифтор килганида хурсанд бўлади ва Роббига йўлиққанида рўза тутганига хурсанд бўлади». (Муттафақун алайҳ).

Рўза бандани икки дунё саодатига бошлайди. Рўзадор учун иккита хурсандчилик бўлиб, биринчиси, бу дунёда ифтор вақтида рўзасини тўлиқ адо қилишга муваффақ бўлгани ва кун бўйи ман қилинган неъматлар яна унга ҳалол бўлганлиги учун хурсанд бўлишидир. Иккинчиси эса, қиёмат куни банда Роббиси ҳузурида тутган рўзасининг мукофотини кўрган вақтидаги хурсандчилигидир.

Рўзанинг бундан бошқа яна кўплаб фазилатлари ва фойдалари бор. Аллоҳ таоло барчамизга рўзанинг ушбу фазилатларидан насибадор бўлиб, рамазондан гуноҳларимиз кечирилиб, жаҳаннамдан озод бўлган ҳолда чиқишимизни насиб айласин!

Тошкент ислом институти талабаси Асадуллоҳ Муҳаммад тайёрлади.

138480cookie-checkРЎЗАНИНГ ЕТТИ БУЮК ФАЗИЛАТИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: