“Нафл” сўзи луғатда “зиёда” деган маънони англатади. Шариатда фарз вожиб суннат бўлмаган фазилатли амални “нафл” дейилади. Ҳурайс ибн Қабийсадан ривоят қилинди, айтди: «Мадинага келдим ва дедимки, «Аллоҳим! Менга солиҳ бир суҳбатдош муяссар айлагин!..» Айтади: «Абу Ҳурайрага интилдим-да, «Мен Аллоҳдан ўзимга солиҳ бир суҳбатдош насиб айламоғини сўраган эдим. Энди менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бир ҳадисингни айтиб бер, шояд Аллоҳ ундан менга манфаат етказса!..» дедим.
Шунда (Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, бундай дедилар: «Қиёмат кунида банданинг ўз амалларидан биринчи ҳисоб берадиган нарсаси унинг намозидир. Агар намози тўкис бўлса, халос ва нажот топиб, муродига етгай. Агар фосид бўлса, номурод бўлгай ва зарар-зиён топгай. Агар фарзлардан бирор ками бўлса, Рабб таборак ва таъоло: «Қаранглар-чи, бандамнинг нафл намозлари борми?» дейди ва фарзлардан етишмаган миқдорни ўша билан тўлдиради, мукаммал қилади. Кейин бошқа амали ҳам шу тартиб-қоида асосида бўлади». Яъни, фарзларнинг ками бўлса, нафл рўзалар билан, закотдан ками бўлса, садақа ва эҳсонлар билан тўлдирилади.
Бу бобда Тамим Ад Дорий (розияллоҳу анҳу)дан ҳадис ривоят қилинган Абу Ҳурайранинг ҳадиси бу важҳдан ҳасан-ғариб. Бу ҳадис Абу Ҳурайрадан бошқа важҳдан ҳам ривоят қилинган. Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, инсонга нафл амаллар қиёмат кунида фойда қилиши айтилмоқда. Нафл намозлари ихтиёрий амал ҳисобланади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафл намозларини гоҳида ўқиганлар, гоҳида эса ўқимаганлар.
Фарз намозлар аниқ наслар билан белгилаб қўйилган. нафл намозларнинг ўқилиш кайфияти арконлари, шартлари ва суннатларида фарз намозлари каби бўлади. Аммо нафл намозларига вақт белгилаб қўйилмаган. Кароҳият вақтлардан бошқа вақтларда нафл намозларни ўқиш жоиз. Кундузи икки ракат икки ракатдан нафл намозлар ўқилади. Битта салом билан тўрт ракат нафл намозни ўқиш макруҳ ҳисобланади. Бундан ташқари нафл намозлар борасида келган шундай ҳадислар борки, унда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор амал қилганлар бу фақатгина нафл намози учун хос. Шу каби нафл намозларининг ўқилиш кайфиятида фарз намозларидан фарқлари бор:
1. Роҳилани устида бирор заруратсиз нафл намоз ўқиш жоиз;
2. Нафл намозини ўтириб олган ҳолда ўқишлик жоиз;
3. Фарз намозини жамоат билан ўқишлик вожиб, рамазонда таровехни жамоат билан ўқиш мустаҳаб;
4. Нафл намозларида жаннат васфи келган оятларда тасбеҳ айтиш, дуо қилиш, дўзах фасфи келган оятларда дўзаҳдан паноҳ тилаш жоиз фарз намозларида эмас.
5. Узрсиз фарз намозларидан чиқиш харом қилинган, нафл намозларида эмас;
6. Фарзларни тарк қилган гуноҳкор бўлади, нафлларни тарк қилиш бунинг хилофида;
7. Фарз намозлари адад билан белгилаб қўйилган, нафллар белгиланмаган.
8. Фарз намозларини масжидда ўқиш, нафлларни эса уйда ўқиш афзал;
9. Фарз намозларининг вақтлари белгилаб қўйилган, нафл намозларини белгилангани ҳам, белгиланмагани ҳам бор;
10. Сафарда нафл намозларин ўқишда қиблага юзланиш шарт қилинмайди фарз намозлар бунинг хилофида
11. Нафл намозларга мутлақ ҳолатда азон ва иқомат билан киришилмайди;
12. Фарз намозлари сафарда қаср қилинади, нафллар сафарда қисқартирилмайди.
13. Фарз намозларида қиём рукндир, нафл намозларида эмас.
14. Собий болиғга имом бўлиб нафл намоз ўқиш жоиз, фарз намозида жоиз эмас.
15. Фарз намозни ўқиётган имомга нафл намоз ўқиётган киши эргашиши жоиз, бунинг акси,яъни нафл ўқувчига фарз намозида иктидо килиб бўлмайди.
16. Нафл намозларини қазиси ўқилмайди, фарз намозларининг қазоси ўқилади, жума намози бу борада истисно қилинган. Агар жума намози ўтиб кетса, пешин ўқилади.
17. Кечки фарз намозларини жамоат билан жаҳрий қироат қилинади, нафлларда эса ихтиёрли ҳохласа жаҳрий ўқийди, ҳохласа маҳфий.
18. Фарз намозларида илтифот(бошни буриб орқага қараш) намозни фосид қилади. Нафл намозларини эмас.
19. Нафл намозларда бир икки қадам олдинга юз ва гавда қибладан бурилмаган ҳолда юриш намозни бузмайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, кундузги нафл намозларини тўрт ракатдан, кечқурунги нафл намозларни эса икки ракатдан ўқиш суннат амаллардандир. Қиёмга туришга қодир бўла туриб ўтирган ҳолда нафл намозларини ўқиш жоиз, лекин савобнинг ярмига эришади. Агар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай ҳам намоз ўқиганлар деб ўқиса, ҳам намознинг ҳам суннатга амал қилганнинг савобига эришади. Аммо тик туриб ўқишга қодир бўлмаганнинг ажри тик туриб ўқишга қодир бўлганники билан тенг бўлади. Ўтириб ўқийдиган киши агар узри бўлмаса бошқа намозлардаги ташаххуд ўқиётган кишидек чап оёғи устига ўтириб, ўнг оёғини тик қилади. Нафл ўқишга киришган кишининг намози агар икки ракатни тугатмай бузилса, унинг қазосини ўқиб қўйиши вожиб бўлади. Нафл намозларини инсон уйида ўқиши афзал ҳисобланади.
4-курс талабаси Нодира Эркинжонова