Сиздан бирор масалада ёрдам сўралса, ҳолатингизга қараб, масалан, имконингиз бор-у лекин, ўша нарсага келажакда ўз эҳтиёжингиз борлиги туфайли дарҳол рад этишга ёки ҳозирги замон тили билан айтганда “тўғри тушунтириб юборишга” шошилманг. Зеро, бу сизнинг синовингиз, имтиҳонингиздир.
Аллоҳ таоло бандаларини вақти-вақти билан турли хил ҳажмдаги синов ва имтиҳонларга рўбарў қилиб туради. Имтиҳон фақат бало ва мусибат шаклида келмайди. Улар ҳар хил бўлади. Синовлар аслида мукофот бериш учун, юксалтириш учун юборилади. Улар аслида неъматдир. Фақат, сиз уларни ниқматга* айлантиришингиз мумкин, холос. Таниш-билиш, ёр-дўстларнинг бирортамизга ишлари тушиши ҳам охират диёримизни обод қилиш учун аҳён-аҳёнда бериб туриладиган олтин фурсатлар, ўз оёғи билан ҳузуримизга келадиган осон бажарилувчи имкониятлардир. Уларни зое қилманг. Аллоҳ сизга шу қадар меҳрибонки, баъзида ўзингиздан ҳаракат бўлмаса ҳам, шояд фойдаланиб, ажру савобларни қўлга киритса, дея шундай гўзал имкониятларни ҳузурингизга юбориб туради. Улардан юз бурманг. Малолланманг.
Оламда ҳали ҳануз гўзаллик ва яхшилик ҳукмрон эканлигини лисони ҳолингиз ила эслатинг. Мен шундай буюк қалб соҳиби бўлган инсонларни танийман. Қачон ёрдам сўралса, бирор марта малолланмаган балки, мудом ёрдам қўлини чўзган ва бунинг учун ўз шахсига ҳеч қандай ортиқча ҳурмат ва эҳтиром талаб қилмаган. Шундай олийжаноб, карамли зотлар борлиги учун ҳам эҳтимол Аллоҳ оммавий бало ва мусибатлардан дунёни асраб туради.
*ниқмат – неъмат сўзининг зидди бўлиб, жазо ва бало маъносини англатади.
“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев
Манба: azon.uz