islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Нафсимизга едирганимизда балиқ чиқмас эди!

Бағдод фақиҳларидан бири Аҳмад ибн Мискин шундай ҳикоя қилади:

Ҳижрий 219-йилда қаттиқ қашшоқ бўлиб қолдим, қўлимдан пул кетиб, манзилим қуп-қуруқ бўлиб қолди. Бағдоднинг Басра дарвозаси маҳалласидаги ҳовлим шаҳар ичида гўё ҳеч вақоси йўқ саҳронинг бир бўлаги кесиб келтириб қўйгандек шаҳарга етти ёт алпозда бўлиб қолган эди.
Янги бир жазирама кун бошланди, қуёш булутлар ортидаги олис осмондан эмас, қумлар орасидан чиқиб келгандек атрофга олов пуркар эди. Кўм-кўк дарахт ичида осилиб қовжираб ётган бир япроқдек бўлиб турган уйим устидан ҳам ўтди.. Инсон зоти ҳалқумидан ўтгулик бирор нарса уйда қолмаган, уйнинг девору тошлари, тахтаю устунларигина шумшайиб турар эди. Уйимда аёлим билан ёш фарзандим ўтирар, очлик барчамизнинг силламизни тамоман қуритган эди. Бола ва онасига қараб очлик устига аламу оғриқ юрак-бағримни эзар, улар ҳолига чидай олмасдим.
Ўзимга ўзим: тошу тахталарни ейиш имкони йўқ экан, сотиб пулини ейлик, дедим-да ҳовлини сотиб, бошқа чоғроқ ерга ўтиш ҳақида ўйладим. Лекин отамдан қолган уйдан чиқиш гўё мен учун ўлим, теримни шилиб, танадан терини ажратишдек иш эди. Ўша кечаси очлигу алам зўридан худди чўғ устига ағанагандай, аъзои бадани моматалоқ бўлиб кетган одамдай ухлаёлмай, у ёқдан бу ёққа ағдарилиб чиқдим.
Ғира-ширада бомдодга чиқдим. Масжид ерда, лекин ўша вақт мен учун гўё осмоннинг бир бўлагидек кўринар эди.. Шунда ўзимни ердан бир зумга бўлса-да узилгандек ҳис этдим. Намоз тугагач, одамлар Оллоҳ таолога дуою илтижо қила бошлашди. Улар орасида ўтирар эканман, тилимдан шу сўзлар чиқаётганини сездим: “Эй Оллоҳ! Дину диёнатда қашшоқ бўлиб қолишдан Ўзингдан паноҳ тилайман… Тоатингга йўғрилган, ўзимни ислоҳ этувчи атойингни дариғ тутмагин… Қазойингга розилик баракасини бер, тоату ризолик узра барқарор қил..Эй энг раҳмли Зот…”.
Кейин бу аянчли аҳволим ҳақида ўйлаб масжидда узоқ ўтириб қолибман… Бир вақт қарасам, чошгоҳ вақти бўлиб, қуёш ҳам оқариб, дунёни ёритиб юборган экан. Ҳовлини сотишим кераклигини хотирлаб ташқари чиқдим, қаерга боришимни, кимга айтишни билмас эдим.
Узоқ юрмай балиқчи Абу Наср Сайёдга рўпара келдим. Уни танир эдим.
– Абу Наср, дедим. – Уйни сотмоқчи эдим, аҳволим танг, йўқчилик… Ҳовли сотилгунча бугунга бирор қарз бериб турсангиз..
– Уҳ, тақсир, деди у. – Мана шу тугунчани олиб туринг, мен ортингиздан уйингизга ўтаман унда.
Тугунчада икки кулча бўлиб, орасига ҳолва солинган эди. Тугунчага ҳайрон қараб турганимни кўриб:
– Ҳаа, бу шайхнинг баракаси, деди у.
– Қайси шайх, қандай барака?- дедим.
– Кеча шу масжид эшигига бақамти турар эдим, одамлар жума намозини ўқиб тарқаган. Шайх Бишр Ҳофий ўтиб қолдилар. “Бу вақтда нима қилиб турибсиз?” дедилар. Мен “Уйда на нон, на пул бор, сотадиган нарсам ҳам йўқ” дедим. “Аллоҳул мустаон.. Тўрингизни олиб дарёга юрингчи..” дедилар. Бирга кетдик. Дарёга етганимизда “Таҳорат олиб, икки ракаат намоз ўқинг” дедилар. Ўқидим. “Бисмиллоҳ деб тўрни отинг” дедилар. Айтганларидек тўрни отдим. Тўрга бир оғир нарса илинди. Шошиб торта бошладим, кучим етмай, шайхни ёрдамга чақирдим, биргалашиб тортиб олдик. Не кўз билан кўрайки, тўр ичида семизлигу катталикда илгари менга учрамаган бир балиқ ётарди. “Энди бориб сотинг, пулига ўзингиз, оилангиз аҳволини яхшиланг” дедилар. Балиқни сотиб, пулига уйга анча нарса харид қилдим, яна пул ошиб қолди. Уйга келиб оила ичида овқатланиб шайхни эсладим. “У кишига бир ҳадя олиб борай” дедим. Шу қўлингиздаги тугунчани олиб, ичига икки кулча солиб, орасига ҳолва қўйиб, бориб эшикларини тақиллатдим. “Ким?” дедилар. “Абу Наср” дедим. “Қўлингиздагини даҳлизга қўйиб ўзингиз киринг” дедилар. Кириб, у кишига балиқни сотганимни, пулига анча нарса олганимни, яна пул ортиб қолганини айтдим. “Уйга келиб, овқат қилиб ҳаммамиз овқатландик, шунда сизга ҳам илиниб, ҳадя олиб келган жойим эди” дедим. “Эй Абу Наср! Агар ўзимиз (нафсимиз)га едирганимизда балиқ чиқмаган бўларди.. Боринг, ўзингиз ва оилангиз билан енг” дедилар, деб ҳикоясини тугатди Абу Наср.
Мен шундай қаттиқ оч қолган эдимки, биттагина кулчанинг ўзи мен учун осмондан тушган тўкин дастурхон билан тенг эди, бироқ шайхнинг балиқ ҳақидаги охирги гаплари менга янада маънавий озиқ бўлди, гўё дунёдан эмас, жаннат мевалари ила тўйгандек ҳис этдим ўзимни. Ўзимча ичимда қайтариб, бу ҳавойи нафслар, ҳайвоний шаҳвату иштаҳалар одамларни нечоғли ёриб юборишини тааммул қила бошладим. Аниқ билиб етдимки, биз балони ўзимизга ўзимиз чақирар эканмиз: ўзимизча молу дунёни шарҳу баён қилиб, ўз ҳавойи нафсларимизга мос тафсир қилар эканмиз-да, ўша сўзлардан бир бўлаги нафсимиз тўрига жойлашиб олгач, инсон қаърида ётиб олиб ўзининг маънодошларини, турли маъсияту гуноҳларни ўзига чорлай бошлар экан… Бу чиркин маънолар атрофида эса маъно шайтонлари гўё гўнг атрофидаги пашшалардек айланар, тана соҳиби бўлган биз эса шайтонлар амрига бўйсунишга, улар билан, улар учун хизмат қилишга тайёрланиб бораверар эканмиз… Мусибат кетидан мусибат келиб, ахийри бандасини йиқар экан…

Бул пашшаю ҳашаротлардек бўлган шайтонлар ўша айланадиган ерни, айланадиган қўланса нарсани топмаганида, келиб ҳам, тўпланиб ҳам ўтирмаган бўларди. Бу нарсалар бири кетидан бошқаси кетиб тўпланмай, вақтида ювиб турилганида, дунёнинг чиркин яралган эканини кўрсатиб, уни безаб кўрсатувчи сўзларни, маъноларни вақтида ҳайдаб турганимизда хаёлимизда, тасаввуримизда дунёни ҳозиргидек кўрмаган, балки унга бошқачароқ қараган, бинобарин, амалларимиз-да бошқача яхшироқ ва покизароқ бўлган бўлар эди…
Шайхнинг бисотида “дунёдан лаззат олиш” деган ибора йўқ, келиб бошлаши билан қувар, натижада, унинг маънодошлари ҳам у кишига йўл топа олмас эди, шунинг учун нафслари маҳзи яхшиликка, фақат эзгулик маънодошларига ўрганиб олган эди…
Икки кулчани олиб кетар эканман, ичимда дунёни лаънатлар эдим. Лекин шу билан бирга бу икки кулча мени шайхга боғлаб турар, уларни қўлимда гўё нажот тимсолидек кўрар эдим.
“Баракали бўлсин”. Шу сўзимни овоз чиқариб айтдимда, уй томон йўлимда давом этдим. Ўтиб борар эканман, йўл четида ёнида ёш гўдаги билан бир аёл ўтирар эди. Қўлимдаги тугунчани кўриб, “Эй саййидим, мана бу гўдак етим бола, очликдан ҳоли қуриган, чидай олмаяпти.. Бирор егулик ташлаб кетинг.. Оллоҳ сизга раҳм қилсин” деди. Шунда бола ҳам менга шундай нигоҳ ташладики, бу қарашни унутолмасам керак. Унда дунёни ташлаб, ибодатга машғул бўлган минг зоҳиднинг хушуъини, синиқлигини кўрдим.. Йўқ, минг зоҳид ҳам одамларга раҳм қилишларини сўраб қараб турган оч етимнинг биттагина қарашини ифодалаб беролмас эди ғолибо.. Қаттиқ ночорлик гўдак юзини шу даражада муқаддас этган эдики, ундан болаларча маъсумлик, одамларга умуман ёмонлик соғинмаслик ёғилиб турар, ҳатто “Раббим! Ана шу меҳрибон банданг менга ёрдам беради” деб гапириб тургандек эди! Одамлар бу ҳолдан бехабар, у ёқдан бу ёққа ўтиб туришар, Жаннат ўзини шу маъсум нигоҳи ила кўз-кўз қилиб турса-да, кишилар бепарво ўтаётган эдилар.
Кечадан бери туз тотмай ўтирган аёлим ва ўғлим кўзим олдидан ўтди. Лекин қалбимда уларнинг бири аёлим, бири ўғлим эканини унутгандек қўлимдагини аёлга бердим ва “Манг, ўғлингизга едиринг” дедим. “Валлоҳи, бир тийин пулим йўқ, уйимда болаларим оч ўтиришибди, бўлмаса сизларнинг аҳволингизни яхшилаган, бир уй олиб бериб жойлаб ҳам қўйган бўлар эдим” деб қўшиб қўйдим. Бола таомни кўриб юзи ёниб хурсанд бўлди, аёлнинг кўзи ёшга тўлди.. Лекин мен ҳозир бундай ҳолга қарайдиган вақтда эмас эдим.. Яна аёлим ва ўғлимни ўйладим, менку бир-икки кун оч юрарман, мана ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умарлар неча кунлаб оч юришар эди. Лекин аёлим ва боламни нима қилсам экан…
Бошимни хам қилганча, юрагим сиқилиб юриб кетдим.. Ўша онда шайхнинг “Нафсимизга едирганимизда балиқ чиқмаган бўларди” деган сўзлари хаёлдан кўтарилган экан, тағин эслаб, яна ўзимни овута бошладим. Ўзимга ўзим “Уйингга келиб уларни тўйдирганингда бу фазилатдан қуруқ қолар эдинг, бундай фазилатни олиш учун шундай амал ҳам керак-да, буни эса сенинг ҳолингдаги одам қилиши керак, шундагина фазилат фазилат бўлади”..

Кун тиккага келай деб қолган эди. Ҳолдан тойиб, бир четга ўтиб ўтирдим, ўша ердаги деворга суяндим, уйни қандай сотишни, кимга сотишни ўйлай бошладим. Шу ҳолда ўтирар эканман, Абу Наср ўзида йўқ хурсанд ҳолда ўтиб қолди.

– Ие, Абу Муҳаммад, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз, уйингиз молу бойликка тўлдику, деди у ёниб.
– Субҳаналлоҳ! Қаердан балиқ чиқақолди? – дедим.
– Қўлимга у-бу олиб уйингиз томон кетарканман, деди у. – Сизнинг отангизни ёки унинг яқинларидан бирини излаб юрган одамни кўриб қолдим. У ўзи билан анча юк олиб келибди. Мен унга “мана мен бошлаб бораман” деб, уни олиб йўлга тушдим ва йўлда унинг кимлигию отангиз билан алоқасини сўрадим. У бир тижоратчи экан, бундан ўттиз йил илгари отангиз уникига мол омонатга қўйган экан. У ўша вақтларда тижорати синиб, моли касодга учраб, Басрани ташлаб Хуросон кетибди. Ўша ерда неча йил ишлагач, иши юриб, анча пул ишлаб, бой бўлиб кетибди. Охири Басрага қайтиб, бўйнидаги қарзу омонатларни узиб юрган экан. Отангизнинг омонатию бошқа совға саломлар билан кепти.
Уйга шошиб бордим. Қарасам, уй тўла мол. “Ҳақ гапни айтганлар, ўзимизга едирганимизда балиқ чиқмаган бўларди” деб юбордим. Бу одам Абу Насрга шу кун, шу соатда учраб қолмаганида мени умуман тополмаган, қайтиб кетган бўларди, чунки отам тириклик вақтида ҳамма ҳам танимайдиган бир одмигина одам эдилар, ўлганидан йигирма йил ўтиб эса уни ким ҳам танир эди..
Ўша кунданоқ қасам ичдим: Оллоҳ таолога бу неъматлар шукронасига доим садақаю эҳсон билан яқинлик қиламан. Биринчи қиладиган ишим ўша муҳтож аёл ва унинг етим ўғлини топиб, уларни кийинтириб, едириб, бир жойга жойлаб, ойлик тайинлаб қўйиш бўлди.
Кейин молни айлантириб, орада эҳсону садақалар билан тижорат қила бошладим, молларим кўпайгандан кўпайиб, катта бойга айландим.
Ҳар куни кўплаб эҳсону ҳадялар, садақалар қиладиган бўлдим.
Бу келган молу дунёдан бироз ғурурланиб, қилаётган садақаю эҳсонларим билан фаришталар китобини тўлдираётганимдан анча хурсанд эдим. Оллоҳ таолонинг солиҳ бандаларидан бўлишимни умид қилдим…

Кунлардан бир кун ғаройиб бир туш кўрдим. Тушимда Қиёмат қўпган экан. Халқларнинг сони, одамларнинг адоғи йўқ. Биров бировга қарамайди, биров бировни танимайди. Ҳамма ўзи билан машғул, дунёда қилиб ўтган амалларини чўтлаб капалаги учган.
Бир ҳайқириқ келиб, жар солган овоз эшитилди: –
– Эй одамлар жамоаси! Бугун баҳойимлар одам бўлиб яратилмаганига шукр қилмоқда!
Қарасам, одамларнинг келбати баҳайбат бўлиб кетган, гуноҳлар кўзга кўринарли залворли жисм шаклига келтирилиб, одамлар уларни елкаларига орқалаб олибди. Баъзи бир фосиқлар елкаларида бутун бошли шаҳарчалик шармандаликларни орқалаб кетмоқдалар.
Амаллар тарозига қўйилиб, амалларимни ўлчаш учун мени келтирдилар. Гуноҳларим бир паллага, яхши, эзгуликларим яна бир паллага қўйила бошланди. Эзгуликларим ёзилган беҳисоб дафтарлар гуноҳларим олдида ҳеч нарса бўлмай, гуноҳ томон гўё улкан қоғозга ўраб қўйилган тоғдек бўлиб шувв этиб босиб кетди.
Яхшилик томонга эзгулик кетидан эзгулик қўйилар, лекин улар ҳеч тарози босмасди, “буниси риё билан қилинган”, “буниси ғурур билан”, “одамлар мақтасин деб”, ва .. ва.. ҳ.к. Бирор яхшилигим покиза, нафс истаги аралашмасдан чиқмасди.
Тамом бўлдим. Зотан, тарози нима деса, шу эди, тарози эса, менинг ҳеч ким эканимдан дарак бериб турар эди.
Шу пайт бир овоз келди: Бирор нарсаси қолмадими?
“Манави қолди” дейилди.
Қарасам, аёл ва ўғлига қилинган ўша икки кулча экан… Кўнглим чўкди, тамом бўлдим, деб ўйладим. Минглаб қилинган садақалар ҳеч нарса бўлмадию, бу нима бўпти…
Тарозига қўйилаётганда “Савобининг ярмини Абу Наср Сайёдга ёзинглар” деган овозни эшитдим. Тамоман бўшашиб, шалвираб қолдим. Лекин қарасам, яхшиликлар томон анчагина тарози босиб қопти, бироқ барибир ёмонлик томон оғирроқ эди ҳалиям.
“Мана бу қопти” дейилди. Қарасам, аёлим ва боламнинг ўша кунги очлиги экан, бу қўйилиши билан тарози палласи қимирлаб, паллалари бир-бирига тенг бўлиб келди. Энди ҳалокат ва нажот орасида эдим, тарози боса бошлаганини кўриб, ичимда умид чироғи ёриша бошлади.
“Бўлдими?” деган овоз келди. “Мана бу қолди”..
Қарасам, ўша бечора аёлнинг ўша кунги хурсандлик йиғиси экан, кўз-ёшлари экан. Тарозига қўйилиши билан шундай қалқдики, гўё денгиз мавжи деб ўйладим. Мавж катталаша бориб, ичидан бир улкан балиқ чиқиб кела бошлади. У балиқ катталашаверди, каттараверди, охири я

хшилик томон тарози палласи оғир бўлиб пастга оғиб кетди..
“Қутулди!” деган овоз янгради…
Ўша вақтда жон ҳолатда бақириб юбордим..

Уйғониб кетдим, қарасам, ўнгимда ҳам кўз-ёшим дув оққанича “Нафсимизга едирганимизда балиқ чиқмас эди!” деб бақираётган эканман!

149570cookie-checkНафсимизга едирганимизда балиқ чиқмас эди!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: