Маҳкама сенинг ҳужжатингга ишониши, қози сенинг фойдангга ҳукм қилиши мумкин. Сен гапга чечан, хусуматчинг эса оддий, бечора бўлиши мумкин. Аммо ишнинг охири бу эмас…
Ҳокимлардан бири оқил кишилардан бирининг ерини тортиб олди. Оқил киши халифа Абу Жаъфар Мансурнинг ҳузурига келиб шикоят қилди:
– Эй мўъминлар амири! Олдин ҳожатимни айтайми ёки зарбулмасал айтиб берайми?
Халифа деди:
– Зарбулмасал айт!
Оқил инсон деди:
– Агар ёш бола бирор хавфни сезса онасининг паноҳига интилади. Уни энг катта куч деб хаёл қилади. Каттароқ бўлса отасининг паноҳига интилади. Уни энг кучли деб ўйлайди. Янада улғайса волийдан нажот истайди. Уни кучли деб ўйлайди. Агар волий инсоф қилмаса халифага боради. Чунки халифани волийдан кучли деб билади. Ҳозир менинг наздимда фақат Аллоҳгина сиздан кучли. Менинг еримни ундан олиб берсангиз. Агар ёрдам бермасангиз Аллоҳга шикоят қиламан!
Халифа деди:
– Албатта ёрдам қиламан!
Халифа волийга иккита мактуб битди. Биринчисида ерни эгасига қайтариб беришини амр қилди. Иккинчисида волийликдан бўшатилганини айтди.
Айтишадики, қонун бечораларни ҳимоя қилмайди!
Бу гап ердаги қонунларга тегишли. Осмонда иш ўзгача. Мазлумнинг дуоси билан Аллоҳ ўртасида парда йўқ. Керак бўлса, Аллоҳ мазлум кофир бўлсада унинг дуосини золим мўъминга қарши ижобат қилаверади. Кофирни яхши кўргани, мусулмонни ёмон кўргани учун эмас, адолатни севгани, зулмни ёмон кўргани учун кофирнинг дуосини қабул қилаверади.
Ердаги судьяни пора билан қўлга олишинг мумкин. Гувоҳларни сотиб олишинг мумкин. Шартномани ўзгартиришинг мумкин. Аммо ишнинг охири бу эмас. Ниҳояни “Саҳиҳи Муслим”дан ўқиймиз:
“Ким мусулмон кишининг ҳаққини қасам билан эгаллаб олса ўзига дўзахни вожиб қилиб жаннатни ҳаром қилибди”. Шунда бир киши сўради:
“Арзимас нарса бўлса ҳамми, эй Аллоҳнинг расули?”.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Гарчи дарахтнинг новдаси бўлса ҳам!”.
Маҳкама сенинг ҳужжатингга ишониши, қози сенинг фойдангга ҳукм қилиши мумкин. Сен гапга чечан, хусуматчинг эса оддий, бечора бўлиши мумкин. Аммо ишнинг охири бу эмас. Ишнинг охирини “Саҳиҳи Бухорий”да ўқиймиз:
“Мен бир инсонман. Менинг ҳузуримга хусуматлашиб келасизлар. Мен эшитганимга кўра ҳукм чиқараман. Мен кимга биродарини ҳаққини олиб берсам уни олмасин. У дўзахдан бир бўлакдир!”.
Йўлакларида ҳаёт йўқолиб кетадиган маҳкама бўлиши шарт эмас. Бунда ҳаёт йўлакларида зое бўладиган ҳақлар бор. Буни қозилар Қозиси билиб туради. Қозиси Аллоҳ бўлган киши билан хусумат қилишдан сақлан! Буйруқлари бажариладиган раҳбар бўлишинг сени алдаб қўймасин. Зулм қилган кунинг эҳтимол сен мазза қилиб ухларсан. Аммо мазлум ухлай олмайди. У таҳорат қилиб икки ракаат намоз ўқийди. Сўнг дуо қилади:
“Эй Роббим! Мен мағлубман. Сен менга ёрдам бер!”.
Шунда ердаги муаммо папкаси осмонга кўчади. Аллоҳ таоло у бандага айтади:
“Иззатим ва жалолимга қасамки, бир оз ўтиб бўлсада албатта сенга ёрдам бераман!”.
Абдулқодир Полвонов