14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” сифатида нишонланади. Дарҳақиқат, Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, унинг равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш – ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Тошкентдаги Халқлар дўстлиги майдонида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Тошкент ислом институтининг юқори курс талабалари кўргазмада иштирок этиб, майдон бўйлаб жойлаштирилган турли ҳарбий машиналар, бронетранспортёрлар, техникавий қуроллар ва ҳарбий автожирлар билан танишди.
Кўргазма Ўзбекистон Қуролли Кучлари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган.
***
Тошкентдаги Мирзо Улуғбек туманида — Мудофаа вазирлиги биноси ёнида Қуролли Кучлар давлат музейи жойлашган. Анъанага кўра, Тошкент ислом институти биринчи курс талабалари 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан музейга ташриф буюрдилар.
Талабалар музейга келиб, буюм-ашёлар, ҳужжатлар, жанговар мукофотлар ва қурол-яроғлар каби экспозицияларни кўриш орқали ҳарбий-ватанпарварлик, она юртга муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлайдилар.
Қуролли Кучлар давлат музейи 1965 йилда Марказий офицерлар уйи қошида Туркистон ҳарбий округи жанговарлик шуҳрати музейи сифатида ташкил этилган. Умумий майдони 3 минг квадрат метрдан ортиқ бўлиб, музей ҳудудидан 10 мингдан зиёд экспонатлар ўрин олган.
Бино 3 қаватдан иборат бўлиб, экспозициялар уч ҳарбий тарихий даврга бўлиб ёритилган.
Биринчи давр — «Темурийлар давридаги ҳарбий санъат (14−15 асрлар)» га бағишланган. Амир Темурнинг ҳарбий саркарда сифатидаги кўп қиррали фаолияти ёритиб берилган. Зал экспозициялари асосини «Амир Темурнинг Тўхтамишхонга қарши учинчи ҳарбий юриши» батал диорамаси ташкил этади. Шу билан бир қаторда «Амир Темур от устида» портрети, қурол-яроғ намуналари, байроқлар, «Амир Темур давлати харитаси», ноғоралар ва ҳ.к. ўрин олган.
Иккинчи давр — фашизмга қарши кураш (1941−1945 йиллар) йилларида ўзбек халқининг қаҳрамонлигига багишланган. Ҳар бир кўргазмада у ёки бу жангда қатнашган ўзбекистонлик аскарларнинг шахсий анжомлари, жанговар мукофотлари, ҳужжатлари ва бошқа тарихий буюмлар қўйилган. Зал экспозициялари хронологик характерга эга бўлиб, Брест қалъаси учун бўлган жанглардан тортиб то Берлингача бўлган жангларни ўзида ёритган ҳамда тўлиқ маълумот берилган.
Учинчи давр — «Мустақил Ўзбекистон ҳимоясида» деб номланади. Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топиши тарихи, унинг қонуний асослари, қўшинлар таркиби, ҳарбий ҳудудий бўлинмалар — ҳарбий округлар, улардаги қисм ва қўшилмаларнинг жанговар тайёргарлиги, олий ҳарбий билим юртларида ҳарбий кадрларни тайёрлаш, шу билан бир қаторда миллий армиянинг халқаро ҳарбий ҳамкорлиги, тарбиявий, маданий-маърифий, спорт ҳамда ҳарбий оммавий ахборот воситалари фаолияти кенг ёритилган.
***
Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир имонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчидир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тинчликни сақлаш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни бор.
Сана муносабати билан ТИИ Тиллар кафедраси ўқитувчиси С.Арипрв иккинчи курс талабалари билан “Миллий армиямиз мустақиллигимиз, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолатидир” мавзусида давра суҳбати ўтказди.
Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши юксак мақомга етиши улкан ажрлар соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд бўлиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кундуз ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи (нафл) рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади” (Имом Насаий ривоятлари).
Шу каби юксак вазифаларнинг моҳиятини талабаларга тушунтириш мақсадида Талаба қизлар куратори З.Суярова “Ватан ҳимоячилари оналар ардоғида” мавзусида давра суҳбати ўтказди. Суҳбатда Миллий гвардия харбий хизматчиси, лейтенант Абдурахимова Одинаой Агзамжановна, Олимпия маҳалласи хотин-қизлар ва ижтимоий маънавий масалалар бўйича раис ўринбосари Набиева Мохира Рихсиевна таклиф қилинди.
Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан омонда сақласин! Омин!
Маънавият, маърифат ва ёшлар билан
ишлаш бўлими бошлиғи А.Олимов