Мақбул оҳод хабар қариналар билан қувватланганлиги борасида ҳанафийларнинг тутган йўли
Шунингдек, қуйида айтмоқчи бўлганларимиз Ибн Салоҳнинг иккинчи далилидан, яъни “Саҳиҳайннинг ҳадислари қариналар билан бирга бўлгани учун қатъийликни ифода этади”, деган гапига жавобдир.
Мана шу масалада уламолар ихтилоф қилганлар Биз ҳанафийлар наздидаги мухтор гап “Саҳиҳай”ннинг ҳадислари қариналар билан бирга бўлганда қатъийликни ифода этмаслигидир. Шунинг учун ҳар бир оҳод хабар зонни ифода этади. Бироқ зоннинг табақалари ҳам ҳар хил, қайсидири қувватли, қайсидири қувватсиз бўлади .
Ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ “Ат-Таҳрир” деган китоби ва унинг шарҳида айтади: Имоми Ҳарамайн, Ғаззолий, Омидий, Розий, Ибн Ҳожиб, бир ривоятда имом Аҳмад ва бошқаларнинг наздидаги мухтор гап оҳод хабар қариналар билан бирга бўлганда илмни ифода этишидир.
Имом Аҳмаддан қилинган бир ривоятда эса: “(оҳод хабар) қариналардан холи бўлган ҳолатда ҳам илмни ифода этаверади. Бу гап ҳар қандай адолатли ровийнинг хабарида эътиборга олинади” . Фақиҳлар ва муҳаддислардан аксари оҳод хабар мутлақ, яъни қариналар билан бирга бўлса ҳам, бўлмаса ҳам илмни ифода этмайди. Шу каби гаплар Ибн Ҳожибнинг “Мухтасар”и ва унинг шарҳида ҳамда “Нузҳатун назар”нинг шарҳларида келади. Агар аксар муҳаддислар ва фақиҳлар оҳод хабар мутлақ илмни ифода этмайди, дейишган бўлса, қандай қилиб муҳаддислар ижмо қилган, деган даъво тўғри бўлиши мумкин. Йўқ, бу ерда муҳаддислар ва салафлар ижмо қилган, деган даъво нотўғри .
Ибн Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: Биз ҳанафийлар наздида мухтор гап (муҳаддислар наздидаги) мухтор гапнинг хилофидир. Шунинг учун ҳар бир оҳод хабар зонни ифода этади. Бироқ зоннинг табақалари ҳам ҳар хил, қайсидири қувватли, қайсидири қувватсиз бўлади, деймиз.
Шу гапдан маълум бўладики, қариналар билан бирга бўлган хабар илмни ифода этмайди. Ҳудди шу каби гапни Ибн Ҳумом, Қози Даббусий, Имом Абдулазиз Бухорийлар ҳам айтганлар. Демак, ҳанафий улуғларимиз наздида мухтор гап мана шудир.
“Саҳиҳайн” ҳадислари мухтор гапга кўра қатъийликни ифода этиши борасида қариналар билан қувватланиши маъноси. Шайхимиз Баҳрулулум Неъматуллоҳ Аъзамий ҳафизаҳуллоҳ айтади: Бунинг маъноси шуки, ўзаро зид бўлган иккита ҳадисдан бири “Саҳиҳайн”да ёки биттасида келиб, иккинчиси эса бошқа китобларда ривоят қилинган бўлса, “Саҳиҳайн”да келганлигига асосланиб, бирини иккинчисига устун қўйиш тўғримас. Лекин бири қариналар билан бирга бўлиб илмни ифода этса, наригиси эса шу илмни ифода этолмаса, биринчисини иккинчисидан афзал қўйиш мумкин. Чунки аслида, саҳиҳлик шартларини жамлашлик борасида иккаласи бир хил. Ҳаттоки иккинчиси биринчисидан устун туриши мумкин. Бу ерда мақсадимиз “Саҳиҳайн”нинг шаънини заррача ҳам туриш эмас. Аллома Усмоний раҳматуллоҳи алайҳнинг гапларини айтмоқчимиз : “Биз бу мавзу бўйича ёзганларимиздан мақсадимиз “Саҳиҳайн” ёки бошқа ҳадис китоблари шаънини пастлатиш эмас, Аллоҳ сақласин. Балки мақсадимиз чуқур кетмаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиб, ўзига лойиқ бўлганчалик ҳурматлашдир.
Аллоҳга шукрки, биз бу икки улуғ китоб ҳақида яхши фикрдамиз. Шайхларимиз шайхи, жамоатимиз пешвоси имом Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ “Ҳужжатуллоҳил болиға”да айтган гапларини айтамиз: Икки саҳиҳ китобига келсак, муҳаддислар иттифоқ қилганки, бу иккаласидаги марфуъ муттасил бўлган ҳамма ҳадислар аниқ (яъни, биз юқорида айтиб ўтган тафсилоти ила) саҳиҳ, мусаннифларигача бўлган санадда мутавотир, уларнинг шаънини пастлатадиган ҳар қандай шахс бидъатчи ва мўъминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрувчидир” .
Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов