Доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг «Тафсирул мунир» асарининг ўзига хос хусусиятлари
Доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг ўзлари «Тафсирул мунир»[1]нинг муқаддимасида китоб ҳақида тўхталиб, жумладан, қуйидаги мулоҳазаларини айтиб ўтади:
«Қуръони Карим ҳамиша аҳли илмлар мурожаат қиладиган, у ҳақида кўплаб асарлар ёзилган, бу оламда ҳеч бир китоб у каби алоҳида эҳтимомга эга бўлмаган муқаддас китобдир. Қўлингиздаги ушбу «Тафсирул мунир» китобим тугаб битмас илоҳий манба бўлмиш Қуръони Каримдан сузилиб чиқарилган билим, маърифат ва маданиятлар орасидан танлаб олдим. Бу китобда баён қилинган масалалар замонамиз эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда содда ҳамда тушунарли тил ва равон услубда ёзилишига эътибор берилди.
Бу асарни ёзишда китобхонни толдириб қўядиган даражада узун бўлмаслигига ҳаракат қилдим. Бироқ, баён қилиб бериш жиҳатидан ҳозирги авлод араб тилидан анча узоқлашганлигини ҳам инобатга олиб, қисқа ва тушунарсиз ёзишдан ҳам четландим.
Қийин масалаларни осонлаштириш, бегонадек кўринган масалаларни танитиш, мусулмонларга тафсирдаги исроилиётлардан қочган ҳолда бугунги ҳаётга, шахсий қаноатларга, аслий асосларга ва тўғри илмий тадқиқотларга таянган ҳолда жавоб беришни ҳамиша кўз ўнгимда тутдим.
Қуръони карим – яхшилик ва тўғрилик истиқоматида, билимсизлик ва жоҳиллик билан курашда ақлни ишлатиш, тафаккур қилиш, охиригача зеҳнни ишлатиш, барча қобилиятларни шу соҳага йўналтириш орқали ўз даъватини амалга оширмоқда.
Бундан ташқари ҳар бир масалани фиқҳий жиҳатларини ва ҳикматларини баён қилиб бериш билан кифояланиб қолмай, оятларнинг тушунарли ва тушуний қийин бўлган жойларини кенг қамровда – иймон, ахлоқ, кундалик ҳаёт учун илоҳий қонун даражасида тафсир қилишга ҳаракат қилдим.
Шу орқали Роббимизнинг қуйидаги ояти каримада келтирган тўғрилик ва ҳақиқатга чақириғини ўрнига қўйишга ҳаракат қилдим.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Эй, иймон келтирганлар, сизга ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида, Аллоҳ ва Расулига жавоб беринг ва билингки, албатта, Аллоҳ киши билан унинг қалбини ажратиб қўяди ва албатта, Унинг ҳузурида тўпланурсиз».[2]
Бу ояти каримага кўра, Роббимиз ва Унинг Расули ушбу борлиқ оламидаги бутун инсонларни бутунлай шарафли, насабли, ҳур ва мустақил ҳаётга даъват қилмоқда.
Инсонларни билимсизликнинг ваҳм ва хурафотларидан қутқарган, уни Аллоҳ таолодан бошқасига қул бўлишдан, ўз ҳаво-ю нафсига бўйин эгишдан, материализм балосига гирифтор бўлишдан, қалблар ва ақлларни тирилтирувчи ягона ақидага чорловчи фақат – исломдир. Қуръони каримнинг ушбу чақириғи бутун инсонияни қамраб олувчи раҳматдир.
Адҳамжон ЮСУПОВ
Тошкент ислом институти,
Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси
[1] Шайх Ваҳба Зуҳайлий. “Тафсийр-ул-мунир фил ақидати ваш-шариъати вал-манҳаж”. – Байрут. “Дорул фикр” нашриёт-матбааси, 2003 й. –Б. 12.
[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири Ҳилол”. – Тошкент. “Шарқ” нашриёт-матбааси, 2009 й. Анфол сураси, 24-оят.