Имом Ғаззолий аҳли сунна вал-жамоа ақийдавий мазҳабининг тарихи ҳақида сўз юритиб қуйидагиларни ёзади: “Калом бир илм бўлиб, унинг мақсади аҳли суннанинг ақийдасини аҳли бидъатнинг ташвишидан муҳофаза қилиш ва қўриқлашдир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига Ўз пайғамбари тилида ҳақ ақийдани илқо қилди. Унда уларнинг дини ва дунёсининг салоҳи бордир. Шунингдек, унинг ҳақида Қуръон ва хабарлар нутқ қилди. Сўнгра шайтонлар ўз васвасаси ила бидъатчиларга суннатга хилоф ишларни илқо қилди. Улар ўша ишларни гапирдилар ва аҳли ҳақнинг ақийдасини бузмоқчи бўлдилар.
Бас, Аллоҳ бир тоифа мутакаллимларни пайдо қилди ва уларнинг ҳимматини тартибга солинган калом ила суннатнинг нусрати йўлида ҳаракатга солди. Шу орқали аҳли бидъатнинг суннатга хилоф равишда чиқарган алдамчиликлари фош қилинади. Ана шундан илми калом пайдо бўлди”.
Аҳли сунна вал-жамоа деганда суннатга юрганларнинг йўли ва ҳадисга амал қиладиганлар деган маъноларни кўзда тутилади. Бу борада имом Ашъарий ва Мотуридийлар аҳли Сунна ва жамоанинг ақийда бўйича имомлари деб тан олинганлар.
Бу икки имом Ислом оламининг икки тарафида – Ашъарий басралик, Мотуридий самарқандлик бўлса ҳам ва бир – бирлари билан кўришмаган бўлсалар ҳам бир хил ишни бир хил вақтда, бир хил тарзда адо этганлари ҳамда икковларини бирданига аҳли сунна вал-жамоа мазҳабининг имоми деб эътироф қилиниши бу мазҳабнинг ақийдаси доимо барча юртларда маълум ва машҳур эканига ёрқин далилдир.
Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг калом мактабини Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг калом йўналиши асосида ишлаб чиққанлар. У кишининг ўндан ортиқ асарлари соф исломий таълимотга даъват қилганлиги билан жуда аҳамиятлидир, хусусан, улардан иккитаси муҳим. Улардан биринчиси Қуръон тафсирига оид бўлиб, “Таъвилот ал-Қуръон” деб аталади. Яна у “Таъвилоту аҳли ас-сунна” (“Суннат аҳлининг изоҳлари”) номи билан 12 (ўн икки) жилдлик қилиб нашр қилинган. Унинг аҳли суннат ва жамоат ақоидининг асосини ташкил қилувчи асари “Китоб ат-тавҳид” (“Аллоҳнинг ягоналигини исботлаш китоби”) деб номланган. Мазкур “Китоб ат-тавҳид” асари йирик ҳажмли, ўзида аҳли суннат ва жамоат ақоидининг мураккаб масалаларини муфассал равишда қамраб олгани боис, уни қисқартирилиб, “Рисолат ат-Тавҳид” (“Тавҳид рисоласи”) асари яратилган.
“Китоб ат-тавҳид” калом илмига оид асарларининг энг аҳамиятга молики ҳисобланади. Асар айни долзарб ва тўғри йўлда эканлиги боис ҳозирги кунга қадар барҳаёт ва амалда бўлиб келмоқда. Биз имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг чин ворислари сифатида бу асарнинг мазмун-моҳияти, унда кўтарилган ғоя ва асослар билан танишиш ва ўз навбатида сиз ўқувчиларни ҳам ундан бақадари ҳол хабардор этишни мақсад қилдик.
Китобда ёритилган ақидавий масалалар ҳақида гапиришдан олдин унинг кириш қисмидаги ҳамду сано ҳақида тўхталиб ўтишни лозим топдик. Катта ҳажмли асарнинг ҳамд қисмида бир олам маъно мужассам бўлган десак муболаға бўлмайди. Чунки имом Мотуридий ушбу асарнинг таълифига киришар экан, нақадар адашиб кетишдан чўчиганлари, ўзларини ўта камтарлик ила ҳокисор тутиб, Аллоҳ таолодан мадад сўраганининг гувоҳи бўламиз. Шу даржадаги илм ва тақво соҳибини адашганликда айблаган муткаббир Абдулло Зуфар кабилар у зотнинг энг бўлмаганда мана шу камтарлик хусусиятларидан озгина бўлса ҳам хулқланганларида эди бу даражада гумроҳликка йўл қўймас эдилар.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Матн: “Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин. У шундай Зотки, Ундан ўзга ҳар бир кишиларга айтилган барча ҳамдлар ҳам аслида Унинг Ўзига қайтади”.
Шарҳ: Ҳамдни ўзида оят ва ҳадис маънолари мужассам. Ҳамд иккита маънони ўз ичига олади. Биттаси мақтов бўлса, иккинчиси шукрдир. Яъни, мақтов – Аллоҳ таолони улуғлик, чиройли сифатлари билан мақташ. Шукр эса, таом ва бошқа неъматлар, умуман ҳар қандай ҳолатда ҳам мўмин бандадан Аллоҳ таолога изҳор этиладиган ташаккурдир. Яъни, банда тарафидан “Алҳамдулиллаҳ” – “Аллоҳга ҳамд, шукрлар бўлсин”, дейиш орқали шукрни баён қилишдир. Аллоҳдан ўзга бошқаларни қанча мақтамайлик бари бир бу мақтовлар Аллоҳ таолога қайтади. Шунда Аллоҳ таолони мадҳ этган, Унга шукр қилган бўламиз. Чунки, ҳадиси шарифда “Ким Аллоҳга шукр қилмаса, одамларга ҳам ташаккур қилмайди” (АбуҲурайра розияллоҳу анҳудан Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган) дейилган. Аллоҳ таолонинг яхшилигини билмаган шахс банданинг яхшилигини билармиди?! Бундай нусхалар доимо ва ҳар кимга нисбатан ношукр бўладилар. Демак, кимки, бирор бандага шукр қилса, уни мақтаса у Аллоҳ таолога шукр қилган бўлади. Бирор бандани яхшилик сифатларини мадҳ этса Аллоҳ таолони мадҳ қилган бўлади. Чунки, бандага шунча илм, салоҳият, истеъдод, қобилият, хислат ва фазилатларни Аллоҳ таоло бергандир.
Матн: “Ҳамма неъматларинг ададича Сенга ҳамд бўлсин!”
Шарҳ: Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассиз. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир” (Наҳл сураси, 18-оят)”, деди. Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ҳам шуни эътироф этган ҳолда дуо қилмоқдаларки, Эй Парвардигор, Ўзинг ҳамдимизга шундай барака ато этгинки, у неъматларингни ўз ичига олсин. Аслида Сенинг неъматларингни санаб адоғига ета олмаймиз, шунингдек, шукрини ҳам биз ожиз бандалар адо эта қила олмаймиз. Фақат, Ўзинг бизни шунга муваффақ айла, дея.
Матн: “Ва неъматларнинг зиёдасига ҳам баробар бўладиган ҳамд бўлсин!”
Шарҳ: У зот ушбу сўзлари билан Аллоҳ таолодан илтижо ва дуо қилиб, Сенга ҳамд айтсам менга неъматларингни зиёда қиласан, ана шу зиёда қилиб берган неъматларингга муносиб ҳамд бўлишини насиб қилгин, демоқдалар.
Матн: “Бу ҳамдимиз бизнинг Унинг розилигига етказсин, Аллоҳ биздан рози бўлсин”
Шарҳ: Бир улуғ зот Аллоҳга шукр қилар экан, ҳар бир неъматларини эслаб, улар учун шукрини изҳор этарди. Охири, эй Парвадигор, неъматларинг шунчалик кўп эканки, менинг шукрим уларга етмас экан, шукрини адо қилолмас эканман, деганида Аллоҳ таолодан, энди шукр қилдинг, мазмунидаги ишора зоҳир бўлган экан. Шукр бу, киши ўзини ожиз ва камтарлигини тавозе билан эътироф этишдир.
Матн: “Рисолат (Аллоҳ таоло юборган диний таълимотлар) у билан хотималанган зот (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловат йўлламоғини, саломлар нозил қилишини Аллоҳдан сўраймиз. Шу каби у зотнинг биродарлари бўлмиш жамики Расуллар, Аллоҳнинг дўстлари бўлмиш авлиё зотларга ҳам саловат саломлар йўллашни Аллоҳдан сўраймиз. Ва Аллоҳ таолодан адашиш, залолатдан паноҳ беришини ҳамда сўз ва амалда бизни икром қиладиганини ато этишини Унинг Ўзига рағбат қиламиз, юзланамиз, дуо қилиб сўраймиз”.
Мана азизалар, асарнинг кириш қисмида битилган ҳамду сано билан қисқача танишдик. Агар эътибор берсак, Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз ва барча расулларга саловат ва саломлар йўллаш билан бирга Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ушбу рисола орқали ўзларини адашиш, залолатга дуч келиш, хатога йўл қўйишидан асрашини ўтиниб сўраётганларига гувоҳ бўламиз. Иншаллоҳ, бу китобнинг ҳали сиз азиз ўқувчилар билан бўлишадиган ўринлари кўп, Аллоҳ насиб қилганича уларни сизга етказишда давом этамиз.
Обиджон Хурсандов – Самарқанд Ақида мактаби устози