Ўзбекистон мусулмонлари идораси низомига мувофиқ Тошкент ислом институтида таълим-тарбия жараёнининг самарадорлиги ва сифатини янада ошириш, педагог-ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва иш ҳақига устамалар қўшиб бериш тартиби мавжуд.
Устама ҳақлар институт Кенгаши қарори асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғига кўра, 5 йилдан кам бўлмаган меҳнат фаолиятига эга бўлган, ўқув-услубий, маънавий-маърифий, илмий-тадқиқот, ташкилий ва жамоат ишларида фаол бўлган, тажрибали, фидойи ва жонкуяр, жамоага ҳар томонлама намуна бўладиган ўқитувчилар ойлик маошининг 50 фоизгача бўлган миқдорда бир ўқув йилига жорий қилинади.
Педагог-ўқитувчиларга устама ҳақ тўлаш учун ажратиладиган маблағлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан молиялаштириш белгиланган.
2021 йил кеча, 25 март куни “Вақф” ҳайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё Абдураҳманов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими ходими Шерзод Чўлпонов Тошкент институтига ташриф буюриб, ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш тўғрисидаги сертификатларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Юқорида айтилганидек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғига кўра, ўқув ва бошқа йўналишларда энг фаол 15 нафар ўқитувчиларга 2020-2021 ўқув йили учун иш ҳақларига устамалар қўшиб берилди. Шу муносабат билан “Вақф” ҳайрия жамоат фонди томонидан жами 234 608 750 сўм маблағ ажратилди. Мазкур пуллар ўқитувчиларга йил давомида устама сифатида берилади.
Тадбирни институт ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди ва талабаларга таълим бераётган ўқитувчи ва мударрисларнинг меҳнатини қадрлаш илмни ривожлантиришнинг энг мақбул йўли эканлиги тўғрисида гапирди. Ва бу борада “Вақф” хайрия фондининг ўрни нечоғлиқ юқорилигини таъкидлади.
Шундан сўнг, “Вақф” ҳайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё Абдураҳманов сўз олиб, фонд томонидан амалга оширилаётган ”Сиз бизга кераксиз”, “Ғамхўр бўлайлик”, “Илмга кўмак” каби акциялар дорасида минглаб юртдошларимиз ҳамда толиби илмларга моддий кўмак берилгани тўғрисида маълумот берди .
Яҳё Абдураҳманов 15 нафар ўқитувчиларга устама ҳақларини бериш тўғрисидаги сертификатларни топширди.
Тадбир сўнгида, ўқитувчилар бу каби хайрли эътибор учун диний идора ва институт раҳбариятига ҳамда “Вақф” фонди жамоасига ўз миннатдорчиликларини билдирди, фондни янада ривожлантириш борасидаги таклифларини бердилар.
ТИИ Матбуот хизмати